Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Azon.uz мухбирининг озарбайжонлик олим билан суҳбати

1366

Тоғли Қорабоғ можароси халқимиз учун жиддий имтиҳон бўлди... Azon.uz мухбирининг озарбайжонлик олим билан суҳбати
 
Telegram мессенжерида «Каспийский Берег» деб номланган чат-каналлар гуруҳи бўлиб, унга: 

  • асосан Озарбайжон билан боғлиқ янгиликлар бериб бориладиган очиқ «Янгиликлар канали»; 
  • фойдаланувчилар ёзма мулоқот олиб борадиган очиқ «Чат канали»; 
  • фойдаланувчиларнинг алоҳида тоифаси оғзаки мулоқот олиб борадиган ёпиқ «Овозли чат канал» киради.

Ёпиқ «Овозли чат канал»да турли соҳаларда фаолият юритадиган, асосан ўз юртида истиқомат қилаётган Озарбайжон фуқаролари ва дунёнинг турли бурчакларида яшайдиган озарбайжонлардан иборат зиёлилар Кавказ минтақаси ва Каспий денгизи билан боғлиқ мавзуларда боадаб, интеллектуал суҳбат қуришади.  

Мазкур «Овозли чат канал»га баъзан Озарбайжоннинг олиму уламолари, халқаро миқёсда кўзга кўриниб қолган журналистлари, сиёсий арбоблари, озарбайжон халқининг атоқли намоёндалари таклиф қилиниб, канал фойдаланувчилари билан савол-жавоб тарзида суҳбат ўтказишади.  

Ушбу каналнинг фойдаланувчилари рўйхатига турли юртларда яшаб, ўз ижтимоий фаолияти билан озарбайжон халқига дўстона муносабатда эканлиги аниқланган бошқа миллат вакиллари ҳам алоҳида таклиф ила киритилгани боис чат каналда ўтадиган барча суҳбатлар асосан ўрис тилида олиб борилади.  
Мен ҳам шундай фойдаланувчилар рўйхатига кириш шарафига муяссар бўлганман. 

Кеча 28 май куни Озарбайжонда «Республика куни» нишонлангани муносабати билан ёпиқ «Овозли чат канал» фойдаланувчилари билан Озарбайжон Миллий фанлар академиясининг катта илмий ходими, Кавказ тарихини ўрганиш маркази директори Ризван Ҳусейнов (озб. Rizvan Nəcəf oğlu Hüseynov) билан суҳбат уюштирилди.  

Суҳбат давомида мен ҳам чат канал меҳмонига бир жуфт савол ила мурожаат қилиб, батафсил жавобини олишга улгуриб қолдим: 

— Ризван ака, ассалому алайкум. Мен олис Ўзбекистондан, Шокир Долимов бўламан. Калининград олий ҳарбий-денгиз билиб юртини тамомлаб, сиз каби офицерлар таркибида ҳарбий хизмат ўтаганман, истеъфодаги подполковникман. Мумкин бўлса, бир-иккита саволим бор эди. 

— Ва алайкум ассалом, Шокир ака. Марҳамат, эшитаман. 

— Озарбайжон билан Арманистон халқлари ўзаро тинч-тотув яшайдиган замонлар қачон келиши мумкин, нима деб ўйлайсиз? Бирор кун келиб ушбу икки халқ орасида интеграция жараёнлари бошланиши мумкинми? Ушбу халқлар бугунги кунда келгуси қўшничилик мавзусида баҳс-мунозаралар олиб боришга қодирми? Ёки ҳозирча вазият бунга йўл қўймай, яхшиси диалог олиб бормаган маъқулми?

— Агар биз юзага келган бугунги воқеликни ўзимиз назорат қилиб, бошқармас эканмиз, бу ишни бизнинг ўрнимизга ёт бегоналар қилиши муқаррар. Бунда улар айнан бизнинг миллий манфаатларимизни кўзлашига кафолат бериб бўлмаслиги ҳам аён. Фикримча, халқимиз ушбу масалада етарлича имкониятга эга. Зеро, аждодларимиз нафақат ўз минтақамиз, балки қўшни минтақаларни, демакки, маҳаллий халқларни ҳам азалдан маҳобат-ла бошқариб келишган, биз ҳам шундай маҳобатга эгамиз, албатта.  

«Бошқариш» деганда мен кимларнидир камситишни эмас, аксинча, қўшни халқларнинг равнақи ва хавфсизлигини таъминлаш масъулиятини ўз зиммамизга олишимизни назарда тутмоқдаман. Биз бунга қодирмиз, асрлар оша шундай қилиб келганмиз ҳам. 

Бугунги кунда халқимиз, давлатимиз икки асрдан зиёд вақт давомида ҳукм сурган мудҳиш даврни тарк этиб, ниҳоят рўшноликка чиқиб олди. Давлатимиз бошига тушган ўша қора кунлар 1805 йили Шушани қўлдан бериб қўйган кунимиздан бошланган эди. Мана энди Шушани қайтариб олгач, юртимиз қувониб, яна ёруғлик кўрди. 

Бироқ халқимиз бугунги кунда юқорида айтилган масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёрмикан?

Реал воқелик билан виртуал ҳаётдан воқиф инсон сифатида айта олишим мумкинки, халқимиз айни кунларда зиммасига юкланадиган янги вазифа, бошқариш масъулияти ва маънавий юкламага тайёр эмас. Модомики, ўзимиз бошқаришга на виртуал оламда, на реал ҳаётда тайёр эканмиз, ҳеч шубҳа йўқки, минтақамизни бошқа кимлардир бошқаришга интилади, биз эса яна ёт кимсаларнинг ғаразли ғоялари асосида тузилган лойиҳанинг маълум бир қисми бўлганча қолаверамиз.

Бинобарин, биз ўзи нима исташимизни обдон ўйлаб кўришни, ният-мақсадларимизни фикр тарозисидан яхшилаб ўтказиб кўришни таклиф этаман: ташқи кучлар томонидан «чу-чу»лаб ҳайдалганча, ҳиссиёт-ла бошқариладиган оломон бўлишни хоҳлаймизми, ё қаердан йўл олиб, қай томон боришни, қандай мақсадни кўзлашни яхши биладиган халқ бўлишними?  

Шахсан мен ёт кимсалар томонидан илгари суриладиган сиёсат объекти бўлишни эмас, мустақил сиёсат субъекти бўлишни хоҳлайман. Бошқача қилиб айтганда, шахс бўлишни, халқ бўлишни, ким билан уруш олиб бориш, қачон уруш олиб бориш, ким билан қачон дўстлашишни, нима мақсадда дўстлашишни ўзи ҳал этадиган мустақил давлат бўлишни танлайман. 
Бу маънода биз ҳозир жиддий имтиҳон олдида турибмиз. Қарийб 30 йил чўзилган Тоғли Қорабоғ можароси халқимиз, юртимиз учун ниҳоятда жиддий имтиҳон бўлди. Бундай қалтис имтиҳоннинг биринчи қисмидан муваффақиятли ўта билдик. Бироқ шу билан ҳаммаси тугади, деган хаёлга бораётганлар қаттиқ янглишишади. Бу урушнинг охири йўқ, у баъзан виртуал оламда олиб борилса, баъзан дурагай шаклни касб этганча реал ҳаётга кўчиб ўтади, ўтган йилги 44 кунлик уруш сингари бевосита ҳарбий-сиёсий қарама-қаршилик тусини олади. 

Ҳаёт бу, – кураш демакдир! Фикримча, ушбу оддий ҳақиқатни қанчалик тез идрок эта билсак, шунчалик хотиржам яшаб, кураша оламиз. Қўшнимиз арманларнинг феълини, минтақада тутган ўрнимиз ва ролимизни инобатга олганда, бундан бошқа йўлнинг ўзи йўқ бизга. 

Арманлар ҳақида гап борар экан, уларга нисбатан вазминлик-ла муносабатда бўлишимиз керак, уларнинг мағлуб бўлган оламон эканлигини, бирор бир миллий лойиҳага эга бўлмаган тўда эканлигини, ҳамиша бир хил хатоликка йўл қўйишга маҳкум бўлган халқ эканлигини тўғри тушунишимиз керак. Олдимизда турган вазифа – Озарбайжон билан диалог олиб боришни истамаган арманларни виртуал оламда ҳам, реал ҳаётда ҳам жисмонан ёки бошқа усулда зарарсизлантиришдан иборат. Нисбатан соғлом фикр юрита биладиган арманлар билан алоқа боғлашимиз керак. Зеро, на улар, на биз Мирриҳга учиб кетамиз, бир ерда яшаб, яхшими, ёмонми, қўшничиликни давом этишга мажбурмиз. Истиқболда улар билан интеграциялаша олсак, миллий маҳобатимизни яна бир бор намоён эта олган бўламиз, холос. 

Арманлар билан диалог олиб боришга қодир, бунга руҳан тайёр бўлган фуқароларимиз бу ишга бош қўшишлари лозим. Руҳан тайёр бўлмаган фуқаролар эса – аралашишмагани маъқул. Чунки Арманистон томондагилар ҳам, Озарбайжон томондагилар ҳам виртуал оламда ўз ранж-аламини бир-бирига тўкиб-сочиб ҳосил қилаётган номақулчилик ҳеч қачон яхшиликка олиб келмайди. Бир қараганда оила даврасида, ёр-биродарлар орасида туппа-тузук муомала қила биладиган бундай одамлар қўлига телефон олишлари ҳамоно, ичида мудраб ётган даҳшатли махлуқ уйғониб кетади. Вақ ўтиб, виртуал оламда яшайдиган ўша махлуқ реал ҳаётда ҳам кўриниш бера бошлайди.  

Шундай экан, саволингизга бераётган жавобимни якунлар эканман, киши кучли ҳаётий позицияга эга бўлиши керак, дейман. Зеро, кучли одам ҳеч қачон ҳаётдан нолимайди, бировни сўкиб, ҳақорат қилмайди. 

— Сўнгги вақтда мен Европа фашизми билан арман фашизмини ўзаро қиёслаб бормоқдаман. Маълумки, фашизм Европада вужудга келган бўлиб, ўша ернинг ўзида тараққийпарвар дунё халқлари томонидан даф қилинган. Кўриб турибмизки, Европа халқлари жуда иноқ яшашади. Уларнинг иноқлиги кечаги кундан  бошламаган, албатта. Тинчлик йўлида, ўз юртларининг келгуси равнақи йўлида иноқ яшашлари учун, бир-бирига қарши жанг қилган, фашизмдан, Вермахт аскарларининг қўлидан зулм кўрган халқлар бир-бирини кечира билишди. Шундай бир ҳол Кавказда ҳам қарор топиши мумкинми? 

— Жуда яхши савол бердингиз. Фашизмнинг, нацизм евгеникасининг, одамларни мафкуравий жиҳатдан тенг бўлмаган табақаларга бўлган ҳар қандай қабоҳатнинг ватани чиндан ҳам Европа давлатлари, ўша ердаги монархиялар бўлган. Улар жумласига Италия, Германия, Буюк Британиядаги доиралар киради. Қолаверса, Европанинг барча давлатлари ўзига хос фашистик мафкуралар ишлаб чиқишиб, одамларнинг муайян табақасини бошқалардан устун кўриб келишган.

Афсуслар бўлсинким, бундай қабоҳат бизнинг минтақамиз – Кавказга ҳам кириб келган бўлиб, мана 100 йилдирким, қўшнимиз Арманистонда барҳаёт бўлиб келмоқда. Неофашизм мафкураси у ерда Гарегин Нжде мафкураси асосида гуркираётганидан хабаримиз бор. Фашистларнинг, нацистларнинг малайи бўлган ўша Нжде ҳали олмон фашизмининг синчи пухта шаклланмай туриб, цехакронизм дея ном олган арман фашизмига асос солишга улгурган. Ушбу мафкурани у дастлаб АҚШ, сўнг Мюнхендаги таълим муассасаларида ўқитиб, дарс ўтган. Мюнхен эса, ҳаммага маълумки, олмон фашизмининг пойтахти, нацизм мафкурасининг маркази бўлган. 

Афсуски, қўшнимиз Арманистон ҳукумати, биринчи навбатда, унинг собиқ президентлари Роберт Кочерян билан Серж Саркисян иккаласи Нждени ва унинг фашистик мафкурасини топиниш санамига айлантириб юборишган, китобларини чоп этиб, мактабда ўқувчи болачаларга ўқитишган, шаҳар-қишлоқларга Нжденинг ҳайкалларини ўрнатишган. 

Мана энди арман фашизми олмон фашизми сингари охир-пировардида бир пулга қиммат, пуч мафкурага айланди қолди. Бугунги кунга келиб шармандаларча мағлуб бўлган Арманистонда ўтган йили куз фаслида бўлиб ўтган ҳодисаларни ҳазм қилишнинг оғир жараёни кечмоқда. Кўпдан буён баргида юришга одатланган арманларга энди ерга тушиб, дунё халқларининг ҳаммаси тенг ҳуқуқли эканликларини қайтадан англашга тўғри келмоқда. 

Агар уларнинг қўлидан анави бемаъни дарсликларини, «дунёнинг киндиги Буюк Арманистон ва қадимий арманлар бўлади» дея битилган, фашизм ғоялари ила суғорилган чиқиндибоп сохта тарихини тортиб олиб, ўрнига тўғри тарих ёзиб берилса, бундай янги дарсликларни ўзлаштирган соғлом фикрли, такаббурликка берилмаган ёш авлод ўсиб улғайса, келгусида бирор-бир барқарор позитивга, ижобий ўзгаришларга умид қилиш мумкин, деган фикрдаман. Бундай ҳолат юз бермас экан, таассуфки, арман қўшнимиз билан сурункали тўқнашиб бораверамиз. 

----------------------------------------- 
Қўшимча маълумот:

  • Ризван Ҳусейнов (озб. Rizvan Nəcəf oğlu Hüseynov) 1973 йили Бокуда туғилган. 
  • 1996 йили Боку Давлат университетининг тарих факультетини тамомлаган. 
  • 1992 – 2003 йиллари Озарбайжон Қуролли Кучлари сафида ҳақиқий ҳарбий хизмат ўтаган, захирадаги офицер. 
  • 2005 йилдан журналистика соҳасида фаолият юрита бошлаган. 
  • 2011 йилдан эътиборан илмий-тадқиқот ишлари билан машғул. 
  • Озарбайжон тарихи, Арманистон-Озарбайжон можароси ва Жанубий Кавказнинг геосиёсатига бағишланган бир нечта асар, 150 дан зиёд илмий ва оммабоп мақолалар муаллифи. 
  • Россия, Туркия, Грузия ва бир қатор бошқа давлатлар архивларида илмий тадқиқотлар олиб бормоқда. 

Ризван Ҳусейновнинг қаламига мансуб «Озарбайжон ва Кавказдаги арман масаласи» деб номланган монографияси ўқиб чиқишга тавсия этилган бўлиб, бир қатор хорижий олий таълим муассасаларида таълим дастурларига киритилган. 
Ушбу монография Озарбайжон Президент кутубхонаси, М. Ф. Ахундов номли кутубхона, турли давлатларнинг Китоб саройлари, АҚШ ва Европа давлатлари олий таълим муассаси кутубхоналаридан жой олган.  

Хусусан, мазкур монографияни Истамбул «Orient-Institut» институтининг (Orient-Institut Istanbul) кутубхонасида, АҚШ Конгресси кутубхонасида (Library of Congress), Гарвард Университети кутубхонасида (Harvard University), Гарвард-коллеж кутубхонасида (Harvard College Library), Принстон Университети кутубхонасида (Princeton University Library), Стэнфорд Университети кутубхонасида (Stanford University Libraries), Огайо Давлат университети кутубхонасида (Ohio State University Libraries), Индиана университети кутубхонасида (Indiana University), Калифорния Университети кутубхонасида (University of California), Мартин Лютер номли Галле-Виттенберг Университети кутубхонасида (Martin Luther University of Halle-Wittenberg) топиш мумкин. 

Ризван Ҳусейнов бугунги кунда Озарбайжон Миллий Фанлар академияси Ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари институтининг катта илмий ходими бўлиб, 2014 йилдан буён Кавказ тарихини ўрганиш маркази директори сифатида фаолият юритиб келмоқда.

2015 йили ЮНЕСКОнинг Шимолий Кавказ бўйича маънавий анъаналар, маданиятларнинг ўзига хос жиҳатлари ва динлараро диалогнинг компаратив тадқиқотлар кафедраси бўлинмасининг доценти сифатида сайланган. 

Шокир Долимов, 
Azon.uz’нинг ҳарбий-сиёсий шарҳловчиси,  
истеъфодаги подполковник

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

АҚШ ва Туркия вазирлари Россия ва Украина ўртасидаги вазиятни муҳокама қилди

428 13:05 02.12.2021

Серикжан Мамбеталин: бизни ким ютиб юборади - Россиями ёки Хитой?

4022 14:06 23.11.2021

Тугамаган можаро: Озарбайжон ва Арманистон раҳбарлари Брюсселда учрашади

481 15:10 20.11.2021

Арманистон Мудофаа вазирлиги Сюникдаги йўқотишлар ҳақидаги маълумотларни янгилади

938 17:35 19.11.2021

Россиялик генерал махсус топшириқ билан Ереванга етиб келди

1290 17:37 18.11.2021

Озарбайжон ва Арманистон қурбонлар ҳақида маълумот берди

1192 14:50 17.11.2021
« Орқага