Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Арбаъин — ҳадисларнинг назмий кўриниши

1980

Адабиёт — чексиз уммон. Унда ўнлаб жанрларда миллионлаб ижод намуналари ёзилган. Ана шундай кўплаб адабий жанрлардан бири "Арбаъин"дир. Ушбу услуб ҳақида бугун биз сизга таништирмоқчи бўлган шоиримиз Мансур Жумаев китобидан қисқача таъриф келтирамиз. 

"Ўзбек адабиётида “Арбаъин” (“Қирқ ҳадис” - “Чил ҳадис”) ёзиш анъанаси улуғ мутафаккир шоир Алишер Навоийдан мерос. Ҳазрат Навоий ўз “Арбаъин”ида замонаси аҳли учун эслатишни лозим топган қирқта ҳадиснинг мазмунини назмга солади. Санади ва бошқа тафсилотлари билан каттагина ҳажмга эга бўлган бир ҳадис Навоий назмида тўрт сатрлик бир рубоийда ўз ифодасини топади. 

Бу анъана кейинчалик даҳо шоир Абдулла Орипов қалами билан сайқалланди, десак, янглишмаган бўламиз. Абдулла Орипов ўзининг “Ҳикмат садолари” туркумида шаклан ва мазмунан янгиликлар қилишга эришди: ҳар бир ҳадисни уч бандлик шеърга солди; ҳадиснинг мазмунини бериш билан бирга, ҳадисдан озиқланган шеърни ўзининг оригинал хулосалари билан халқчил тилда элга тақдим қилди. Бу ўзига хос янгича ёндашув эди. 

Абдулла Ориповдан сўнг ҳам бу анъанани давом эттирган замондош шоирларимиз талайгина. Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг саккизликлардан иборат замонавий “Арбаъин”и ҳам ўзига хослиги билан ажралиб туради. Таниқли шоирлар Шукур Қурбон ва Ғайрат Мажиднинг ҳам бу йўлдаги саъй-ҳаракатлари таҳсинга сазовор". 

Замондош шоиримиз ҳам ушбу анъана давомчиси саналиб, арбаъин жанрида китоб жамлашга муяссар бўлган. Тўртликларни эътиборингизги ҳавола қиламиз.

1) Ватанни севиш ҳам иймон матлаби,

Демак, унга элтар соғинч маркаби

Юртга шош Мадина деворларини

кўриб от тезлатган пайғамбар каби.

Изоҳ:

Абу ибн Ҳужр – Исмоил ибн Жаъфар – Ҳумайд – Анас: 

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафардан қайтиб, Мадина  деворларини кўрса, туяларини тезлаштирар эдилар. Агар улов устида бўлсалар, (Мадинани) севганидан уни ҳаракатга солар эдилар”.

“Сунани Термизий”, 3441-ҳадис.

***

2) Сидқу вафо тилаб сендан дилим тек,

Сидқим жавобини ололмадим лек.

Вафо қилгил, куйиб кул бўлмасин боз

Қалбинг Бану Назир хурмозоридек.

Изоҳ:

Қутайба – Лайс – Нофеь – Ибн Умар розияллоҳу анҳу бизга ҳадис айтадилар:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бану Назирнинг хурмозорига ўт қўйдириб, кесиб ташлатдилар. У Бувайра (номли мавзе)дир. Шундан Аллоҳ:  “(Эй иймон келтирганлар!) сизлар (Бану Назир хурмозорларидан) бирор хурмо кесдингизми ёки уни ўз таналарида турган ҳолда қолдирдингизми, бас, (қилинган иш) Аллоҳнинг изни билан фосиқ (иймонсиз) кимсаларни расво қилиш учун бўлди”, – деб нозил қилди”.

Бу ҳасан-саҳиҳ ҳадисдир!

“Сунани Термизий”, 1552-ҳадис.

Ҳадисда “Ҳашр” сурасининг 5-ояти зикр қилинган.

Бану Назир уруғи Мадинадаги яҳудийлар қабиласи эди. Улар мадиналик мусулмонлар билан иттифоқдош бўлишган. Кейинчалик мушриклар билан яширин бирлашадилар. Уларнинг бу иши сабабли 4-ҳижрий йили рабеъул-аввал ойида уларнинг қалъалари қамал қилинади. Хурмозорлари ёқиб юборилади, айримлари қўпориб ташланади.

***

3) Хожамсан, нафсим, не қилай ман энди?

Йиғлаб жойнамозга қулайман энди.

Эрким вафотингга боғлиқ мудаббар

Қул каби ўлмоғинг тилайман энди.

Изоҳ:

Ибн Абу Умар – Суфён ибн Уйайна – Амр ибн Динор – Жобир розияллоҳу анҳу бизга ҳадис айтганлар.

“Ансорийлардан бир киши ўзининг қулини мудаббар қилди ва вафот этди. У бундан бошқа мол-дунё қолдирмаганди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни сотдилар. Уни Нуайм ибн Абдуллоҳ ан-Наҳҳом (р.а.) сотиб олди. Бу ўтган йили Ибн аз-Зубайр розияллоҳу анҳунинг амирлик даврида вафот этган қибтий қул эди”.

Абу Исо раҳимаҳуллоҳ: “Бу ҳасан – саҳиҳ ҳадисдир!” дедилар.

“Сунани Термизий”, 1219-ҳадис.

Ҳадисда номи келган Нуайм ибн Абдуллоҳ ан-Наҳҳом эса илк мусулмон бўлган саҳобалардан бири бўлиб, ҳижрат қилмай Маккада қолган. Фатҳдан олдин Мадинага келганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни қучоқ очиб кутиб олганлар. Унинг йўталини жаннатда эшитганини пайғамбаримиз башорат қилганлар. Шунинг учун “ан-Наҳҳом” (кўп йўталувчи) деган лақабга эга бўлган. У мазкур ҳадисда тилга олинган Яъқуб исмли қулни 800 дирҳамга сотиб олган эди. 636 йил Ярмук жангида вафот этган.

Ибн аз-Зубайр – Абдуллоҳ ибн Зубайр (624–692)ни 683 йил мусулмонлар халифа қилиб кўтаришган. Унинг бошқаруви 9 йил давом этган.

Изоҳ:

Мудаббар – қул озод қилишнинг бир тури. Бир киши қулига: “Менинг вафотимдан кейин озодсан!” – деган бўлса, ўша қул мудаббар ҳисобланади. У икки  хил бўлади: 1) ҳеч қандай шартга боғланмасдан, вафотидан кейин озод қилиниши айтилган қул. У хўжаси вафот этгандан сўнг, ўз қийматининг учдан бирини тўлаш эвазига озод қилинади; 2) бирор шартга боғлаб озодлиги айтилган қул. У ушбу шартни бажарганидан сўнг озод бўлади.

***

4) Аллоҳдан Китоблар мактуб қилинган,

Набавий муҳаббат матлуб қилинган:

Бизга бу дунёда дилбар аёллар

Ва хушбўй нарсалар маҳбуб қилинган.

Изоҳ:

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Дунёларингиз ичида менга аёллар ва хушбўйликлар ёқимли қилинди”.

Аҳмад ва Насоий ривоятлари.

Ойша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дунёдан аёллар, хушбўй нарсалар ва таомларни яхши кўрардилар. Аёллар ва хушбўйликлардан тотиндилар. Таомларга етишганлари йўқ”.

Аҳмад ривояти.

***

5) Ҳаёт жанггоҳида эрта ҳоридик,

Алам гуриллади дўзах норидек.

Эл Али туғмади Алидан бўлак,

Қилич топилмади Зулфиқоридек.

Изоҳ:

Яъни “Алидек жўмард паҳлавон, Зулфиқоридек кескир қилич йўқдир” ҳадисига ишора қилинган. Дарҳақиқат, пайғамбаримиз Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам Али каррамаллоҳу важҳаҳуни бир қатор ҳадисларда эслаганлар. Яъни “Мен илм шаҳридирман ва Али унинг эшигидир”, деганлари бунга мисолдир. Ҳазрати Али ҳақидаги яна бир ҳадисда эса: “Мен сендирман, сен мендирсан!” – дея марҳамат қилганлар. Зотан, Али каррамаллоҳу важҳаҳу энг аввал мусулмон бўлган зотдир. Қуйидаги ҳадисда бу борада хабар келади:

Анас ибн Моликдан: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сешанба куни пайғамбар қилингандилар. (Ҳазрати) Али каррамаллоҳу важҳаҳу эса чоршанба куни намоз ўқиганлар”.

Сунани Термизий, 3728-ҳадис.

(давоми бор)

Абдулқодир Маҳмуд тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Каховка ГЭСи: қурбонлар ҳақида расмий маълумот берилди

986 18:12 08.06.2023

Тожик мигрантлари муаммолари, Лавровнинг ташрифи ва ЕОИИ масаласи

1064 15:35 08.06.2023

Ўзбекистон – Истанбулдаги анжуман диққат марказида

705 13:07 08.06.2023

Канада: мусулмонлар мактабдаги  ЛГБТ дарсларига қарши чиқишди

1384 10:32 08.06.2023

Мадина шаҳри 2023 йилги Ҳаж мавсумига тайёр

724 09:49 08.06.2023

Эрон гипертовушли ракета ишлаб чиқарувчи дунёдаги тўртинчи давлат бўлди

1476 15:30 07.06.2023
« Орқага