Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Аёл ва жамият (3-мақола) 

1686

ШАРҚОНА ҚAДР

Дарвозанинг ҳалқаси

Бир замонлар дарвозаларнинг икки ҳалқаси бўлган: бири катта, бири кичикроқ. Катта ҳалқа дарвозага урилганида меҳмоннинг эркак киши эканлиги англашилган. Кичигидан эса аёллар фойдаланишган. Ҳалқаларнинг қай бири чалинганига қараб, уй эгаларидан муносиби чиққан ва меҳмонни қаршилаган. Бугун эркаклар билан тенгликни даъво қилаётган аёлларга дуч келсам, шу икки ҳалқа хаёлимга келади. Уларнинг ўрни қачон алмашди, дегим келадию, лекин ҳалқа тугул, дарвоза ҳам ўрнидан кўчиб кетган бўлиб чиқади…

Оғриқли саволлар

Орият ҳамиша Шарқнинг ташриф қоғози бўлиб келган. Ғарб "гендер тенглиги" деб жар солишидан асрлар аввал Шарқда аёллар кафтда тутгандек авайланган. Айниқса, ўзбек йигитининг номуси, энг аввал, оила ҳимоясига қаратилган. Аммо негадир бугун «қоп кўтариб юрар аёллар»…

Ҳеч қачон ўзидан кучсиз рақиб билан кураш тушмаган мардларнинг авлоди қачон хотинини дўппослаб хумордан чиқадиган махлуққа айланди?

Боқувчисини йўқотган қўшни оиланинг фарзандларини ҳам қарамоғига олган саховатпешаларнинг авлоди қачон хотинининг чет элдан юборган пулини еб ётишга ўрганди? 

Aёлларига атаб саройлар қурдирган зотларнинг авлоди нега аёлни фақат уй-рўзғор машинаси ва инкубатор деб тасаввур қила бошлади?

Дарвоза тагида бўш челак турганини кўрса, уйнинг эркаги йўқлигини тушуниб, челакни сувга тўлдириб келтириб қўйган миллат фарзандлари қачон бор юкини аёлининг елкасига ортиб улгурди?

Биз қачон аёлни қуюшқондан чиқариб улгурдик?

Балки эътироз билдирарсиз, “Эрни эр қиладиган ҳам, қаро ер қиладиган ҳам хотин!” дерсиз? 

Aслида “Aёлни гул қиладиган ҳам, қул қиладиган ҳам эр”, “Aёлни бор қиладиган ҳам, хор қиладиган ҳам эр”, деймиз. Aгар мақоллар вазиятни ўзгартириш хусусиятига эга бўлса эди, ҳамма ишни бир чеккага отиб, бунга ўхшаш мақоллардан истаганча тўқирдик ва аҳволимизни ўнглаб олардик. Aфсуски, ҳолатимизни қуруқ сўзлар эмас, амалларгина ислоҳ қилади… 

Тенглик ≠ бахт

Жамият ҳамма замонда ўз ўрнини, ўз қадрини билган аёллар ва аёлларни қадрлаган эркакларга муҳтож! Ўзини ҳурмат қилган эркак атрофидаги барча аёлни қадрлайди. Уларни ўзи ҳам ранжитмайди, бошқаларга ҳам хафа қилдириб қўймайди. “Эркаклар билан тенглашаман”, деган ҳар бир аёлнинг ортида ғурурдан мосуво бир эркак бор. 

Биз – аёллар на эркаклар билан тенгликни, на улардан устунликни орзу қилмаймиз. Ҳар бир аёл ўзининг ҳимояланишини, қадрланишини ва бахтли бўлишни истайди. Оила бошлиғининг золим диктатор эмас, адолатли раҳбар бўлишини кутади. Aёл қадрланмаган уйда бахт бўлмайди: ҳамма нарсанинг ранги синиқ, фарзандларнинг боши эгик, кўнгли ўксик бўлади. 

Қийшиқ қовурға

Тан олиш керак, баъзан "озодликка чиққан шарқ аёллари ҳокимият тепасига ҳам чиқмоқчи" бўладилар, баъзан ҳою ҳаваслари сарҳадлардан ошиб кетади. Лекин ҳокимият барибир эркакларнинг қўлида, ундан тўғри фойдаланиб, чиройли тадбир билан чегараларни эслатиш мумкин. Оиладаги жуда кўп муаммоларнинг ечими аёлларнинг ҳиссиётга берилувчан қизиққон қалби билан эмас, эркакларнинг ақлли тадбири билан ечилади (Уйдаги масалалар ечимини бутунлай аёлига топшириб қўйган эркак ўзининг ақл жиҳатдан оқсашини бўйнига олиб қўяверса ҳам бўлади). Яна бир бор таъкидлашдан чарчамаймиз: аёл куч билан эмас, ақл билан, чиройли муомала билан, керак бўлса, ҳийла-тадбир билан йўлга солинади! Aкс ҳолда, "тўғрилайман деб синдириб қўйиш" ҳеч гапмас...

Энг яхшилардан бўлмайсизми?

Замонамиз марду майдонлари, оилаларнинг устунлари, энг яхшилардан бўлишни наҳотки истамайсиз? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Сизларнинг энг яхшингиз – аҳли аёлига яхши муносабатда бўладиганингиздир», деб марҳамат қилганларини эслатишга ҳожат бормикан? 

Катта арава қайси йўлдан юрса, кичик арава ҳам ўша йўлдан боради. Сизнинг қадамларингиз ортидан эргашиб келаётган укаларингиз, ўғилларингизнинг ҳам бир мактабга эҳтиёжи бор. Опа-сингил, аёлингиз, қизингиз ва онангиз эса бир ҳимоя тоғига муҳтож! 

Уларга шарқона қадр, ўзбекона иззат, исломий муомала керак! Мана шу – ҳақиқий гендер тенглиги!

Ойниса Ҳожиева

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Муслима аёлнинг ўзга дин вакилига турмушга чиқиши мумкинми?

2008 14:00 25.06.2022

Демократик жамиятимизда аёлларимизнинг теологик ҳуқуқи

1935 11:18 22.06.2022

UNICEF Ўзбекистондаги аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликларга муносабат билдирди

302 09:57 22.06.2022

Аёллар машина ҳайдаши мумкин(ми?)

893 15:45 10.06.2022

Мени нима эзади?

744 09:26 27.04.2022

Селда бедарак йўқолган шахснинг мурдаси топилди

717 16:07 21.04.2022
« Орқага