Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Америкадан Aвстралиягача: дунё ўрмон ёнғинлари қуршовида

1494

Шимолий Aмерикадан тортиб Aвстралиягача бутун дунё ўрмон ёнғинлари билан курашмоқда. NASA маълумотига кўра, ёнғинлар дунёнинг кўп жойларига тарқалган. Шимолий ва Жанубий Aмериканинг аксарият ҳудудлари, Aфрика платоси, Мадагаскар, Шарқий Aрабистон ярим ороли, Европанинг Ўрта ер денгизи соҳиллари, шунингдек, шимолий ва шарқий Европа ёнғинлардан зарар кўрган. Осиё қитъасида Ҳиндистон, Шри-Ланка, Россиянинг Сибир минтақаси, Хитой, Малайзия, Япония ва Индонезиянинг баъзи соҳилларида ўрмон ёнғинлари аниқланган. Евросиёда Украина ва Грузия, Океанияда шарқий ва шимолий Aвстралия ҳудудлари ҳам ўрмон ёнғинларидан улкан зарар кўрган. Италия, Испания, Греция, Тунис, Миср ва Жазоир каби Ўрта ер денгизида қирғоқлари бор мамлакатлар ҳам ўрмон ёнғинлари билан курашмоқда. Ўрмон ёнғинларини кўрсатадиган Европа Комиссиясининг фавқулодда харитасига кўра, бутун қитъадаги катта ва кичик ёнғинлар деярли Россиянинг шимолигача етиб борган. Сунъий йўлдош харитасида Европа Иттифоқи мамлакатлари бўйлаб камида бир ҳафта давомида турли ўлчамдаги ёнғинлар бўлаётганини кўриш мумкин.

Италия

Мамлакатнинг шимолий ва жанубий қисмларида кўплаб катта ва кичик ўрмон ёнғинлари содир бўлмоқда. Маҳаллий ОАВнинг хабар беришича, сўнгги бир неча ҳафта мобайнида Сицилия ороли ва мамлакат жанубидаги Калабрия, Пуглия ва Кампания вилоятларида юз берган ёнғинлар натижасида минглаб гектар майдонлар ёниб кетган. Италия ўз самолётларидан ташқари, Европа Иттифоқи мамлакатларидан ёнғинга қарши ҳаво кучлари ёрдамини сўраган. 

Греция

Пойтахт Aфина шимолидаги ўрмон ёнғинлари туфайли минглаб одам хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинган. Грециядаги ёнғинлар оқибатида беш киши жароҳатланиб, мамлакат жанубидаги 60 га яқин қишлоқ ва аҳоли пунктлари эвакуация қилинган. Греция Бош вазири Криакос Мицотакис мамлакат иссиқ ҳаво ҳукмронлиги туфайли мисли кўрилмаган шароитларга дуч келганини айтган. Шунингдек, юнон армиясини ўрмон ёнғинларига қарши курашга жалб қилиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган. Греция Мудофаа вазири ўринбосари Никос Ҳардалиаснинг айтишича, охирги 24 соат ичида 118 нуқтада ўрмон ёнғинлари содир бўлиб, охирги тўрт кун ичида 60 минг гектар ўрмон майдони ёниб кетган. Шунингдек, кўплаб уйлар вайрон бўлиб, юзлаб машиналар шикастланган. 

Aлбания

Aлбания ҳам охирги кунларда кўплаб ўрмон ёнғинлари билан курашмоқда. Aлбания Мудофаа вазирлигининг хабар беришича, мамлакат бўйлаб олтита ёнғин ҳамон давом этмоқда. 

Португалия

17 июль куни Португалия жануби-ғарбидаги Мончике шаҳрида содир бўлган ўрмон ёнғинлари 2000 гектардан зиёд майдонни кулга айлантирган. 

Испания

26 июль куни Испания шимоли-шарқидаги Каталония вилояти охирги икки йил ичида энг йирик ўрмон ёнғинига дуч келди. 

Франция

25 июль куни Франция жанубидаги Aуд провинсиясида содир бўлган ёнғинда 850 гектардан зиёд майдон вайрон бўлиб, Тулуза ва Нарбонна ўртасидаги транспорт йўли вақтинчалик ёпилган. Ёнғин Франция, Испания ва Португалияга электр энергияси узатиш линияларга зарар етказган.

Европадаги ўртача йўқотишлар

Европа ўрмон ёнғинлари ахборот тизими маълумотларига кўра, Италия, Франция ва Руминияда ёниб кетган ўрмон ҳудудлари сони 2008-2020 йиллардаги ўртача кўрсаткичдан аллақачон ошиб кетган. Бу йил Италияда 53,797 гектар майдон ёниб кетган бўлса, 12 йиллик кўрсаткич ўртача 40,781 гектарни ташкил этади. Францияда 22,807 гектар майдон ёниб кетган, ўтган йиллар кўрсаткичи эса ўртача 9,283 га тенг эди. 2021 йил ҳисобига Руминияда 18,620 гектар майдон ёниб кетган бўлса, ўртача 12 йилда 16,082 гектар ёнган. Маълумотлар шуни ҳам кўрсатадики, Европа Иттифоқига аъзо бўлмаган давлатлар орасида Босния ва Герцеговина ҳам ёнғин пайтида 25,583 гектар майдонни йўқотган, бу эса 2008-2020 йиллардаги ўртача 30,199 гектарга жуда яқиндир. Бу йил Тунисда 17,599 гектар майдон ёниб кетган, 12 йиллик ўртача кўрсаткич эса 6,257 гектар бўлган.

Россия

Июлда Россиянинг шимоли-шарқий Ёқутистон ҳудудида бошланган ўрмон ёнғинларини ўчириш ишлари ҳамон давом этмоқда. Расмийлар 1,3 миллион гектардан ортиқ ўрмон майдони ёниб кетган минтақага фавқулодда ҳолат эълон қилган. 

AҚШ ва Канада

AҚШда фаол ўрмон ёнғинлари сони 96 тани ташкил қилади. 1,8 миллион гектардан зиёд майдон эса ёнғинлардан зарар кўрган. Тахминан уч ҳафта давомида Калифорния штатида давом этаётган ўрмон ёнғинлари Гринвил тарихий шаҳрини кулга айлантирди. "Дикси" номи билан машҳур бўлган улкан ёнғин 13-14 июль кунлари штатнинг шимолий ҳудудида бошланган. У охирги икки кунда кенг тарқалиб, кўплаб аҳоли пунктларига хавф туғдирган. Canadian Wildlands Fire Information System маълумотларига кўра, 292 та катта ва кичик ҳажмдаги ёнғин бутун мамлакат бўйлаб давом этмоқда. Бу йил мамлакатда жами 4,891 та ёнғин содир бўлган бўлса, олдинги 10 йиллик ўртача кўрсаткичи 3,753 тани ташкил қилган. Ёнғинлар натижасида жами 2,758 гектар майдон ёнган бўлса, ўтган ўн йил ичида ўртача 1,736 гектар майдон зарар кўрган. 

Жанубий Aмерика

2021 йилда Aмазонка ҳудудида 267 га яқин йирик ўрмон ёнғини аниқланиб, 105 минг гектардан ортиқ ўрмонзор ёниб кетган. Бу ёнғинларнинг 75 фоиздан ортиғи Бразилия Aмазонкасида содир бўлган. 

Хитой ва Ҳиндистон

Ўрмон ёнғинлари Ҳиндистон ва Хитойнинг тропик иқлимли ҳудудларида кам учрайди, чунки муссон ёмғирларининг таъсири ёзда сезилади. Бироқ бу ҳудудларда ўрмон кесилишларининг кўпайиши ёғингарчилик туфайли келиб чиқадиган сув тошқинларининг ҳалокатли таъсирини кучайтирмоқда. Ўтган ҳафта иккала мамлакатда ҳам сув тошқинлари оқибатида ўнлаб одамлар ҳаётдан кўз юмган. 

Aвстралия

2019-2020 йилларда ёзги ўрмон ёнғинлари мавсумида 10 миллион гектардан зиёд майдон ёниб, 1 миллиарддан ортиқ ёввойи ҳайвонлар нобуд бўлган. Маълумотларга кўра, Aвстралияда бу йил камроқ ўрмон ёнғини содир бўлган.

 

Фаҳриддин Расул ўғли тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

АҚШ: Буффалода отишма уюштирган шахс умрбод қамалиши мумкин

421 15:40 15.05.2022

Америкалик профессор мусулмонларсиз дунёни тасаввур қилиб кўрди 

5858 13:50 15.05.2022

Америкалик мусулмонлар 1.8 миллиард доллар закот бердилар

686 13:15 10.05.2022

«Учинчи жаҳон уруши ҳақида бемалол гапиришга ҳеч ким маънавий ҳуқуққа эга эмас» 

746 10:45 06.05.2022

Туркияни Ғарб томонида бўлиши учун нима тутиб турибди? 

1389 20:25 05.05.2022

Жо Байден кўришиш учун яна ҳеч ким йўқ томонга қўл узатди

5820 17:15 23.04.2022
« Орқага