Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Антибиотикларни рецептсиз сотиш тақиқланган

936

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги бошқарма бошлиғи Муҳаббат Иброҳимова мамлакатимиз қонунчилигига кўра, антибиотикларни беморларга шифокор рецептисиз бериш тақиқланиши ва қонунчиликда бу борада яна нималар дейилганини эслатди.

Мутахассиснинг таъкидлашича, қонунчиликда антибиотикларни шифокор рецептисиз бериш тақиқланиши белгиланган. Жумладан, «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ, дори воситаларини рецепт билан (антибиотиклар шулар жумласидан) дорихоналардан чакана реализация қилиш Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган қоидаларга асосан амалга оширилиши белгиланган.

Шунингдек, бу каби дори препаратларини дорихоналарда сотиш Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган шаклдаги рецептлар бўйича ёки тасдиқланган Рецептсиз бериладиган дори воситаларининг рўйхатига кўра рецептсиз амалга оширилади. Қолаверса, Президентимизнинг 2019 йил 6 сентябрдаги тегишли Қарорига кўра, тиббиёт ташкилотларида мулкчилик ва идоравий мансублигидан қатъи назар, беморга рецептсиз рецепт бўйича бериладиган дори воситаларни буюриш тақиқланади.

Кейинги пайтларда кўпчилик одамлар ўпка яллиғланиши жараёнларида, тана ҳарорати кўтарилганда ва бошқа касалликларда билиб-билмай, антибиотиклардан фойдаланишни одатга айлантирди. Айниқса, бугун коронавирусга чалинган фуқаролар орасида ўзбошимчалик билан антибиотик ва гормон олиш ҳолатлари жуда кўп кузатилмоқда. Аммо бу нотўғри.

«Антибиотиклар тиббиётда энг кўп тайинланувчи ва унинг қарийб барча соҳаларида қўлланилувчи дори воситаси саналади. Бироқ улардан нотўғри фойдаланиш жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин», дейди Муҳаббат Иброҳимова.

Мутахассис баъзи беморлар ушбу дори воситасидан вирусли касалликлар, хусусан, COVID-19 инфекциясини даволашда ўзбошимчалик билан фойдаланаётгани, уларнинг аҳволини янада оғирлаштириб, айрим ҳолларда ўлимга ҳам сабаб бўлаётганини қайд этган.

УЛАШИНГ:

Теглар:
« Орқага