Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Алвидо, Ватан! Коммунистлар ҳийласи

2604

КОММУНИСТЛАР ҲИЙЛАСИ

Шу кеча масжидда маҳалла аҳли томонидан маслаҳат уюштирилди. Чунки коммунистлар мутаваллийларга шундай қонун жорий этдилар:

– Фалон куни шомдан то субҳгача масжидлар фирқанинг ихтиёрига берилсин. Фирқа ўз дастурини ўтказмоқчи.

Бомдоддан кейин намоз ўқилган жойда ўтириш Пайғамбаримиз алайҳиссалом суннатларидан ҳисобланади. Бомдоддан кейин то қуёш чиққунча масжидда Аллоҳ азза ва жалланинг зикри билан машғул бўлиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг одатларидан эди.

Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозни ўқиб бўлсалар токи қуёш тўлиқ (кўтарилиб) чиққунича намоз ўқиган жойларида ўтирар эдилар”. (Муслим, Абу Довуд ривоятлари.)

Қуёшнинг тўлиқ чиқиши унинг уфқдан кўтарилиши билан бўлади. Бу унинг уфқда кўринишидан тахминан чорак соат (15 дақиқа) ўтгандан кейинги вақтдир. Ушбу суннатга амал қилиш учун тайёргарлик кўриш лозим бўлади. Уни ҳаётига татбиқ қилмоқчи бўлганлар кечқурун эртароқ ётиб ухлашлари, кундалик ишларини эса қуёш чиқиши билан бошлашлари керак. Эрта тонгдан туриб, бомдоддан кейин уйқу бўлмагани учун пешиндан кейин ухлаб олишга эҳтиёж туғилиши ҳам мумкин. Бу тартибга амал қилиш осон эмас. Шу сабабли Аллоҳ таъоло бу суннатга кўплаб ажрларни белгилаб қўйди.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Бомдодни жамоат билан ўқиса, кейин қуёш чиққунигача Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, сўнгра (қуёш чиқиб бўлгач) икки ракат (нафл) намоз ўқиса, унга ҳаж ва умра савоби бўлади”, дедилар”. (Термизий ривояти. Ҳасан ҳадис.)

Бошқа бир ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ (ҳаж ва умранинг савоби)” деганлари ҳам ривоят қилинган.

Эътибор беринг, одамлар ҳаж ва умра ибодатини адо қилиш учун қанча куч, вақт ва пул сарфлайдилар. Ваҳоланки, мусулмон киши ўз юртида бўла туриб, ушбу суннатга амал қиладиган бўлса, ўша ибодатлар ажрини тўлиқ қилиб олиши мумкин[1]. Кимга бу қийинчилик туғдирадиган бўлса, босқичма-босқич йўлга қўйгани афзал: олдин ҳафтада бир ёки икки кун қилади. Сўнгра Аллоҳ унинг қалбига бу ибодатнинг муҳаббатини солиб қўяди ва банда айни амални доимий равишда қилишга одатланади, Иншааллоҳ.

Масжид аҳли узоқ маслаҳатдан сўнг фирқанинг бу ишидан норозилик изҳор этиб, комиссариатга шикоят этишга қарор қилдилар. Лекин бу шикоятлар ҳеч бир идора томонидан инобатга олинмади. Балки фирқанинг ишини на шаҳар комитети ва на комиссариат рад эта олади, дея жавоб бердилар. Буйруқнинг тўртинчи куни ҳамма жоме масжидларида бирваракайига мажлис белгиланди. Маҳалла аҳлларини, кўча юзини кўрмаган боҳаё, мастура, иффатли аҳли аёлларини масжидга олиб келишга мажбурладилар. Қуролланган назоратчилар ҳар бир уйга бостириб кириб, эркагу аёл барчани ҳайвондек уйдан ҳайдаб чиқарди. Масжид дарвозасининг икки томонига қўйилган икки киши ҳижобли аёлларнинг паранжиларини юлқиб олиб, масжид саҳнига улоқтиришарди. Аёлларнинг кўз олдида тунги соат ўнларда тўпланган паранжиларга ўт қўйишди.

Кейин нутқбозлик бошланди. Нотиқлар кимўзарга паранжига қарши ноҳақ гаплар айтишди.

Бошқирдистонлик коммунистни нутққа таклиф қилиш олдидан шундай таништиришди: “Бошқирдистон “Озодлик” коммунистлар партияси масъул аъзоси, у бу ерга бир ҳафта олдин келди!”

Бошқирд коммунист баёнот бошлади:

– Паранжи, эркакларнинг аёлларга нисбатан қилган зулму ситамининг аломатидур. Мана энди улар озод бўлдилар, завод-фабрикаларда, корхона ва ҳукумат идораларида эркин хизмат қила олишади. Фарғонанинг ҳимматли халқи бу ҳақиқатга етишди. Уларнинг аёллари озодлик неъматидан баҳраманд бўлишяпти. Никоҳ-талоқ жанжаллари ҳам бартараф бўлди. Аёллар эркаклар зулмидан қутқарилиб, озод ҳаёт кечиряптилар. Кошки, ҳозир Фарғона, Самарқанд ёки Бухоронинг ҳолатларидан бохабар бирор киши бўлса эди, сўзларимни тасдиқлаган бўларди.

Дин, Худо, Расул, Қуръон, Қиёмат, ҳисоб-китоб, фаришта, жаннат-дўзах ҳаммаси “руҳоний”ларнинг заминдор бойлар билан биргалашиб ўйлаб топган тузоғи (Астағфируллоҳ! – муаллиф). Ўртоқ Ленин ва Сталин бу тузоқларни чок-чокидан сўкиб ташлашди. Уларнинг баёнотларини халққа етказиш ҳамда тўғри йўлни кўрсатиш учун партия ходимлари бу мажлисни уюштиришди.

Бу бўҳтонларга чидашнинг имкони йўқ эди. Бироқ ундан кейин сўзга чиққан коммунист бундан ҳам баттар экан, ҳатто меҳробга қараб туфлади, бурнини ҳам қоқди. Ифлослиги шу даражага етдики, баногоҳ токчадаги Қуръони каримни кўриб қолиб, маймундек сакраганча қўлига олди.

(давоми бор)

Ушбу рукн «Azon kitoblari» нашриёти билан ҳамкорликда тайёрланди


[1] Муайян бир ибодатнинг савоби, ажрини олиш ва ўша ибодатнинг бажарилиб, кишининг зиммасидан соқит бўлиши ўртасида фарқ бор. Хусусан, ушбу ҳадисда айтилган амални қилган киши ҳаж ва умранинг савобини тўлиқ қилиб олади, лекин агар йўлга қодир бўлса, унинг зиммасидан ҳаж ва умранинг фарзи соқит бўлмайди. Шуни эсда тутиш лозим. (Таъкид муаллифники)

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Динимни ўрганаман: рўзадорлиги эсидан чиқиб, овқатланаётган кишини кўриб қолган одам нима қилади?

890 20:00 10.02.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Кичик тобеъинлар ва катта табаъа тобеъинлар замони

1409 22:10 02.10.2021

Алвидо, Ватан! Саййид Жалолиддиннинг кўзи очилди

2670 21:15 02.10.2021

Катта фиқҳ энциклопедияси: Тобеъинлар даври

853 21:55 30.09.2021

Алвидо, Ватан! Коммунистлар ҳийласи

2165 21:00 30.09.2021
« Орқага