Эндиликда собиқ президентга айланган Ашраф Ғани Афғонистонда барқарорликни таъминлай олмагани учун халқдан узр сўради ва мамлакатни тарк этаётиб халққа тегишли катта миқдордаги пулни олиб кетгани ҳақидаги айбловларни рад этди.
“Бу иддаоларнинг бари ёлғон. Коррупция – мамлакатимизга ўнлаб йиллар давомида зарар етказган вабодир ва унга қарши кураш президент сифатида ҳар доим диққат марказимда бўлган”, – дея ёзди сиёсатчи Твиттер'даги саҳифасида. Шунингдек, у сўзларининг тўғрилигини исботлаш учун БМТ ёки тегишли мустақил органнинг шафелигида молиявий текширув ўтказилишига тайёр эканлигини маълум қилди.
Ғани Афғонистонни тарк этиш ҳақидаги қарор ҳаётидаги энг қийин қарор бўлганини айтиб, шундай изоҳ берди: “Мен қон тўкилишига йўл қўймаслик ҳамда Кобул ва унинг 6 миллион аҳолисини қутқариш учун буни энг тўғри қарор деб ўйладим”.
Афғонистон президентининг миллионлаб доллар билан қочгани ҳақидаги иддаоларни Кобулдаги россиялик дипломатлар бир неча бор тилга олди. Хусусан, Россия элчиси Дмитрий Жирнов 18 август кунги интервьюсида Ашраф Ғани кетаётганида вертолётида пул лиқ тўла бўлганини айтди.