Қўшма Штатлар Афғонистон пойтахти Кобул марказида "аниқ" зарба бериш билан "Ал-Қоида" етакчиси Айман аз-Завоҳирийни ўлдирганини айтган президент Жо Байден бу жангари гуруҳга 2011 йилда асосчиси Усома бин Лодин ўлдирилганидан бери энг катта зарба бўлганини таъкидлади.
Боши учун 25 миллион доллар мукофот ваъда қилинган асли мисрлик жарроҳ Завоҳирийга 2001 йил 11 сентябрда 3000 га яқин одамнинг ҳаётига зомин бўлган ҳужумларни мувофиқлаштиришга ёрдам берган деган айб қўйилган.
Исмини ошкор қилишни истамаган АҚШ расмийларига кўра, Завоҳирий якшанба куни эрталаб Кобулдаги уйи балконига чиққанида АҚШ дронидан отилган "хеллфайр" ракеталари билан ҳалок қилинган.
“Энди адолат қарор топди ва бу террор етакчиси йўқ, қанчалик узоқ давом этмасин, қаерга яширинманг, халқимизга таҳдид солсангиз, Америка Қўшма Штатлари сизни топиб, йўқ қилади”, деган Байден душанба куни Оқ уйда.
Унинг сўзларига кўра, у Кобул марказига аниқ зарба беришга рухсат берган ва тинч аҳоли ҳалок бўлмаган.
“Толибон” вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид аввалроқ Кобулга якшанба куни зарба берилганини тасдиқлаб, буни “халқаро тамойиллар”нинг бузилиши сифатида кескин қоралаган эди.
Ички ишлар вазирлиги вакилининг айтишича, ракета бир неча элчихоналар жойлашган Шерпур мавзесидаги турар-жой биносига келиб тушган.
“Уй бўш бўлгани учун қурбонлар йўқ”, деб хабар берган матбуот котиби Абдул Нафи Такор.
“Толибон”нинг юқори мартабали мулозимининг Рейтер агентлигига айтишича, Завоҳирий аввал Ҳилманд вилоятида бўлган ва ўтган йилнинг август ойида “Толибон” мамлакатни эгаллаб олганидан кейин Кобулга кўчиб ўтган.
Сўнгги йилларда Завоҳирийнинг ўлими ҳақида бир неча бор миш-мишлар тарқалган, шунингдек унинг соғлиғи ёмонлашгани ҳақида ҳам хабар берилган эди.
Дрон ҳужуми АҚШ аскарлари ва дипломатлари 2021 йил августида Афғонистонни тарк этганидан бери АҚШнинг Афғонистонга уюштирган биринчи зарбасидир. Бу ҳаракат Вашингтоннинг Қўшма Штатлар Афғонистонда ҳарбий иштирокисиз ҳам амалиётлар ўтказиши мумкинлигини билдиради.
Унинг ўлими Завоҳирий “Толибон”дан бошпана олганми ёки йўқми деган саволларни ҳам туғдиради. Расмий “Толибон”нинг юқори мартабали амалдорлари унинг шаҳарда бўлганлигидан хабардор эканини айтган.
“Толибон ал-Қоида террорчиларига хавфсиз бошпана бермасликка дунёни ишонтирганидан кейин аз-Завоҳирийнинг Кобулда бўлгани учун жавоб беришга мажбур бўлади”, деган Вакиллар палатасининг разведка бўйича доимий қўмитаси раиси Адам Шифф.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг айтишича, “Толибон” Завоҳирийга бошпана бериб, Доҳада икки томон ўртасида эришилган келишувни "қўпол равишда бузган".
Собиқ президент Барак Обама ҳам Завоҳирий ўлдирилган операцияни олқишлади.
“Бугунги янгиликлар ҳам Афғонистонда урушсиз терроризмни йўқ қилиш мумкинлигидан далолатдир”, деб ёзган Обама твиттерда. "Умид қиламанки, бу 11 сентябрь оилалари ва Ал-Қоида қўлидан жабр кўрган барча бошқа одамларга бир оз таскин бўлади".
Республикачи сенатор Марко Рубио: "Усиз дунё хавфсизроқ бўлади ва бу зарба 11 сентябрь воқеалари учун масъул бўлган барча террорчиларни ва АҚШ манфаатларига таҳдид солаётганларни йўқ қилишга содиқлигимизни кўрсатади". деди
Илгари Завоҳирий Покистон ёки Афғонистонда қабилалар ҳудудида эканлиги ҳақида ҳам турли миш-мишлар тарқалган эди.