Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Алвидо, Ватан! Мудҳиш ҳодисалар

2320

(1-қисм2-қисм3-қисм4-қисм5-қисм6-қисм7-қисм8-қисм9-қисм10-қисм11-қисм, 12-қисм, 13-қисм 14-қисм, 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм 21-қисм 22-қисм)

Машҳур олимлардан 93 нафарини ушлаб, усти берк машиналарда Ўш тоғларининг этагига олиб бориб, ҳар бир уламога белкурак тутқазиб, эни – икки, узунлиги – беш, чуқурлиги – икки газ келадиган ҳандақ ковлашга мажбур этишади. Ҳандақлар битгач, улардан бирини чуқурга зўрлаб тушириб, ўқ узадилар, яраланиб йиқилгандан сўнг иккинчи олимга келтирилган қопдаги оҳаклардан бирини уни устига ағдартиришади. Тириклайин инграб ётган олимнинг устига тупроқ тортишади. Шу услубда тўқсон икки олимни кўмиб ташлашади. Охиргисини эса жароҳатламасдан тириклай кўмиб ташлашади. Умридан бор экан, аскарлар кетгандан сўнг бир амаллаб чуқурдан чиқиб, яширина-яширина Қашқарга ўтиб кетади ва у ердан Ҳиндистонга боради. Ҳўқандий ҳазратга ҳикоя қилиб берган самарқандлик кишининг ушбу ҳикоясини мен 1935 йили Деҳлида ўша олимнинг ўз оғзидан эшитдим. Уламоларни тириклай кўмган аскарлар ўрислар ва арманлардан иборат бўлиб, уларнинг командири Дадаш исмли арман экан. Буларнинг орасида фақат бир татар йигити бўлиб, бу ишлардан қаттиқ таъсирланади. У аста пайт пойлаб, Ўшдан қочиб Самарқандга, у ердан Шаҳрисабзга бориб, ҳазрат Ҳўқандийга бутун ҳодиса тафсилотини айтиб, ўзи Афғонистонга ўтиб кетибди. Темурбек ҳам сўзга қўшилди:

– Бир ой ичида Шаҳрисабз, Ғузор ва Китобнинг устига катта мусибатлар тушди. Юзлаб кишилар, уламолар, машҳур мутафаккирлар, халқнинг доно намоёндалари ғойиб бўла бошлади. Шаҳрисабзнинг ҳар бир қишлоғига хуфия назоратчилар ўз тўрларини ташлаб қўйди. Кеча темир йўл бекатига ҳам махфий назорат хизмати ўрнатилди.

– Тўразода, энди нима қилмоқчисиз? – деб қолди Темурбек.

– Шаҳрисабзни бир бор кўришни хоҳлайман.

Узоқ маслаҳат қилиб, охири боғбон суратида шаҳарга кириб-чиқишга келишдик. Хуржун тўла узум юкланган учта эшакни ҳайдаб, шаҳарга йўл олдим. Менга ўзимдан каттароқ бир боғбон йигитни ҳамроҳ этишди. Шаҳрисабзнинг ўн икки дарвозаси бўлиб, тўртинчи дарвоза яқинидаги дўконга узумларни топширишимиз керак эди. Шу йўл билан шаҳарнинг аксар қисмини кўришга муваффақ бўлдим. Бутун шаҳар қизиллар қўлига ўтиб, шаҳарда рус аскарлари кезиб юришарди. Қарши дарвозаси томон эшакларни ҳайдаб кетаётганимда, биров орқамдан номимни айтиб чақира бошлади. Ўзимни эшитмаганга солиб кетавердим. У иккинчи бор “Ҳўқандий Тўрам!” деб чақирди. Бу ким бўлди экан, дея чуқур ўйландим. Анча юргандан кейин секин орқамга қайрилиб қарадим. Чақирган киши дўкондор бўлиб, дўконидан чиқиб катта йўл ёқасига келиб қолган эди. Тезда уни танидим. Қарши бекатидан ошхонагача бирга ҳамроҳ бўлган ҳурфикр қозоқларнинг бири эди. Жуда қуюқ саломлашдик.

– Эшакларни жойлаштириб, бизнинг дўконимизга ташриф буюрсангиз! – деди.

– Бажонидил, – дея хайрлашиб, соат тўртлар атрофида дўконга келдим. Мени интизорлик билан кутиб турган экан. У бу дўконнинг бошқарувчиси ва ҳисобчиси экан. Яна бир яҳудий киши ҳам бу ерда ходимлик қиларди. Биродарим уч ой ичида кечган воқеаларни, Қаршидан сўнг қаерларга боришганини, ўзининг бу ерга қандоқ келиб қолганини бирма-бир сўзлаб берди.

– Энди қаерга бормоқчисиз? – деб қолди, қўққисдан.

– Каркини кўрмоқчиман.

– Афғонистонга ўтиб кетмоқчимисиз?

– Агар мажбур бўлсам, ўтиб кетаман.

– Ҳозир қаерга борасиз? – Темурбекнинг олдига ёки тоғамнинг қалъасига.

– Йўқ, йўқ, ҳаргиз қалъага бора кўрманг. Темурбекнинг чердаги бўш бўлса, ўша ерда туринг ёки Сариосиёга кетинг. Қалъага юзланишингиз билан кузатувга олинасиз.

– Юкларингиз қаерда?– деди яна.

– Мен билан бирга хўжайиннинг хизматчиси ҳам келган эди. У олиб кетди.

– Жуда яхши бўлибди. Омборхонада буюмлар бетартиб сочилиб ётарди.

– Келинг, сочилиб ётган нарсаларни саранжомлаб қўйинг, иш ҳаққингизни олиб бераман, – деди.

Буюмларни тартиб билан жойлаштириб чиқдим.

Дўкондор менга беш рубль пул берди. Пулни омборхонанинг яҳудий котибидан олдим. Пулни олаётганимда муҳрни лотин ҳарфи билан имзолашимга назар солиб кузатиб турарди.

Шомга яқин Молик Аждар мадрасасига етиб бордим. Мадраса мотамона тусда эди. Толиблар, мударрислар ва барча ходимларнинг юзларида ғам-андуҳ сезилиб турарди. Бундан йигирма кунча муқаддам бу мадрасанинг икки мумтоз олим устозларини НКВД ходимлари ушлаб кетган, уларнинг ҳозиргача қаерга олиб кетилганидан дарак йўқ эди. Намозни шу ерда бир неча киши билан адо этдик. Кўпчиликлари ўз ҳужраларида ўқидилар. Атрофга қоронғу тушган сари паришон бўла бошладим. Масжид, мадрасаларда бегоналарнинг қолишига ижозат йўқ, энди қаерга борсам экан, деб ҳайрон бўлиб турган эдим. Тўсатдан боғбон либосидаги Темурбекни кўриб қолдим. Олдимдан жимгина ўтиб кетиб, қабристоннинг олдида тўхтади. Дуои мағфират қилиб, сув ичди-да, яна индамай кета бошлади. Мен томонга қараб ҳам қўймаганидан тушундимки, ҳолат оғир. У мени олиб кетгани келган эди. Унинг ортидан кетаётганимни билдирмай, аста юра бошладим. Икки юз газ узоқликдаги дўконга етиб, ичкарига кириб кетди. Мен эса тўғрига юришни давом эттирдим.

Озроқ узоқлашиб секин орқамга қарадим. Ортимда икки киши суҳбатлашиб келар эди. Улар ўтиб кетишлари учун қадамимни секинлатдим. Икки юз қадамча юриб, қаёққадир кириб кетишди. Тезда дўкон томон қайтдим. Темурбек чердак устидан атрофни кузатиб турган экан, тез тушиб эшикни очди. Ичкарига олиб кириб, чердакка чиқарди. Бўлган ишларни сўзлаб бердим.

– Тангриқул бирон янги хабар айтмадими? – деди дўкондор дўстимни назарда тутиб.

– Йўқ, ҳеч гап айтмади.

– Ҳўқандий ҳазратни ҳам Сибирга сургун қилмоқчи эканлар. Одамлар билиб қолиб, бутун шаҳар оёққа турибди. Катта раҳбарлардан тўрттасига “Агар Ҳўқандий ҳазратга бирор зарар етса, у кишининг ҳар бир туки эвазига коммунистлардан ўч оламиз!” деган маънода мактуб ёзиб, имзо чекибдилар. Шаҳар шўроси дарров мажлис ўтказиб, шундай қарор қабул қилдилар: “Ҳўқандий ҳазрат бешак руҳоний бўлса-да, лекин халқпарварлиги, халққа қилган хизматлари учун уни ўз ҳолига қўйилсин”. Ушбу қарор шаҳарга жар солиб овоза қилинди. Шу билан тўполон кўтарган халқ тинчиб-босилиб қолди. Лекин бу қарор вақтинчалик эди. Шаҳарнинг хуфия назорат ходимлари сони кўпайтирилиб, қалъанинг чор атрофини махсус оқ либосли аскарлар қўриқлай бошлади. Кечаси қўшимча куч етиб келди ва уларнинг бир гуруҳи ичкарига киргизилди, – деб Темурбек сўзини тугатди.

Кечаси ўн бирларга яқин Тангриқул келди. Менга қараб:

– Нимага лотин ҳарфида имзо чекдингиз? Бундан сўнг ундай қилманг, – деб огоҳлантирди.

Иш ҳақимни олиб кетганимдан кейин, ҳалиги яҳудий Тангриқулдан: “Бу бола қаерлик? Бу ерликка ўхшамайди. Кимнинг олдига келибди?” деган саволлар қилган экан. Ярим кечагача мамлакат аҳволидан сўзлашдик. Борган сайин уларнинг зулму ситами кучайиб, Қарши, Ғузор, Китоб, Сариосиё, Шаҳрисабз ва бошқа вилоятларда кечалари машҳур ва доно кишилар ғойиб бўлаётган эди. Мусулмонларнинг диний ва ижтимоий ҳаётига раҳна солаётган коммунистлар энг кучли зарбаларини бераётган эдилар.

Навбат менга ҳам етиб қолган эди. Мени ҳам кузатиб, тафтиш эта бошладилар. Дўстларимдан Афғонистонга кетишга маслаҳат олганимдан сўнг, Афғонистондан паноҳ топсам-топдим, бўлмаса, Ҳиндистонга ўтиб кетаман, деган қарорга келдим.

(давоми бор)

Ушбу рукн «Azon kitoblari» нашриёти билан ҳамкорликда тайёрланди

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Алвидо, Ватан! Дорул-Ислом

1661 20:10 20.10.2021

Алвидо, Ватан! Изтироб

1427 20:05 18.10.2021

Алвидо, Ватан! Асиралар

1770 20:00 17.10.2021

Алвидо, Ватан! Деҳқонлар

1813 20:05 16.10.2021

Алвидо, Ватан! Бегона кимсалар

1828 20:05 15.10.2021

Алвидо, Ватан! Афғонистонга ҳижрат

1762 20:05 14.10.2021
« Орқага