Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Алвидо, Ватан! Бухоро воқеалари

6095

(1-қисм2-қисм3-қисм, 4-қисм, 5-қисм)

БУХОРО ВОҚЕАЛАРИ

Домла Бухорийнинг хизматларида тўлиқ бир ҳафта бўлганимдан сўнг, Бухоро тарафга равона бўлдим. Бухородан 7-8 мил узоқликда “Когон” бекати жойлашган эди. Бекатда тушиб, шаҳаргача пиёда жўнадим. Кечаси бир қишлоққа етиб бордим. Хуфтонни ўқиб масжидда ухлашга тайёргарлик кўра бошладим, лекин имом иккимиз ўртамизда баҳсу мунозара бошланиб кетди. Имом: “Масжидда ухлаш макруҳ”, деса, мен: “Мусофирга масжидда ухлаш макруҳ эмас”, дер эдим. Охири имом баҳсдан танг бўлиб: “Фирқа томонидан қонун бор”, деди.

“Фирқа? Қанақа фирқа?” деб сўрадим.

– Эй нодон, қишлоқи! – Имом наъра тортиб қичқирди. – Фирқа нималигини билмайсанми?! Коммунистик партия-да!” деди.

– Коммунист Аллоҳга мункир, унинг масжид низомига нима алоқаси бор?! – дедим.

– Сен кимсан, эй нодон бола?! Ўзбек? Қирғиз? Тожик? Қозоқ ё туркманмисан?

– Ўзбекман.

– Сенга бу ерга киришга ҳам рухсат йўқ, яхшиликча жўнаб қол, – дея имом зўр бериб бақирди.

Эҳҳ!.. Мусулмонлик ҳайф-э! Дилим беҳузур бўлиб

масжиддан чиқдим. Кечани масжид қаршисидаги бир

дарахт остида ўтказиб, бомдод намозига масжидга келдим. Афсуски, масжид қулф эди. Намозни ўқиб, Бухоро томон йўл олдим. Соат саккизларда шаҳарга кириб келдим. Ғиждувон маҳалласида кўркам бир масжид яққол кўзга ташланиб турар эди. Ичкарига кирдим. Кир юваётган бир неча аёлларга кўзим тушди. Ё алҳазар! Масжидда бир неча хонадоннинг кўчи тўпланиб турар-ди. Кейин маълум бўлишича, бу яҳудий коммунистларнинг хонадони экан. Социализм ҳукумати уларга яшаш учун масжидни тақсим қилиб берибди. Ташқарига чиқдим, баногоҳ узоқдан хотин-қизлар овози эшитилиб, аста-аста яқинлашиб кела бошлади. Шояд бирор намойиш бўлса керак, деб ўйладим.

Бир неча дақиқадан сўнг, кўз олдимда тўлиқ манзара намоён бўлди. Минглаб коммунистлар қатор-қатор бўлиб қизил байроқ кўтарган, ҳар бир қаторда эркагу аёллар аралаштириб ташланган ҳолда кўрдим. Қизил аскарлар уларни қўриқлаб келишарди. Улар шаҳарнинг қоқ марказидаги Девонбеги ҳовузи олдига тўпланиш-ди. Аслида, булар “ҳаёсизлик” кунини нишонлашар эди. Бундан бир неча йил муқаддам коммунистлар қи-зил аскарларнинг кўмаги билан мусулмон хотин-қизларнинг юзларидан ор-номус, ҳаё пардалари ҳисобланмиш паранжиларини ташлатиб ўтга оттиришган эди. Қайси бир аёл паранжи ташлашдан бўйин товласа, унинг оила аъзоларини ваҳшиёна азоблай бошлардилар. Бунга тоқат этолмаган аёллар паранжи ташлашга мажбур бўлган эдилар.

Шундан буён ҳар йили 8 март куни байрам қилиб нишонланарди. Митинг охирида Ислом динининг зиддига очиқдан-очиқ разилликлар қилинди: барча жоме масжидларга Лениннинг ҳайкалини ўрнатишга қарор берилди. Бухорода уч кун турдим-у, менга гўёки уч йил тургандек туюлди. Аҳвол ниҳоятда аянчли эди. Бутун Туркистон золим босқинчилар зулму исканжасида қолган эди. Бухоро мусулмонларига қилинган зулм бошқа вилоятлардагидан ортиқроқ эди. Динимизнинг ҳар бир анъаналари зиддига даҳриёна ташвиқотлар ва қарама-қаршиликлар авжига чиққан, уларнинг тили ва сўзи қонун эди. Инсонийлик ҳамда фуқаролик ҳуқуқлари уларнинг оёқлари остида поймол этиларди. Диний ақи-да ёки расм-русумларни севишни ошкор қилиш ўз устига азоб-уқубатни жалб қилишнинг ўзи бўлиб қолди. Бухорода 800 та диний мадраса бўлиб, уларнинг барчаси “Қолаллоҳу, қола Расулуллоҳи” каби янгроқ товушлардан маҳрум этилиб, баъзиларини отхона, баъзиларини омборхона ёки дўкон сингари маиший турмуш жойларига айлантирилди. Ҳаттоки, баъзи масжидлар қабоҳат уяси бўлмиш клуб ёки рақсхоналарга айлантирилди. Аксар масжидларни шунчаки муҳрлаб ташлашди, баъ-зилари эса яҳудий ва бошқа миллат вакилларига яшаш учун берилди.

Ҳар бир шахс иккинчи шахсга шубҳа назари билан боқар, миллат раҳнамолари ва диний пешволар ё ўлдирилган, ёки сургун қилинган эди. Қамоқхоналар диндор кишилар билан тўлиб, авомнинг ҳафсаласи совиб, диний ғайратларидан ажраб қолган эдилар. Фарғона ва Самарқанд томонларидан бир-бир қўзғолонлар бўлаётгани эшитилиб турар, лекин Бухоро гўё Темурнинг уйидан ғайрат ва ҳамият тобути чиқиб кетгандек эди. Дилим қаттиқ ўртаниб қолди. Хаёл уммонига ғарқ бўлдим. Бу азиз ватаним билан қандай “хайр-маъзур” қиламан?!

Келганимнинг иккинчи куни изтиробим баттар ортди. Охири машҳур Моғак масжидига бориб яшириндим. Масжид ертўлали эди. Шояд, Ҳодийи мутлақ Аллоҳ таоло тарафидан бирор раҳнамо топилиб қолар деган умидда, таҳорат олиб икки ракат истихора намозини ўқиб, ётиб ухладим.

Субҳидамда муаззин ҳамда икки нафар киши билан тўртовимиз бомдодни адо қилдик. Айтишларича, кечаси шаҳарда қиёмат қоим бўлибди. Коммунистлар кундузи яна иккинчи бор митинг қилиб, Исломни қаттиқ таҳқирлаганлар, ҳатто Аллоҳ ва унинг Расулини ҳам беҳурмат қилганлар, бунга чидай олмаган бир неча навқирон йигит қонлари қайнаб, уларга ташланган ва уларнинг бошлиқларидан уч-тўрт кишини ўлдирганлар. Шу сабабли у бадбахтлар ва ваҳший қизил аскарлар бутун шаҳарга тарқалишиб, йиртқич ҳайвон каби қатли-омни бошлашган. Одамларни уйларидан судраб чиқиб, ўқ ёғдиришган. Тонгда Бухоро кўчалари мурдалар билан тўлиб кетган эди.

Пешингача Моғак масжидида турдим. Соат ўн бирларга яқин Девонбеги ҳовузининг ёнига бордим. Тўрвамда ямоқчилик асбоблари бор эди. Озгина у ёқ-бу ёққа юриб, яқиндаги бир дарахтга суяниб ўтирдим. Бир неча дақиқадан сўнг ёнимга бир йигит келди, тахминан ёшимиз баробар эди. Келган замониёқ тортинмасдан:

– Бу ерга қачон келдингиз? – деди.

Унинг бу шижоатидан юрагимга қўрқув кирди. Тезда ўзимни қўлга олиб, жавоб бериш ўрнига тескари савол бердим:

– Сиз бу ерда қачондан бери юрибсиз?

– Икки ойдан бери.

– Қаерликсиз?

– Андижоннинг Култепа маҳалласидан.

Сўнгра мендан сўради:

– Сиз қаерликсиз?

– Қайқиликман.

– Бу ерга қандай келиб қолдингиз?

– Тирикчилик учун.

– Нима ҳунарингиз бор?

– Ямоқчилик.

– Яхши… ҳамма нарсани ямайсизми?

– Аслида маҳсидўзман.

– Мен билан бирга юринг, уйда хотиржам суҳбатлашамиз. Маҳсимни ҳам яматмоқчи эдим.

У билан бирга кета бошладим. Унинг хатти-ҳаракатларидан гўёки мени танийдигандек туюларди. Эҳтиёт юзасидан мендан бир неча одим олдинда юрарди. Кўчалар жуда тор бўлиб, икки тарафида паст-баланд иморатлар бор эди. Икковимиз ҳам ғам-ғусса билан Бухоро кўчаларидан кетиб борардик. Тўсатдан бурилиб қарасам, йигит ғойиб бўлиб қолди. Уч кўчанинг бошида, паришон туриб қолдим. Унинг турар жойи маълум эмас эди. Одамлардан сўрай бошладим. Охири Девонбеги масжидига қайтиб боришга қарор қилдим. Шу пайт бир қирқма соқол киши келиб қолди. Ҳолимни англаб: “Эй тоғлик йигит, нимадан паришонсан?” деди.

– Пешин намозини ўқишим керак, қайси масжидда ўқисам экан, деб ўйлаяпман, – дедим.

– Ҳой, нодон! Намоздан сўзлай кўрма, ҳолат хароб, барча масжидлар беркитилган.

Мен бу кишининг чиройли салласи, узун кўйлак-чопони ва қирқма соқолига алданиб, хаёлимга шояд бирор мадрасанинг мударриси ёки бирор масжиднинг имом хатиби деган фикр келди. Ҳамдард ва ғамхўр деб у билан кета бошладим. У киши билан бўлган саргузаштнинг со-циализмга алоқаси бўлмагани учун қисқача сўзлайман: У мени қурбонлик қўйи каби бўғизламоқчи экан. У кишининг хотини ҳамда қизининг қалбига Аллоҳ таоло раҳм солиб, унинг ханжаридан қутулиб қолдим.

Бу тасодифий мусибатдан қутулиб ҳовлидан чиққанимда, шом намозининг вақти бўлаётган эди. Сўраб-сўраб, “Девонбеги”га етдим ва дарахтнинг остига ўтирдим. Қуёш ботгач, йўллар ниҳоятда қўрқинчли тусга кирганди. Кечаси қаерда тунаш масаласи мени ўйлан-тириб қўйди.

Шу орада бирдан умид учқунлари чақнади. Пешинда йўқолиб қолган навжувон йигит ҳовуз бўйида кўриниш берди. Жуда ҳам ғамгин, у ёқ-бу ёққа алангларди. Тўсатдан нигоҳи менга тушиб югуриб келди-да, тўрвамни кўтариб кета бошлади. Мен орқасидан эргашдим. Йўлда гап бошлаб қолди:

– Мен тамоман ноумид бўлгандим, ҳозиргача бу ерларни тахминан ўн марта айланиб чиқдим. Нима бўлди?

– Йўлни унутиб шаҳарнинг бошқа чеккасидан чиқиб қолибман. У ердан ҳозир қайтиб келдим.

– Қаерга бормоқчи эдингиз?

– Моғак Масжидига.

– Афсус! Моғакнинг имомини ҳам уйида шаҳид қилдилар. Ниҳоятда журъатли ва хақгўй олим эди. Кеча митингда коммунистлар Аллоҳ, Расул ва Қиёмат кунининг хилофига хуруж қилиб, эълон этишдики: “Биз Худони Бухородан чиқариб юбордик, энди “руҳоний”лар авомни алдашмайди. Исломнинг ҳамма усул ва ақидалари руҳонийларнинг фирибларидан иборатдир. Улар ушбу ақидаларни ўз аҳмоқликларини тўғри кўрсатиш учун тўқиганлар. Бу фириблардан бири Баҳоуддин Нақшбандийнинг васиятидурки, унда: “Модомики, қабримнинг бирор ғишти бор экан, бу заминга кофир қадам босол-майди”. Биз бу тўқималарнинг ёлғонлигини очиб ташладик ва қабрнинг ғиштларини бузиб ерга тўшадик!” дея жар солишди.

Бу бўҳтонларга чидай олмаган Моғак масжидининг имоми ўрнидан туриб кетган ва ниҳоятда таъсирли ваъз қилиб, коммунистларнинг туҳматлари ноҳақ эканини далиллар билан исботлаб берган. У: “Бу васият коммунистларнинг ўз тарафларидан тўқиб чиқарилгандур. Чунки бирор китобда бу гап йўқдур. Ислом бундай хурофоту тўқималардан покдур!” деди.

Шу орада қизил аскарлар отряди етиб келди ва одамлар тарқалиб кетишди. Улар шу ерлик коммунистларнинг ёрдамида уйларга ёпирилиб кириб, барчага ўқ ёғдира бошлади, натижада минглаб кишилар ҳалок бўлди. Булар орасида масжид имоми ҳам бор эди... – деди.

Йигитнинг ҳикояси тугаганда, манзилга етиб қолгандик. Йигит афғон консулининг таржимони бўлиб, шу идорада яшарди. Бу йигит менга ғайб фариштаси каби туюларди. У менга ижозатнома ҳам тайёрлаб берди. Бу қоғоз менга жуда кўп асқотди. Шу қоғоз ёрдамида Когондан Қаршигача, Қаршидан Шаҳрисабзгача бўлган поезд паттасини осонликча олдим.

У Афғонистон консулини шундай таништирди: “Бу киши ғоятда диндор ва тақволи. Кобулда яшовчи Ҳиндистон озодлик фирқасининг раҳнамоларидан бири ҳисобланмиш “Мавлавий домла”нинг ҳамфикрларидан”. Кейин маълум бўлишича, Мавлавий домла Мавлоно Мансур ансорий эканлар.

Лекин консул билан кўпинча коммунистлар учрашадилар, Бухоро, Қарши, Ғузор ва Шаҳрисабз уламолари ҳам гоҳо учрашиб турадилар. Йигит гапини тугатмаган ҳам эдики, консул кириб келди:

– Кун бўйи қидириб юрган йигитинг шуми?

– Ҳа, жаноб, – деди дўстим.

– Қаёққа кетяпти?

– Кечагина келди, ҳозирча ўйлаб кўргани йўқ.

– Форсий биладими?

– Ҳа, арабий ва форсий ўқиган.

Консул жаноб менга қараб бир неча арабий ва форсий шеър ўқиди ва уларнинг маъносини сўради. Худога шукрки, имтиҳондан яхши ўтдим. Консул менга яқин келиб ўтирди ва “Мулла ва машойихлар динни ўзгартириб ташлашган экан, кеча мусулмонларнинг эътиқод қалъаси очиб ташланди”, деди.

– Қайси эътиқод?

– Коммунистлар шайх Баҳоуддиннинг васиятномасини фош қилди.

– Йўқ, жаноб, бир пухта олим уларнинг бу бўҳтонларини рад қилиб шаҳид бўлди, – дедим. У тезда мавзуни ўзгартирди.

– Энди нима қилмоқчисиз?

– Қарши ва Ғузор йўли билан Шаҳрисабзга бормоқ-чиман.

У таржимонига юзланиб деди:

– Шайх Жалолиддин эшонга менинг номимдан хат ёзиб, бу толибни у кишининг тарбияларига жўнатаётганимни билдир. Эртага шаҳар комиссариатидан ҳам бирор нарса қилдириб берарман.

Сўнгра менга қараб:

– Сиз ўзингизни Бухоронинг бирор қишлоғида яшовчи қилиб кўрсатинг. Фарғоналикман деб умуман айта кўрманг, – деди.

Сабабини сўраганимда, у шундай деб жавоб берди:

– Кеча қизил аскарларга қаршилик қилганлар Самарқанд ҳамда фарғоналик йигитлар экан.

– Жуда яхши, жаноб, у ерларнинг одамлари буларнинг аблаҳликларидан жуда яхши воқифдурлар, – дедим.

Жаноб ўрнидан турди. Туркистон одатига кўра қўлларини қўлимга олиб ўпиб:

– Жаноб! Ленин ва Маркснинг партияси нафақат бизнинг, балки бутун олам мусулмонларининг душманидир. Сиз бизнинг ўтмишимиз ва ҳозирги ҳолатимиздан ибрат олинг! Иншааллоҳ, биз уларни бу ерда туришла-рига йўл қўймаймиз! – дедим тўлқинланиб.

Жаноб мен билан хайрлашиб, юқори хонага чиқиб кетди. Дўстим бир хат ёзиб, имзолатиш учун жанобнинг орқасидан кетди. Бирор соатлардан кейин бошқа бир мактуб қўшиб тушиб келди. Мактубда ўтган куннинг қонли ва фожиали воқеалари батафсил баён қилинган, консул жаноблари эса ҳақиқий гувоҳ сифатида у воқеаларни тасдиқ қилганди. Дўстим ниҳоятда хуш бўлиб:

– Консул жаноблари коммунистлардан нафратлана бошлади, дарҳақиқат ўзи яхши одам. Энди бизнинг ишимизнинг йўли тайин бўлди. – деди.

– Хатда номлари зикр этилган ҳазрат Афғонистон-нинг учдан бир халқининг пири, Ғозий Омонуллохон-нинг ҳомийсидирлар. У зотнинг коммунистлар билан яхшигина алоқаси бор, – деди дўстим.

Дўстим мен билан анчагина бирга юрди, кейин хайрлашдик. Мен Моғак масжидига бордим. Муаззин бор экан, уни биринчи куни ҳам кўрган эдим, лекин суҳбатлашмагандим. Олдига бориб саломлашдим-да, беш рубль бериб ушбу ҳадяни қабул қилишини сўрадим. Муаззин хурсанд бўлиб:

– Сен кимсан? Нима иш қиласан? – деди.

– Шаҳрисабзликман, ямоқчилик қиламан. Анчадан буён Бухорои шарифни зиёрат қилишни орзу қилардим. Кеча келгандим, бадқисматлигимдан коммунистларнинг фитна-фасодига дуч келдим. – дедим.

– Ўҳ-ў… Ўзбекмисан?! Коммунистлар билан бўлган жангда иштирок этдингми?! – дея сўради муаззин ажойиб тарзда.

– Йўқ, биродар. Мен келганимда шаҳар фасоднинг орасида эди, менинг ҳеч қандай алоқам йўқ, – деб тезда ўзимни оқладим.

– Қулоқ сол, биродар! Мен ҳам шаҳрисабзликман. Кеча коммунистлар яҳудий, армани ва қизил аскарлар билан бирлашиб, катта бузғунчиликни ёйдилар. “Руҳоний” ва уламоларни қаерда бўлса-да, ушлаб қатлиом этдилар. Тўрт соатлар ўтгандан кейин, қаердандир бир гуруҳ ўзбеклар қўққисдан шаҳарга кириб келиб, шаҳарни коммунист ва қизил аскарлардан тозалаб, яна ғойиб бўлишди, – деди.

Муаззин ҳамма воқеани сўзлаб берди. Унинг сўзларини эшитиб қизишиб кетдим, улар билан алоқа қилиш керак, деб ўйланиб қолдим. Секингина муаззиндан сўрадим:

– Домла ҳазратлари, ўша ўзбеклар борасида қаердан тўлиқ маълумот олсам бўлади?

– Нима, сен уларни ёқтирасанми?

– Жаноб, сиз коммунистларнинг қонхўрлиги ва мусулмонларнинг бечоралигини сўзлаганингизни эшитиб қайси мусулмоннинг қони қайнамайди? Менинг сўзларим имон тақозоси эканлиги сезилиб турарди.

Сўради:

– Ўзбекмисан?

– Домла, сиз ҳам уларга шерикмисиз? – деб мен тескари савол бердим. Муаззин қўрқиб, жим қолди. Озгина фурсатдан кейин:

– Хуфтоннинг вақти яқинлашиб қолди, шу ерда ўтира тур, мен уйга бориб келаман, – деди.

– Тақсир, мен кечасини ҳам шу ерда ўтказмоқчиман, – деб айтдим.

– Яхши, ихтиёринг, – деди у.

Муаззин катта-катта одим ташлаганча, хайрлашмай чиқиб кетди. Унинг хатти-ҳаракатидан бу киши жосус бўлса керак, деб тахмин қилдим-да, тезда юкларимни кўтариб, масжиддан чиқиб кетдим. Девонбеги ҳовузининг олдига келдим. Тунни шу ерда ўтказдим. Субҳидамда Когон тарафга қараб жўнадим. Юриб-юриб бир катта бинонинг ёнига етганимда тўсатдан, кечаги ёш дўстимни учратиб қолдим. Унинг ишхонаси шу ерда экан. Дўстим:

– Кечаси сизга таом олиб Моғакка борган эдим, қарасам, одамлар тўпланган, ўнга яқин аскар ҳам бор эди, узоқдан кўрибоқ орқамга қайтдим, – деди.

Тахминим тўғри чиқди, бу муаззиннинг иши эди. Озгина суҳбатдан кейин, дўстим беш рубль бериб, мени Когон тарафга кузатиб қўйди.

(давоми бор)

Ушбу рукн «Azon kitoblari» нашриёти билан ҳамкорликда тайёрланди

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Қатағон қурбонлари: Азиз Хўжаев – етти тилни билган олим

1069 09:03 22.05.2022

Москва-Бухоро рейси носозлик туфайли сафарни давом эттира олмади

867 07:34 08.05.2022

Жорий йилда 2 300 км цемент-бетон қопламали ички йўллар барпо этилади

364 14:30 08.04.2022

Бухоро қандай бомбардимон қилинган эди?

3370 19:05 23.03.2022

Яна 8 нафар судья жазоланди

617 11:50 02.03.2022

Бухородаги маҳбуслар Омбудсмандан ёрдам сўради

602 11:53 25.02.2022
« Орқага