Йўл қоидасига амал қилиш аввало умрингизни асрайди, кейин эса ҳамёнингизни. Бироқ йўл қоидасига амал қиласиз-у “фалокат оёқ остида” деганларидай қилмаган ишингиз учун жавоб беришингизга тўғри келсачи? Айбни бошқалар қилса-ю жавобгарликка сиз тортилсангиз ёки оқланган тақдирингизда ҳам асл айбдорларга чора кўрилмаса шунча “оворагарчиликлар” кишига алам қилади. Ва ёки шунча йил меҳнат қилиб пенсияга келганда ҳуқуқларингиз топталса...
Афсуски, бугун ҳаётимизнинг деярли ҳар бир жабҳаларида ҳуқуқларимизнинг бузилиш ҳолатлари учраб турибди. Қайсидир идорада ноҳақ ишдан бўшатилганмиз, қайсидир масъулнинг “жиғилдони” сабаб жавобгарликка тортилганмиз ёки бўлмаса йўл транспорт ҳодисасида айбсиз айбдормиз. Агар жабр кўрганингиз масъул идора вакили бўлса додингизни кимга айтасиз? Ёки бўлмаса қонун ҳимоячиси қонунни бузса нима қилиш мумкин?! Қанчадан-қанча инсонлар нафақа борасидаги муаммоларда кимга мурожаат қилишни билмайди. Улар сансалорликлардан чарчашган.
Мана шундай мураккаб вазиятларда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Омбудсман ўз ваколати доирасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласида бир қатор ишларни олиб бормоқда. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати раҳбари Фотима Мадраҳимова инсон ҳуқуқларини бузилиши ва жорий йилда уларни тикланишига оид айрим маълумотларни тақдим этди.
Маълумотларга кўра, омбудсманнинг Хоразмдаги минтақавий вакилига жавобгарликка тортилмай келинаётган шахс бўйича мурожаат келиб тушган. Аризада кўрсатилишича, И.С.нинг ўғли Э.О. 2019 йил 29 сентябрь куни Урганч-Хива йўлида ўзига тегишли бўлган “Матиз” русумли автомашинасини ўзининг ҳаракатланиш бўлагида бошқариб келаётганида қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган “Кобальт” русумли Х.Х. бошқарувида бўлган автомашина бошқарувни йўқотиб унинг ҳаракат бўлагига ўтиб, олдига чиқиб тўқнашув содир қилган, содир қилинган йўл-транспорт ҳодисасида ўғлининг айби бўлмасада уни ноҳақ айбдор қилганлар, ҳатто суднинг ҳукми чиқиб, жазо ҳам тайинланган.
Жазога тортилган шахс аппеляцияга мурожаат қилгандан сўнг оқланган бироқ унинг отаси прокурор айбдор деб топилган шахсга чора кўрмаётгани юзасидан омбудсманга мурожаат қилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Яна бир муаммоли ҳолат Жиззах вилоятида юз берган. Унга кўра Фуқаро З.Д. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (омбудсманга) шикоят билан мурожаат қилиб, шикоятида Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Шароф Рашидов туман бўлимининг тегишли қароридан норози эканлигини, зарарли меҳнат шароитларида ишлаганлик фактини белгилаб беришда ёрдам сўраган. Мазкур мурожаат қонунчиликда белгиланган тартибда ҳар томонлама ўрганилиши учун Омбудсманнинг Жиззах вилоятидаги минтақавий вакили Ўткир Жўраевга юборилган.
Аниқланишича, фуқаро ҳақиқатдан ҳам 1996-1998 йилларда Жиззах вилоят юқумли касалликлар шифохонасида ҳамда 1998-2022 йилларда Жиззах вилоят силга қарши кураш диспансери болалар бўлимида кичик тиббий ходим бўлиб ишлаган.
Омбудсман томонидан фуқаро З.Д.нинг шикояти асосида фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судига ариза киритилди.
Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судининг 2022 йил 20 июлдаги ҳал қилув қарори билан ариза қаноатлантирилиб, З.Д.нинг 1996 йил 24 майдан 2022 йил 16 декабргача “Имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқини берадиган ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичлар рўйхатларини қўллаш тартиби тўғрисида”ги Йўриқноманинг 5-бандига мос равишда зарарли иш ўрнида ишлаганлик факти тасдиқланди.
Суд томонидан ҳуқуқни тикланиши фуқаро З.Д.га имтиёзли асосда 50 ёшдан пенсияга чиқиш ҳуқуқини таъминлайди ҳамда ариза Омбудсман томонидан киритилганлиги учун фуқаро давлат божи тўлашдан озод этилди.
Афсуски манфаатини ва нафсини ўйлаб инсонларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини бузиб келаётган масъуллар кам эмас. Айримларининг “қўли узун”. Давлатимиз раҳбари бугун коррупция, қариндош-уруғчилик ва бошқа давлат равнақига тўсиқ бўладиган омилларга қарши муросасиз бўлиш борасида бир қатор чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Бироқ, шунга қарамасдан айрим давлат вакиллари орасида ҳали ҳануз бундай ҳолатлар учраб турибди. Мана шундай муаммоли вазиятга дуч келган инсонлар ўз ҳуқуқларини тиклаш учун омбудсманнинг ҳудудлардаги минтақавий вакилларига мурожаат қилишлари мумкин. Унутмаслик лозимки, қонун барчага баробардир.
Қонун ҳимоячилари ишга масъулият билан ёндашганида, тиббиёт муассасаси ва пенсия жамғармаси ҳодимнинг талабини вақтида бажарганида бу иш омбудсмангача бориб етмасди. Аслида, бугун омбудсман кўриб чиқаётган аксарият ишлар давлат идораларида осон ҳал бўлади. Бироқ, айрим нафсига қул ёкида бошқа манфаати бор кимсалар вақтни чўзиб ёки масалани ўз фойдасига ҳал қилишга ўрганган. Сабр косаси тўлгач инсонлар мана шу тартибда муаммосига ечим излайди. Ҳа, тўғри орамизда содда инсонлар кўп ва улар ҳуқуқларини билмаганлигидан осон алданишяпти. Ана шундай инсонларни сарсон қилаётганларга ҳам тегишли чора кўриш керак назаримда. Бир инсоннинг ҳуқуқини тиклаган билан муаммо ҳал бўлиб қолмайди. Бироқ, мана шундай инсон қадрига путур етказаётганларга ҳам тегишли чора кўрилса юқоридаги каби айбсиз айбдорлар ёки “адолат” излаб юрганлар камайган бўлар эди.
Камола Адашбоева