АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен чоршанба куни Вашингтондаги матбуот анжуманида Москванинг Европадаги хавфсизлик бўйича талабларига жавоб қайтарар экан, “Булар биз ҳимоя қилишга содиқ бўлган асосий тамойиллар”, дея очиқ айтди.
Блинкеннинг сўзларига кўра, бу тамойиллар Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги, шунингдек, давлатларнинг ўз иттифоқларини танлаш ҳуқуқини ўз ичига олади. “НАТОга эшиклар очиқ ва очиқлигича қолади”, – деди у.
Давлат котибининг расмий баёнотидан тахминан бир соат олдин АҚШнинг Москвадаги элчиси Жон Салливан Россиянинг хавфсизлик кафолатлари ҳақидаги талабларига ёзма жавобни топширгани маълум бўлди. Ҳужжатни топшириш 26 январь, чоршанба куни Салливан ва Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Александр Грушко ўртасидаги учрашувда бўлиб ўтди, дея маълум қилди Россия Ташқи ишлар вазирлиги.
Россия декабрь ойи ўрталарида “ўз хавфсизлигини таъминлаш учун кафолатлар” беришни талаб қилди. Гап иккита ҳужжат – Россия Федерацияси ва АҚШ ўртасидаги хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги шартнома ҳамда Россия Федерацияси ва Шимолий Атлантика Шартномаси Ташкилотига аъзо давлатларнинг хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги битим ҳақида бормоқда.
Россия, жумладан, Украинанинг НАТОга қабул қилинмаслигига оид қонуний кафолатларни талаб қилмоқда. НАТО эса бу талабни рад этди.
Аввалроқ Москва агар Вашингтондан жавоб келса, оммага эълон қилинмаслигини айтган эди.