Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

«Аёлни чўриликдан бекаликка, бекаликдан оналикка олиб чиқайлик»

982

Аёлни Аллоҳ мукаррам қилган. Жаннат оналар пойида деб билишимиз уқтирилган. Қуръони каримнинг катта бир сураси “Нисо” – аёллар деб номланади. 

Лекин кейинги пайтларда аёллар ҳақидаги хабарлар анча пастлаб кетгани сезилди. 

Аёл боласини сотаётганда ушланди...

Аёл боласини ҳожатхонага ташлаб кетди...

Аёл боласини ҳайвонот боғида айиққа ташлаб юборди...

Аёл қўлига пичоқ олди...

Икки фарзанди билан аёл ўзини каналга ташлаб юборди...

Бир аёл онасини ўқлов билан урди...

Бу қаторни афсуски, яна давом эттириш мумкин. Ҳар гал шу хабарлар юрагимни тирнаб ўтади. Ҳамма аёлни лаънатлайди. Мен эса... уни оқлагим, мукаррамлигини эсига солгим келади. У беғубор қизалоқ эди... У оппоқ либос кийиб келинчак бўлишни  орзу қиларди... У қўғирчоғини бағрига босганида оналикни ҳис қилганди...

Аёлни нима ўзгартиради? Нима қуюшқондан чиқаради? Энг разил жиноятларга, гуноҳларга бошлаб боради? Шу саволлар тинчлик бермайди. Ҳали калтак еган она бўлиб, ҳали қотил аёлга айланиб уйғониб кетаман. Уларнинг кўнглидан ўтганларини ўзимда тасаввур қилиб кўраман.

 Кўп йиллар олдин таниқли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Эркаксиз уй” деган қиссасини ўқигандим. Шу ҳикоя асосида “Чаёнгул” фильми ҳам суртага олинган. Оилада эътибор, эридан меҳр кўрмаган аёл қотилга айланади. Шу кинодаги муштипар ёлғиз она, қалби қотиб қолган катта қиз, номуси паймол бўлган кичкина қизнинг юрагидан ўтганлари менинг анча пайт оромимни ўғирлаган. Тўнғич қиз эрининг эътиборсизлигидан безиб онасига дардини айтади. Қачонлардир қишлоғида бир девона йигит ортидан гул кўтариб юрганини эслайди. Бемеҳр эридан шу девонанинг эътиборини устун қўяди. Онаизор “Ахир у эринг, болангнинг отаси”, деб овутишга ҳаракат қилади. Қизнинг жавоби ундан ҳам юракка ботади: “Боламнинг отаси бўлгунча, кўнглимнинг эгаси бўлсин!” Ана шундай, аёл кўнгил билан ўйлайди. Кўнгил билан гапиради. Кўнгил билан йиғлайди. Шу кўнгил синавериб, синавериб, синиқлардан иборат бир парча тошга айланса, руҳий ҳолат бузилади. Энди унга барибир...

Номуси паймол бўлган қиз эса... чорасизликдан чора изламайди уям ўзини кераксиз тошдек тасаввур қила бошлайди...

Қайсидир йили касб тақозоси билан аёллар қамоқхонасига бордим. Аёлни жиноят кўчасига нима бошлаб келгани, руҳий ҳолатини ўргандим. Астойдил пушаймонлиги бор аёллар бор. Уларнинг тузалишига, соғлом ҳаётга қайтишига ишонгим келади. Бироқ қалби ва кўзи қотиб кетган, сенга нима, деб қаҳр билан қараган аёллар ҳам афсуски, бор эди. Буларнинг тузалиши... билмадим. Лекин уларнинг ҳам жамиятда ўрнини топишини истадим.

Уялинқираб, ниманидир айтмоқчи бўлиб турган аёлни суҳбатга тортдим. Бувисиникига меҳмонга борган ёш қизни тоғасининг ўғли номусига тегади. Буни онасига, яқинларига айта олмайди. Тоғавачча ҳарбий хизматдан келиб, уйланиб кетади. Бу қиз мактабда яхши ўқигани сабаб пойтахтга ўқишга бориш учун уйидан изн сўрайди. Ўқишга кира олмагач, уйига қайтмайди. Бир йил тайёрланаман дейди ва ижара уй топади. Ижарачи аёл билан бозорга чиқади. Ўртада ота оламдан ўтгач, қизга онанинг терговлари кор қилмайди. Бозорда жиноят устида қўлга олинади. Менинг ҳаётим ўн бир ёшимда абгор бўлган эди, дейди аёл. Ўн бир ёшли қизалоқ... Бир баднафснинг қилмиши туфайли ҳаётини арзонга сотди. Қамоқдан чиққандан кейин нима қиласиз, деган саволимга тайинли жавоб айтмади. Лекин унинг дилида пушаймонлик ҳисси, кўзида ҳаё кўриб умидландим. 

Яна бири ота-онаси эрта ажрашиб кетган қиз. Бир отаникида ўгай она қўлида, бир онаникида ўгай отанинг ёвқарашлари таъқибида катта бўлган. Кейин “меҳрибон” ҳомий топган. У билан содда қизларни чет элга “ишга” юбориш билан шуғулланган... қамалган. 

Шунда англадимки, қиз бола гулдек нозик эмас, гулдан нозик. У ҳамиша ҳимояга муҳтож. Уни парвариш қилиш керак. Ёлғизлатмаслик керак.Баъзан боласини ташлаб кетаётган аёллар ҳақида гапирилади. Аёлни қоралаймиз. Лекин она аламзада бўлмаса, чора топа олса бу ишни қилмас эди. Биз ўзимиз қийинлаштириб олган турмуш ташвишлари билан шунчалар бандмизки, атрофда бирор воқеа содир бўлгунча чора топмай содир бўлгач, ҳакамга айланамиз. Аёлда руҳий ҳолат бузилмасин. У аламзада бўлмасин. У қийин шароитда яшашга кўнади, аммо эътиборсизликка кўнмайди. У ўзини таъминлай олади, ўз қўли билан ўз бошини силай олмайди. 

Бир аёл оилада зулм ичида яшаган. Муттасил таҳқир ва азоблардан Республика Реабилитация ва мослаштириш марказига ўзи қочиб келди. Бу ерда унга психолог ва юрист ёрдами кўрсатилмоқда. Аёлнинг онасининг айтишича маҳалладагилар оилани яраштириш истагида экан. Тўғри, фарзандларга ота керак. Бир оила деворига дарз кетмасин. Лекин ҳаддини билмай аёлга зўравонлик қилаётган, ичадиган, бир иш қилмайдиган одамларни ахлоқини тузатиб, кейин яраштириш ишлари олиб борилмайдими? Янги ташкил этилган қўмита олдига мана шу долзарб вазифалар қўйилди. 

Биз қиз болани турмушга тайёрлаш, оналикка тайёрлаш ишларига эътиборлимиз. Лекин ўғил болалар уйланишидан олдин бир аёлнинг бош эгаси бўлишга, кўнглининг, хаёлларининг, имонининг ярмини тўлдириша тайёрми, эътибор қилмаймиз. Ота-боболаримиз бўлажак куёвларни бекорга ўтин ёрдириб, пойга ўйнатиб синамаган. Ҳатто кийимидаги белгилар ҳам йигит ҳақида “гапириб” турган.  Шунга қараб қиз узатишган. Афсуски, кейинчалик оилада ўғил бола тарбияси, ўғил болаларни ҳам оилага тайёрлаш масаласи эътибордан четда қолаётгандай. Шунинг ҳисобига қайнотасига мебель, гиламдан тортиб, кўрпа-ёстиққача “буюртма” қиладиган куёвлар кўпайди. 

Оилада фарзанд тарбияси кўпроқ оналар зиммасига қоляптими, демак, уларни пул топиш учун четга кетишдан, болаларига қайтариб берайлик. Аёлни чўриликдан бекаликка, бекаликдан оналикка олиб чиқайлик. 

Мен аёл ҳақида доим тўлқинланиб гапиргим, ёзгим келади. Аёллар мадҳ этилган суралар, ҳадислар ва бадиий асарлар жону дилим. Биров ҳатто жиноятчи бўлса ҳам аёл ҳақида ёмон гап айтишини кўтара олмайман. Чунки ҳар қандай сабабни юзага чиқарадиган омиллар бор. Бунда кўпинча аёллар айбдор эмас. Шароит, эътиборсизлик, севилмаслик... 

Аёл эътибор ва муҳаббатдан нафас олади. Яшнайди, кўкаради. Афсуски, баъзи ҳолларда ана шу муҳим нарса топилмайди. 

Озгина эътибор... 

Раҳмат, овқатинг ширин бўпти. 

Сенинг қўлинг гул.

Бахтимизга сен бор, онаси.

Шу гаплардан бирортасини эшитган аёл эртага бугунгидан яхшироқ бўлади. 

Жамиятга саводсиз, оиласи, болалари тугул ўзиниям яхши кўрмайдиган аёллар кириб келди. Ҳали болалари билан бирга сувга ташлайди, ҳали жонига қасд қилади... Бу масалада уларни оқламайман. Лекин шу кўйга бошқалар тушмаслиги учун нимадир қилгим келади.

Азиз оталар, муҳтарама оналар қизларингизни эътиборсиз қолдирманг, уларни ўқитинг. Жамиятнинг фаол фуқаросига айлантиринг. Ўзини яхши кўришга ўргатинг, худбинликка эмас. Гўзалликни севишга, ўзига эътиборли бўлишга ўргатинг, сатангликка эмас. 

Аёл ўзини яхши кўрса, оиласини, фарзандлари вояга етаётган жамиятни яхши кўради. Шу жамият ривожи йўлида елка тутиб беради.

Манзура Шамс

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Каховка ГЭСи: қурбонлар ҳақида расмий маълумот берилди

1001 18:12 08.06.2023

Тожик мигрантлари муаммолари, Лавровнинг ташрифи ва ЕОИИ масаласи

1073 15:35 08.06.2023

Ўзбекистон – Истанбулдаги анжуман диққат марказида

711 13:07 08.06.2023

Канада: мусулмонлар мактабдаги  ЛГБТ дарсларига қарши чиқишди

1398 10:32 08.06.2023

Мадина шаҳри 2023 йилги Ҳаж мавсумига тайёр

732 09:49 08.06.2023

Эрон гипертовушли ракета ишлаб чиқарувчи дунёдаги тўртинчи давлат бўлди

1477 15:30 07.06.2023
« Орқага