Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

АҚШнинг Ироқни тарк этиши ва Эрон омили ҳақида

750

Америкалик ҳарбийлар Афғонистоннинг ортидан Ироқ билан ҳам хайрлашишига тўғри келади: Ироқда қолган АҚШ ҳарбий қисмлари жорий йил охиригача у ердан олиб чиқилади. Бу ҳақда АҚШ президенти Жо Байден ва Ироқ бош вазири Мустафо Козимийнинг бир ҳафта аввалги учрашувида маълум қилинди. 

Катта эҳтимол билан Ироқдаги америкалик ҳарбийлар сони сезиларли даражада ўзгармайди, бироқ Вашингтоннинг қарори Ироқ бош вазирига ёрдам сифатида талқин қилинмоқда. Икки томоннинг қарорига кўра, АҚШ бундан кейин Ироқда ҳарбий операцияларда қатнашмайди.  Шу ўринда икки савол пайдо бўлади: АҚШ ҳарбий миссияси якунланиши билан Ироқда нималар ўзгаради ва ИШИД яна жонланиши мумкинми?  

АҚШ Ироққа бостириб киргандан 18 йил ўтиб у ердаги аскарлари сони тахминан 2,5 мингни ташкил этмоқда. Бундан ташқари, ИШИДга қарши операциялар ўтказувчи махсус кучлар бор, аммо уларнинг аниқ сони маълум эмас.  Бир пайтлар Ироқда 160 минг америкалик аскар бўлгани эътиборга олинса, ҳозиргисининг сони жуда кам эканлиги аён бўлади. Бироқ шунинг ўзиёқ улар дронлар ёрдамида уюштирилаётган ҳужумларнинг нишонига айланишига етмоқда. Ҳужумларни Эрон қўллаб-қувватлаётган жангарилар амалга ошираётгани айтилади. 
Америкалик ҳарбийларнинг вазифаси Ироқ хавфсизлик кучларини ўқитиш ва ИШИДга қарши курашда уларга ёрдам кўрсатишдир. Бироқ уларнинг Ироқда бўлиб туриши баҳс-мунозараларга сабаб бўляпти. 

Эрон қўллаб-қувватлайдиган сиёсатчилар ва жанговар гуруҳлар америкаликларнинг мамлакатни тарк этишини талаб қилмоқда. 2020 йилнинг январида Бағдод аэропортида эронлик генерал Қосим Сулаймоний ва ироқлик шиа қуролли гуруҳи етакчиларидан бири ўлдирилгач, бу талаб янада кучайди. 

Террорчилар ҳали ҳам Ироққа хавф солаётган бўлса-да, Эрондан дастак оладиган сиёсий партиялар ИШИДга қарши коалициянинг барча кучлари чиқиб кетишини истамоқда. 
Қолганлар ҳам бунга қарши эмас: оккупация кимга ҳам ёқарди. 

Америкаликларнинг ўзи ҳам, Байденнинг таъбири билан айтганда, Яқин Шарқдаги охири йўқ урушларни тугатишга ҳаракат қилмоқда. 
АҚШнинг ҳозирги эътибори Хитойнинг кучи ўсиб бораётган Осиё-Тинч океани ва Жанубий Хитой денгизи минтақасига қаратилган. Афғонистон ва Ироқдан қўшинларни шошилинч равишда олиб чиқишнинг сабабларидан бири шу. 

ИШИД қайтадими?

Ҳаммага маълумки, тарих такрорланиши мумкин. Бу ўринда гап ИШИДнинг аввалги позицияларига қайтиши эҳтимоли ҳақида бормоқда. 
Собиқ президент Барак Обама АҚШ қўшинлари Ироқдан олиб чиқилишини эълон қилгангандан кейин у ерда америкалик ҳарбийлар сони мунтазам равишда камайиб борди. Охир-оқибат ИШИДчилар Мосулни эгаллаб олди ва назоратидаги ҳудудларни кенгайтириб, ўртача Европа давлатининг ҳудудига тенглаштирди. 

Тарих қайтарилиши мумкинми? ИШИД ўз позицияларини тиклашнинг уддасидан чиқадими? АҚШнинг қўлловидан маҳрум бўлган Ироқ армияси устидан ғалаба қозонадими?  Айни пайтда бир қатор сабабларга кўра бунинг эҳтимоли кам.  

Ўн йил аввал ИШИД ироқлик суннийларнинг Нури Маликий бошчилигидаги шиа ҳукуматига нисбатан норозилигидан фойдаланиши мумкин эди. Маликий 2006-2014 йилларда ҳукуматни бошқарган ва ўзининг суннийларга қарши ҳаракатлари билан уларнинг орасида камида жангариларга қўшилишга мойиллик уйғонишига сабабчи бўлган. 
Ҳозирги вазиятни мукаммал деб атаб бўлмаса-да, Ироқнинг турли диний ва этник гуруҳларини қониқтиради. 
ИШИД тор-мор этилгач, АҚШ ва Британия Ироқ хавфсизлик кучларини тайёргарликдан ўтказишга анчагина вақт ва маблағ сарфлади. НАТОнинг қўлловидаги бу тайёргарлик америкалик ҳарбийлар кетганидан кейин ҳам давом этади. 

Қолаверса, ИШИД ўзининг эътиборини Яқин Шарқдан Африканинг деярли назорат қилинмайдиган ҳудудлари ва Афғонистонга қаратган кўринади. 

“Ироқ ҳукумати кучлари, афтидан, ИШИД ҳужумларини қайтара олади, – дейди Британия армиясининг собиқ зобити, айни пайтда Стратегик тадқиқотлар халқаро институти таҳличиси Бен Барри. – Лекин Ироқ суннийлари билан исёнга туртки берадиган даражадаги зиддиятни ҳал қилиш зарур”. 

2014 йилнинг ёзида ИШИД бутун минтақа бўйлаб шиддатли кампания олиб борди, бу эса Ғарбнинг диққати Ироқдан бошқа ҳудудларга қаратилишига сабаб бўлди. 
Шундан сўнг саксон давлатдан иборат коалиция жангариларни енгиш учун беш йил вақт ва миллиардлаб доллар маблағ сарфлади. Бундай бош оғриғи яна қайтарилишини ҳеч ким истамайди, албатта. Шундай экан, Америка ҳарбий қисмлари Ироқни тарк этса-да, Ғарб Ироқдаги вазиятни кузатишда давом этади. 

“Агар Вашингтон Ироқдаги ИШИД АҚШнинг бошқа давлатлардаги манфаатларига қарши ҳужум тайёрлаётганидан хабар топса, унга қарши бир томонлама зарбаларни амалга оширади”, – дейди Барри. 
Бунинг учун Пентагонда имконият бор: минтақага етарли даражада америкалик ҳарбийлар жойлаштирилган, Форс кўрфазида эса ҳарбий кемалари мавжуд. 

Эрон омили

Бироқ келажакда минтақадаги вазият Эроннинг фойдасига ўзгариши мумкин. 
1979 йилдаги инқилобдан бери Эрон қўшни давлатлардан Америка қўшинларининг олиб чиқилишига ва минтақадаги асосий давлатга айланишга ҳаракат қилиб келмоқда. 
Форс кўрфази давлатларида Эрон муваффақиятга эриша олмади, у ерларда Теҳронга ишонишмайди. Қолаверса, минтақанинг олтита давлатида ҳам АҚШнинг ҳарбий базалари бор. 

Лекин 2033 йили Ироқда Саддам Ҳусайннинг ағдарилиши Эрон экспансияси йўлидаги тўсиқни олиб ташлади. Эрон пайдо бўлган имкониятдан фойдаланиб қолди: Ироқ хавфсизлик тизимига ҳам, парламентига ҳам ўзига мойил одамларни жойлаштирди. 
Суриядаги уруш Эроннинг у ерга сезиларли миқдордаги ҳарбий кучларини жўнатишга шароит яратди, Ливанда эса Эроннинг иттифоқдоши бўлмиш “Ҳизбуллоҳ” мамлакатнинг энг йирик кучига айланди. 

Теҳрон ҳеч қаёққа шошилаётгани йўқ. Эрон етакчилари хоҳ очиқ, хоҳ яширин бўлсин, босимлар Американи ақалли ҳарбий йўналишда Яқин Шарқдан сиқиб чиқаришига ишонади.  
Америка базаларига ракета ҳужумлари, дронлар ёрдамидаги ҳужумлар ва АҚШ ҳарбийларига қарши норозилик намойишларининг мунтазам равишда қўллаб-қувватланишига сабаб мана шу.
АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий миссиясининг якунланиши Теҳрондагиларни мамнун қилиши шубҳасиз. 

Манба: Би-би-си

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Исроил АҚШдан ҳарбий ёрдам ололмаслиги мумкин

364 11:25 23.09.2021

Австралия Ташқи ишлар вазири: «AUKUS ҳарбий иттифоқ эмас...»

263 14:40 22.09.2021

Австралиянинг сув ости кемалари Франция ва АҚШ орасига совуқлик туширди

483 15:30 21.09.2021

“Америка жавобгарликка тортилиши зарур” – “Толибон” 

788 13:01 21.09.2021

АҚШ мамлакатга киришни осонлаштиради

414 11:05 21.09.2021

АҚШ Ямандаги уруш учун Саудияни айблаяпти

705 16:40 18.09.2021
« Орқага