Сал олдинроқ «Азон китоблари»нинг янги дўкони ҳақида хабар берган эдик. Худди шу дақиқаларда янги дўконнинг очилиш маросими бўлиб ўтмоқда. Юртимизнинг бир қанча уламолари, фозиллари билан бир қаторда оддий китобсевар мухлислар ҳам маросимга етиб келишган.
Бу ерда яна бир муҳим воқеа – “Абдулҳамидхон” китобининг тақдимот маросими ҳам бўлиб ўтмоқда. Янги китобни харид қилиб, таржимонлардан дастхат олган китобхонлардан бири ҳаяжонини яшира олмай шундай дейди: “Биз бугун “Азон китоблари” дўконида кўплаб китобларни кўриш билан бирга янги “Абдулҳамидхон” китоби тақдимотига ҳам қатнашяпмиз. Бу китоб дўконидаги барча китоблар ҳамёнбоп ва илм тарғиб қилиши билан бошқалардан ажралиб туради".
Azon.uz ва AzonTV лойиҳалари муаллифи, устоз Мубашшир Аҳмад шундай деди:
"Бугун биз учун хурсандчилик кун, сабаби Аллоҳ яна бир китоб дўконини очишни, шу йўл билан кўплаб ҳамюртларимизга илм улашишни насиб этди".
“Абдулҳамидхон” китоби таржимонларидан бири Ҳусан Мақсудов китоб ҳақида: "Ушбу китоб биринчи нашр бўлиб, уни таржима қилишдан мақсад ўзбек китобхонларини турк адабиёти билан яқиндан таништириш эди. Ушбу китобни ўқиш жараёнида, китобхон нафақат бир инсон тарихи, балки бутун бир турк халқи тарихи ҳақида маълумотга эга бўлади. Китобнинг яна бир ўзига хос жиҳати, Туркиянинг географик жойлашуви ҳам ажойиб тарзда ёритиб берилганлигидадир".
Очилиш маросими қизғин давом этмоқда.