Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Аслида ҳамма ўз манфаати учун қайғуради...

1842

Хорижий ОАВда АҚШ Афғонистондаги нишонларга муносиб зарба бериш учун Ўзбекистонда аксилтеррор тузилмаларини жойлаштириш масаласини кўриб чиқмоқда, шу ойда буни муҳокама қилиш кўзда тутилган, мазмунидаги хабарлар тарқатилмоқда.

Бу тарафда эса Путин МДҲ давлатларини Афғонистонда террорчилар йиғилаётганидан огоҳлантирмоқда.

Бир қарашда ҳамма ғамхўр, ёрдам беришга тайёр. Аммо бундай “меҳрибончилик” фонида Марказий Осиёдаги мавжуд геосиёсий кураш тобора кучайиб бораётганини пайқаш қийин эмас. Шунинг учун ҳам биз учун “бош оғриқ масала” фақатгина жануб томонда, дея олмаймиз.

Энди бевосита биринчи маълумотга эътибор қилсак. Пентагоннинг ёндашуви қандай бўлади, у аксилтеррор тузилмани “бу ҳарбий база эмас, Афғонистонда тинчлик ўрнатишга кўмак”, деб атайдими, буниси ҳозирча бизга қоронғу. Аммо шуниси аниқки, мамлакатимиз Ташқи сиёсий фаолият концепцияси ва Мудофаа доктринасига мувофиқ, Ўзбекистон ҳудудида ҳеч қандай хорижий ҳарбий базаларнинг жойлаштирилиши мумкин эмас. Буни мамлакатимиз халқаро минбарларда доимо таъкидлаб келмоқда. 

Путиннинг хавфдан огоҳлантириши, “ана келяпти...”, деб бот-бот қўрқитиши эса “Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига қўшилсангиз, унинг аъзоларига ҳеч ким таҳдид қилолмайди” қабилида ўз тарафига айёрона тортишга уриниш бўлиб туюлади менга. Албатта, бу ўта шахсий қараш. Бироқ, шундай бўлганда ҳам, юқоридаги концепциямизда мамлакатимиз ҳарбий блокларда иштирок этмаслиги ҳам белгилаб қўйилган.

Яқинда ташқи ишлар вазиримиз Абдулазиз Комилов айнан шу мавзулар хусусида газетага берган интервьюсида батафсил тўхталган. Келинг, шунга эътибор қаратсак.

“Ўзбекистон эса ҳамиша барча масалаларнинг, айниқса, узоқ ўн йилликлар мобайнида барча қўшни мамлакатларда ташвиш уйғотиб келган Афғонистондаги низонинг тинч йўл билан ҳал этилишини ёқлаган ва ёқлайди. Биз афғон муаммосини ҳал этишнинг ҳарбий йўли йўқлигини доимо таъкидлаб келганмиз. Бугунги кунда жаҳон ҳамжамиятида бу нуқтаи назарга кўпчилик хайрихоҳлик қилмоқда. Афғонистондан халқаро коалиция қўшинлари олиб чиқилгани ҳам бизнинг ёндашувимиз тўғри эканини кўрсатди.

Биз Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги, жумладан, Ташқи сиёсий фаолият концепцияси ва Мудофаа доктринасига мувофиқ, мамлакатимиз ҳарбий блокларда иштирок этмаслиги тўғрисида бир неча бор баёнот берганмиз. Бундан ташқари, бугунги кунда мамлакатимиз ўз миллий хавфсизлигини таъминлаш учун етарли салоҳиятга эга экани ҳам амалий жиҳатдан ўта муҳимдир. Ўзбекистонда ҳарбий қурилиш соҳасидаги ислоҳотлар муваффақиятли бормоқда, миллий армиянинг ҳарбий-техникавий базаси мустаҳкамланмоқда”, дейди вазир.

Шунингдек, Комилов муайян таҳдид ва хавф-хатарларга ҳарбий иттифоқлар ва ташкилотлар воситасида қарши туриш мумкинлигини ҳам қайд этди.

“Бироқ хавфсизликка нисбатан таҳдидларга тўқнаш келганда фақат ҳарбий куч йўлини танлаш ҳамиша ҳам кутилган натижани бермайди. Ахир самарадорлиги кам бўлмаган ва ҳатто кўпгина ҳолатларда хавфсизликка нисбатан таҳдидларга қарши туришда лозим даражада таъсирчан бошқа воситалар ҳам бор-ку. Ана шундай воситалардан бири, бу — дипломатия.

Превентив дипломатия усуллари ўтган даврда ўзининг фойдали эканини кўп бор тасдиқлаган, ҳозирги пайтда ҳам амалий кучини, жумладан, Афғонистондаги янги вазиятга ёндашувларда тасдиқламоқда. Бу ерда гап фақат икки томонлама дипломатия ҳақида бораётгани йўқ. Халқаро миқёсда кўп томонлама даражада миллий ва минтақавий хавфсизликка нисбатан ҳар қандай кўринишдаги таҳдид ва хавф-хатарлардан огоҳ бўлишга қаратилган сиёсий-дипломатик механизмларнинг бутун бошли тизими яратилган ва у доимий равишда ривожланмоқда”, дейди вазир.

Ўзбекистон Президенти “Толибон” билан икки йил аввал музокара бошлагани бежиз эмаслиги бугун яққол кўринмоқда. Давлат раҳбари мамлакат тинчлиги учун ҳар қандай музокарага тайёрлигини шу нуқтаи назардан кўп бор таъкидлаб келмоқда. “Толибон” ҳам биз тарафга ўқ отилмаслигига ваъда берган. Аммо ташқи кучларга бу ёқмаслиги тайин. Улар аслида Марказий Осиёни, Афғонистонни шунчаки холи қўйишни исташмайди. Бу ерда катта манфаат бор...

@platformauzb

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Халқаро суд Арманистоннинг Озарбайжонга қарши даъвосини рад этди

65 11:30 08.12.2021

Жамол Қошиқчини ўлдиришда гумонланувчи Парижда ҳибсга олинди - ОАВ

210 10:46 08.12.2021

Бухоро: қадимий мадрасага гўзаллик салони рекламаси ўрнатилган

297 10:12 08.12.2021

Афғонистон: ўрмонларни ҳимоя қилиш учун ҳарбий бўлинма тузилди

178 09:39 08.12.2021

БААда дам олиш кунлари ўзгаради

699 09:15 08.12.2021

Минглаб фуқародан асоссиз айбловлар олиб ташланди, юзлаб фуқаро оқланди

414 08:08 08.12.2021
« Орқага