Манчестер университети жинсларни билдирадиган сўзларнинг ўрнига “гендер бўйича нейтрал атамалар”дан фойланашни тавсия қилди, дея хабар бермоқда Би-би-си.
Масалан, “ота” ва “она” ўрнига “васий”, “эр” ва “хотин” сўзларининг ўрнига “шерик”ни ишлатиш маъқул эканлиги айтилди.
Тавсия университетнинг гендер ва ирқий тенглик бўлими томонидан, ходимларнинг мурожаатига жавобан ишлаб чиқилган. Бундай бўлим Ғарбдаги кўплаб таълим муассасаларида мавжуд.
Тавсия этилаётган атамалар қуйидагича:
- у (аёл)/у (эркак) эмас, сиз ёки улар;
- эркак/эркаклар ва аёл/аёллар эмас, киши/кишилар ёки шахс/шахслар;
- хонимлар ва жаноблар эмас, ҳамма/ҳамкасблар;
- ота ва она эмас, васий;
- эр ва хотин эмас, шерик (партнёр).
Университетнинг бу тавсияларини айниқса консерватив қатлам танқид билан қарши олди. “Агар мен Манчестер университети талабаси бўлганимда, йиллик 9,25 минг фунт пулим тўғри фойдаланган деб ҳисобламаган бўлардим”, – дейди Сўз эркинлиги иттифоқи бош котиби Тоби Янг Англи университетларида фуқаролар учун белгиланган максимал тўловни кўзда тутган ҳолда.
Унинг фикрича, университет раҳбарияти асосий эътиборни таълим стандартлари ёки пандемиядан қийналган талабаларга ёрдам беришга қаратиш ўрнига талабаларни “ота” ва “она” сўзлари хафа қилиши мумкинлигини ўйлаган ҳолда янги тил ихтиро қилиш билан банд бўляпти.
Университет матбуот хизмати тавсиялар бўйича муболаға қилиш керак эмаслигини, булар шунчаки университет ходимлари ўртасида “инклюзив тил”ни тарғиб қилиш мақсадида ишлаб чиқилганини билдирди. “Биз “васий” атамасидан фойдаланишни тавсия қиляпмиз. Бу кенг қўлланадиган атама ва бу бизнинг “ота” ва “она” сўзларини тақиқлаганимизни билдирмайди”, – дейилади баёнотда.