Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли бу ҳақда Канаданинг Ванкувер шаҳрига қилган ташрифи чоғида айтиб ўтди.
“АҚШ ўзининг қайси томонда бўлишини аниқлаб олиши керак. Иттифоқдошларини танлайдими ёки террор ташкилотларини танлайдими? Бу ҳақдаги қарорини маълум қилсин. Агар АҚШ бирор террорчи ташкилотни афзал кўрадиган бўлса, бизнинг муносабатимиз ҳам шунга яраша бўлади”, – деди Мавлуд Чавушўғли.
“Бундан олдин АҚШ президенти Дональд Трамп Туркия президенти Эрдўғанга “ЙПГ террор ташкилотини қурол билан таъминламайман”, деб бир неча бор ваъда берганди. Лекин АҚШнинг бошқа органлари бунинг акси ҳақида маълумот бермоқда”, – деди Мавлуд Чавушўғли.
Бу борадаги фикрларини давом эттирар экан, Мавлуд Чавушўғли: “Биз террор ташкилотларига қарши чора кўрамиз. Орқасида ким бўлишидан қатъий назар, хоҳ Америка, хоҳ бошқа бирон давлат бўлсин. Бу бизни қизиқтирмайди”, – деди.
“Аввало шу айтиш керакки, АҚШ якка ўзи коалиция номидан қарор чиқара олмайди. Чунки биз ҳам коалиция таркибидамиз”, – деб айтган Мавлуд Чавушўғли Туркиянинг ЙПГ террор ташкилотига қарши ҳар томонлама қаттиқ чора-тадбирни олишини маълум қилди.
“ПККнинг орқасида ташқи кучлар бор. Бироқ, биз ПККга қарши қандай курашаётган бўлсак, ЙПГга қарши ҳам шундай курашамиз. Афринда, Эвфратнинг шарқида курашимиз давом этади. Бу биз учун ҳаёт-мамот масаласидир. Турк халқига бўлаётган хавф-хатарни бартараф этиш бизнинг вазифамиздир. Бунинг учун нима керак бўлса, бажарамиз. Лекин террор ташкилотини ҳимоя қилган давлатларга нисбатан муносабатимиз бошқача бўлади. Бизнинг душманимиз бўлган террор ташкилоти билан ҳамкорлик қилган ва унга ёрдам берган давлатларга ишониш мумкин эмас”, – деди Мавлуд Чавушўғли.
“Туркияни ЙПГ террор ташкилотига қарши курашдан ҳеч ким тўхтата олмайди”, – дея таъкидлаган Мавлуд Чавушўғли: “АҚШ ҳам, Ғарб давлатлари ҳам рўстгўй бўлиши керак. Улар Сурияни бўлишни хоҳлайдиларми ёки Суриянинг ҳудудий яхлитлигини хоҳлайдиларми?”