Президентимиз томонидан республикамизнинг 4 та вилоятида қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш бўйича қарорлар имзоланди, дея маълум қилди Энергетика вазирлиги.
Ушбу қарорларга асосан 2023 йил якунига қадар умумий қуввати 1 096,6 МВт бўлган 4 та қуёш фотоэлектр станциялари ишга туширилади.
Хусусан, Сурхондарё вилояти Шеробод туманида қуввати 456,6 МВт бўлган фотоэлектр станцияси 2023 йилнинг декабрь ойига қадар, Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида қуввати 220 МВт бўлган станция октябрь ойига қадар, Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида қуввати 220 МВт бўлган станция ҳам 2023 йил октябригача ўз фаолиятини бошлайди. Ушбу фотоэлектр станцияларини Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси барпо этади.
Навоий вилояти Нурота туманида қуввати 200 МВт бўлган фотоэлектр станцияси эса 2023 йилнинг ноябрь ойига қадар Нидерландиянинг “Phanes Energy Holding III B.V.” компанияси томонидан ишга туширилади.