Бугун Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев лавозимидан озод этилгани ва унинг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаб келаётган Бахтиёр Раҳмонов Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи лавозимига тайинлангани ҳақида давлат раҳбари матбуот хизмати маълумотига таяниб хабар берган эдик.
Бугунги кунгача Бахтиёр Раҳмонов пойтахт ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган. У 1959 йилда Тошкент вилоятида туғилган. 1996 йилда Киев муҳандислик-қурилиш институтини, 2000 йилда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.
2005-2008 йилларда Тошкент шаҳар ҳудудий коммунал-операция бирлашмаси бош директори ва 2008-2011 йилларда Тошкент шаҳар Миробод тумани ҳокими лавозимларида ишлаган.
Бахтиёр Раҳмонов 2011 йилдан 2016 йил мартигача пойтахт ҳокимининг капитал қурилиш, коммунал хўжалик, ободонлаштириш, саноат ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган. Кейин худди шу масалалар бўйича ҳоким ўринбосари этиб тайинланди.
2017 йил апрель ойида Сергели тумани ҳокими, 2018 йил май ойида Олмазор тумани ҳокими этиб тайинланган.
Шунингдек у, 2021 йил январь ойидан бошлаб ҳозирги кунгача Тошкент шаҳар ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимларида фаолият юритган.