Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Алвидо, Ватан! Дорул-Ислом

1744

(1-қисм2-қисм3-қисм4-қисм5-қисм6-қисм7-қисм8-қисм9-қисм10-қисм11-қисм, 12-қисм, 13-қисм 14-қисм, 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм 21-қисм 22-қисм 23-қисм 24-қисм 25-қисм 26-қисм 27-қисм)

ДОРУЛ-ИСЛОМ

Етти кечаю саккиз кунлик дарбадарликдан сўнг Каркига кириб бордик. Шаҳарга икки мил қолганда ҳамроҳларимдан рухсат олиб, ёлғиз кета бошладим. Бир кеча-кундуз тутзорда кун кечирдим. Агарчи ноумид бўлиб қайтсам-да, дилим хотиржам эди. Истиҳора намозини ўқиб янада хотиржам бўлдим. Пешинда саройнинг олдидаги масжидга бориб, таҳорат олиб намоз ўқидим. Суннату нафлларни ўқиб, салом бериб намозни тугатганимда бир кишининг мен томонга кўз узмай тикилиб турганини сезиб, буям бирор жосус бўлса керак, деб ўйладим. Намоздан сўнг дуога қўл очиб, узоқ илтижо қилдим. Бегона киши секин-аста сурилиб менга яқинлашди. Дуодан сўнг энди турмоқчи бўлгандим, қўлимдан тутиб:

– Бу ерга қачон келдинг?

– деб сўради.

– Бу ерга ҳар доим келаман, – дедим мен.

– Сарбонмисан? – Йўқ, деҳқонман.

– Бу ерликка ўхшамайсан.

– Тўғри айтасиз.

– Бу масжид Афғонистон карвонбонлари учун қурилган. Бу карвонсарой ҳам улар учун. Бошқа кишиларнинг кириши мутлақо ман қилинган, – деди қаттиқ-қаттиқ овозда. Унинг коммунистларнинг жосуси эканига шубҳам қолмаган, қочишга эса чора йўқ эди.

– Агар мени текширмоқчи бўлсангиз, идорангизга ёқи бирор бошқа жойга олиб боринг, бу ерда Аллоҳнинг уйида яхши эмас, – дедим хотиржам қиёфада.

У эса: “Афғонистонга кетишни хоҳлайсанми?” – деди кулиб.

– Хоҳлайман.

– Пул-мулинг борми?

– Қанча керак?

– Бир эшак сотиб олгудек.

– Иккитасига ҳам етади.

– Бас, бас, пулларингни ёнингга солиб орқамдан юр, – деди тураётиб.

Орқасидан эргашдим. Карвонсаройнинг бир ҳужрасига олиб кирди. Бу одам Давлатқул исмли карвонбоши экан. Ўқиш-ёзишдан хабардор бўлиб, арабча ва форсчада ўз она тилидек сўзлаша оларди. Ичкарида уч киши бор экан, карвонбошини ҳурматлаб, туриб кутиб олишди. Улар карвонбошини Давлат оға деб чақирар эдилар.

Давлат оға: – Бу йигитга бир чопон келтиринглар, – деди. Чопонни олиб кийдим. Чопон туркман туякашлари киядиган махсус либослардан эди. Уни кийиб туркманга ўхшаб кетдим, шекилли, Давлат оға кулиб юборди. Эртасига икки эшак сотиб олдик. Мен ва яна бир туркман киши Давлат оғанинг эллик нафар туясига туякаш бўлиб ёлланиб, йўлга тушдик. Давлат оға биз билан бирга кетмаган эди. Икки соатча юриб, бир қалъага кириб бордик. Ичкарида қуюқ тут дарахтларининг соясида Давлат оға икки нотаниш киши билан ўтирарди. Бири туркистонлик қария, иккинчиси туркман йигит эди. Қария мен билан самимий кўришди. Таомдан сўнг Давлат оға менга қараб:

– Бу киши Бухоронинг бузруг устозларидан. Сизга йўлдош бўлади. Сизлар билан яна икки туркман йигити бирга кетади. Эшакларнинг бирига Бухорий устоз, иккинчисига сиз минасиз. Туркманлардан бири йўлбошчи бўлади. Унинг сўзидан чиқмайсизлар. Карвон кеч кириши билан жўнаб кетади. Дорул-Исломга етгандан сўнг бизнинг ҳаққимизга ҳам дуо қилинглар, – деди.

Белгиланган вақтда карвон йўлга тушди. Икки йигит ҳам қуролланган эди. Биз эса бир-биримиздан узоқроқ масофада юрар эдик. Йигитлардан бири олдинда, иккинчиси эса орқада келарди. Карвондан ҳам узоқроқда борардик. Кечаси йўл юриб, кундузлари қуюқ ўтлар орасида яшириниб кун ўтказардик. Икки бор дуч келиб қолган ўрис аскарларидан Аллоҳнинг ўзи асраб қолди. Ниҳоят чегарага ҳам етиб келдик. Йўлбошчи йигит қуюқ ўсиб ётган ўтлар орқали чегарани ёриб ўтиш кераклигини тушунтирди. Йўл ўйдим-чуқур бўлиб, ҳар хил ҳашаротлар кўп эди. Тонг вақтида Афғонистон Ислом ўлкасига қадам босдик. Хурсандлигимдан девона бўлаёздим. Майсалар устига бош қўйиб, Аллоҳга ҳамду сано айтдим. Кейин ўрнимдан турдим. Ичимдан келаётган ҳайқириқни босолмай: “Ассалом, Дорул-Ислом! Сенинг хокинг мен учун шифо ҳамда сурмадир. Эй, афғон юрти, сенга Аллоҳ улуғ неъмат берган. У озодлик билан Ислом неъматидир! Шояд, бу юрт аҳлига унинг қадр-қиммати билинмаса? Бу неъматларнинг қадрини биз биламиз... Аллоҳ таоло сизларни бу неъматлардан Қиёматгача маҳрум этмасин!” деб бақирдим.

ХОТИМА

Афғонистон чегарасидаги Андухўй шаҳрида комиссариат мени қайтармоқчи бўлди. Лекин шаҳар мусулмонлари ўз ҳимояларига олгани учун қарорларидан қайтишга мажбур бўлишди. Андухўйда турли қийинчиликларга учраб Ҳиротга етиб келдим. У ерда мавлоно Абдурраҳмон Жомийнинг мозорларини зиёрат этдим. Онамнинг насиҳатларига биноан Қуръонимнинг жилдини кўчира бошладим. Бироқ жуда қаттиқлигидан, бир танишимдан теша олиб келишга мажбур бўлдим. Жилдни синдириб, ҳайратда қолдим. Меҳрибон онам бутун жилдни тилло билан тўлдириб чиққан эканлар. Бу олтинлар ғариблик вақтларимда ниҳоятда асқотди. Шу тиллoларни сарфлаб, Покистон ҳамда Ҳиндистон уламоларидан диний таълимни мукаммал ўргандим. Тамом

СЎНГСЎЗ

Марҳум муаллиф Афғонистонга, кейинчалик Ҳиндистон ва Покистон томонларга ҳижрат этиб, умрининг охирини Покистонда, Карочи шаҳрида ўтказади. Шу ерда уйли-жойли бўлиб, бир неча фарзандлар кўради. Онасининг васиятига биноан, бошидан кечирган ва ўзи шоҳид бўлган Туркистон фожиаларини жуда кўп инсонларга ҳикоя қилиб беради. Кейинчалик баъзи дўстларининг қистови билан ўз кўрган-кечирганларини қоғозга туширади. Аввало, газеталарда чоп этилиб, 1970 йил Лоҳур шаҳрида китоб шаклида босмадан чиқади. Муаллиф тахминан 1973 йилда вафот этади.

Таржимон: Абу Ҳафс

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Алвидо, Ватан! Изтироб

1542 20:05 18.10.2021

Алвидо, Ватан! Асиралар

1839 20:00 17.10.2021

Алвидо, Ватан! Деҳқонлар

1911 20:05 16.10.2021

Алвидо, Ватан! Бегона кимсалар

1945 20:05 15.10.2021

Алвидо, Ватан! Афғонистонга ҳижрат

1853 20:05 14.10.2021
« Орқага