Инсон ҳуқуқлари ҳимояси бўйича Amnesty International ташкилоти Миср ҳукуматини сешанба куни 163 кишига нисбатан чиқарилган суд ҳукмини бекор қилишга чақирди. Ташкилот ушбу ҳукмни адолатсиз деб баҳолаган, жараённи эса “бедарак йўқолишлар ва қийноқлар билан” тўла бўлганини таъкидлаган.
Amnesty International’нинг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бўйича бўлими директори ўринбосари Амна Геллали “бугунги ҳукм адолатли суднинг ҳақорат қилиниши бўлди”, – деб маълум қилди.
“Бу 200 дан ортиқ киши устидан ўтказилган оммавий суд бўлди. Миср ҳукумати гумонланувчиларнинг судгача ва суд суриштируви вақтида адвокат хизматидан фойдаланишига қаршилик қилди. Уларнинг айримларига 2016 йилдан буён оиласи билан кўришиш тақиқланган. гумонланувчиларнинг катта қисми фожиали номга эга “Ал-Ақраб” ва “Тора-2” қамоқхоналарида ўта қатъий, қийноқларга тенг шароитларда сақланган”, – деган Геллали.
Унинг қўшимча қилишича, ҳукумат бедарак йўқолиш ҳолатлари ва қийноқларни ўрганиши, қўлга олинганнинг оиласи билан кўришишига ва адвокат хизматидан фойдаланишига, малакатли тиббий хизматдан фойдаланишга имкон бериши керак. Шу билан бирга у суд қарори бекор қилиниши, агарда гумонланувчиларга халқаро даражада тан олинган жиноятларни амалга ошириш бўйича айб қўйилаётган бўлса, қайта суриштирув ўтказиш зарурлигини таъкидлаган. Геллалининг фикрича, 10 кишининг ўлимга ҳукм қилиниши яшаш ҳуқуқининг қўпол тарзда бузили ҳисобланади. У Миср ҳукуматини ўлим жазосига мораторий жорий қилишга чақирган.
2015 йил февралида Давлат хавфсизлиги олий прокуратураси 200 дан ортиқ кишини терроризм, босқинчилик ва қотиллик каби айбловлар билан суд жавобгарлигига тортганди. Бу “Хелуан Бригади” номи билан машҳур бўлган. Суд 2014 августида полицияга ҳужум қилиш иши доирасида бўлаётган эди. Қўлга олинган пайтда гумонланувчиларнинг 4 нафари 18 ёшга тўлмаганди.
Amnesty International маълумотларига кўра, қўлга олинганларнинг 5 нафари ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилмагани ортидан қамоқхонада ҳалок бўлган.