Францияда жазирама ва сайёҳлик мавсумининг қизғин даврида сувдан фойдаланишга чекловлар жорий этилди
Мамлакатда қурғоқчилик хавфи эълон қилинди. Бироқ ҳар бир минтақада вазият барқарор бўлмагани боис кўрилаётган чора-тадбирлар ҳам ҳар хил.
Мисол учун, Лионда майсазорларни суғориш ёки машина ювиш мумкин эмас. Қоидабузарлар жаримага тортилиши мумкин.
Қурғоқчиликнинг кўрсаткичларидан бири сув омборларидаги сув сатҳининг пасайишидир. Савойдаги Анси кўли ёз бошидан бери 33 сантиметрга пасайган. Ҳозирча бу ҳолат ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига таъсир кўрсатмади. Аммо одамлар аллақачон муаммоларга дуч келишмоқда, айниқса сув транспортида.
Сув танқислиги Европанинг кўплаб мамлакатлари учун жиддий муаммога айланмоқда. Венгрияда метеорологлар 1901 йилдан бери, яъни бир асрдан кўпроқ вақт ичида энг қуруқ етти ойни қайд этишди. Сув хўжалиги бош бошқармаси маълумотларига кўра, жорий йилда ёғингарчиликнинг ўртача миқдорининг атиги ярми тушган.
Буюк Британияда жазирама қишлоқ хўжалигида муаммоларни келтириб чиқарди. Деҳқонлар чорва учун кўк майса қолмагани, экинларни суғориш учун сув етишмаётганини маълум қилди.
Расмийлар сув истеъмолини чеклаётган бир пайтда, экологлар ботқоқларни тиклашни таклиф қилмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, бу чора қурғоқчиликка қарши узоқ муддатли кураш учун етарли миқдорда намлик тўплаш имконини беради.