Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

AzonTV ва Ислом тараққиёт банкининг ташкилоти ўртасида шартнома имзоланди

2207

Ислом тараққиёт банки гуруҳига кирувчи Хусусий тармоқни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси (ICD) ва Azon New Media корхоналари ўртасида ҳамкорлик ва Ислом молиясини тарғиб қилиш бўйича шартнома имзоланди. Шартнома 2021 йилда Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилаётган Ислом тараққиёт банки Гуруҳи Бошқарувчилари Кенгашининг 46-йиллик йиғилишига тайёргарлик ишлари доирасида амалга оширилади.

Келишувга кўра AzonTV Ўзбекистон иқтисоди, хусусан, мамлакатда Ислом молиясининг ривожи, Хусусий тармоқни ривожлантириш бўйича Ислом корпорациясининг Ўзбекистондаги фаолияти тўғрисида мақола, интервью ва видео материаллар тайёрлаб боради. Ушбу материаллар оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда эълон қилиб борилади. Шунингдек, тайёрланган материаллардан 2021 йилда Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Ислом тараққиёт банки Гуруҳи Бошқарувчилари Кенгашининг йиллик йиғилишида Ислом тараққиёт банки раҳбарияти, делегация раҳбарлари, вазирлар, молия муассасалари, халқаро ташкилотлар вакиллари, банкнинг мижоз ва ҳамкорларига намойиш этиш учун фойдаланилади.

Йиллик йиғилишда Банкка аъзо 57 мамлакат, халқаро ташкилотлар ва молия институтлари, хорижий ишбилармон доиралар ва оммавий ахборот воситаларининг 2 мингга яқин вакиллари иштирок этиши кутилмоқда. Тадбир ўтказилиши Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга кенг жамоатчилик эътиборини жалб этиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг энг муҳим ташаббуслари Банк томонидан қўллаб-қувватланишини кенгайтириш ва Ўзбекистонда Банкнинг инвестиция портфелини оширишни назарда тутган ҳолда, ИТБ билан ҳамкорлик кўламини кенгайтиришга имкон яратади.

Azon New Media директори Ғайратхўжа Сайидалиев ушбу шартнома бўйича фикрларини билдирди: «AzonTV томонидан эришилган ушбу халқаро келишув ўтган бир неча йил давомида Azon лойиҳаси халқаро ташкилотлар ва тадбирларнинг медиа ҳамкори даражасига чиқа олганини билдирувчи муҳим лойиҳа ҳисобланади. Бошқа тарафдан, Ўзбекистон иқтисодига катта фойда келтириш потенциалига эга бўлган, халқимиз томонидан талаб юқори бўлган Ислом молияси соҳасини тарғиб қилиш корхонамизнинг билимли, замонавий мусулмонларни тарбиялаш стратегиясига ҳамоҳанг. Бу йўлда давлат идоралари, банклар, тадбиркорлар, ўқув муассасалари ва бошқа оммавий ахборот воситалари билан самарали ҳамкорлик олиб бориш режамизда бор».

Хусусий тармоқни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси халқаро молия муассасаси бўлиб, Ислом тараққиёт банки (IsDB) гуруҳи таркибига киради. ICD 1999 йил ноябрь ойида хусусий тармоқ лойиҳаларини молиялаштириш, рақобат ва тадбиркорликни ривожлантириш, ҳукуматлар ва хусусий компанияларга маслаҳат хизматларини кўрсатиш ва ташқи инвестицияларни рағбатлантириш орқали аъзо мамлакатларнинг иқтисодий ривожланишини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган.

Ислом тараққиёт банки, Ислом ҳамкорлик ташкилоти аъзолари бўлган 55 та давлат, ҳамда бешта давлат молиявий муассасалари ICD нинг акциядорлари ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси 2004 йилнинг 14 сентябрида ICD га аъзо давлатлар қаторига қўшилган.

Ҳозирги кунда Хусусий тармоқни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси муробаҳа савдо битими орқали Ўзбекистондаги маҳаллий банклар ёрдамида хусусий тармоқ корхоналарини молиялаштириб келмоқда. Шунингдек, Ўзбекистоннинг бир нечта банкларида Ислом молияси дарчалари очиш бўйича фаолият олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019 йилда Ислом тараққиёт банки гуруҳи ва Араб мувофиқлаштириш гуруҳи жамғармалари билан шерикликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Қарор қабул қилинган.  Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил 29 декабрь куни ўзининг Олий Мажлисга қилган мурожаатида, «Ўзбекистонда ислом молиявий хизматларини жорий этиш бўйича ҳуқуқий базани яратиш вақти-соати келди. Бунга Ислом тараққиёт банки ва бошқа халқаро молия ташкилотлари экспертлари жалб этилади»,деганди.

 

Музаффар Ҳусниддинов

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Йўловчи» бугун “Compass” савдо мажмуасида

593 19:00 11.12.2021

Айни дамда: «Йўловчи» Magic city’да

885 19:33 04.12.2021

«Azon» тўрт ёшда!

1388 14:00 29.08.2021

Qur'onTV hamda AzonTV hamkorlikda hijriy 1443-yilni onlayn nishonlaymiz

1361 21:36 09.08.2021

Муфтий Усмонхон Алимов: «Azon.uz’ни энг асосий ёрдамчимиз деб ҳисоблаймиз»

3586 19:15 25.06.2021

Дин ишлари бўйича қўмита томонидан Azon.uz сайти материаллари бўйича ўтказилган экспертиза ҳақида

7563 23:05 23.06.2021
« Орқага