Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Байроқдор шайх номига қўйилган масжид

1608

Бу сафар «Хўжа Аламбардор» халқ тилида «Камолон» деб номланадиган масжид тарихи билан танишамиз. 

"Хўжа Аламбардор" жоме масжиди Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманидаги "Янгиобод" маҳалласи Камолон кўчаси 71-уйда жойлашган. Масжид Тошкент шаҳар Адлия бошқармасида рўйхатдан ўтган. "Хўжа Аламбардор" масжидига шу номнинг берилишининг сабаби, "Хўжа Аламбардор" баъзи манбаларда "Хожа Аламдор" лақаби билан тилга олинган Тошкентдаги мақбара эса Абдулазиз бобнинг рамзий қабри сифатида машҳур. Мазкур мақбаранинг қачон ва нима сабабдан юзага келгани ҳақида маълумот берувчи ёзма манбанинг ҳозиргача учрамагани боис у ҳақида турли нақллар мавжуд. 

XIX аср иккинчи ярми XX аср бошларида Тошкентда бўлган бир қатор европалик муаллифларининг маҳаллий аҳоли вакилларидан эшитган маълумотларга кўра эса, Хожа Аламбардор номи билан танилган Сайид Абдулазиз машҳур аллома Қаффол Шоший (904-976 йилларда яшаган) мулозимларидан бўлган. "Аламбардор" ёки "аламдор" сўзи "байроқдор", "байроқ кўтариб юрувчи" маъноларини билдириб, ўтмишда ҳукмдор, саркардага тегишли байроқни кўтариб юрувчи кишиларга нисбатан ишлатилган. Марказий Осиё ҳудудида "аламбардор" лақаби билан юритиладиган бир нечта мозорлар мавжуд. Улар орасида Сайрам ва Тошкентдаги Хўжа Аламбардор мозори машҳур ва уларнинг тарихи бир-бири билан боғлиқ. 

Ёзма манбаларда мазкур шахс "Абдулазиз боб" ва "Сайид Абдулазиз" деб тилга олинган. Абдулазиз бобнинг VIII аср иккинчи ярмида Сайрам ва унга туташ ҳудудларда ислом дини учун кураш олиб борган Халифа Али розияллоҳу анҳунинг фарзанди Муҳаммад Ҳанафия авлодларидан бўлган Исҳоқ боб қўшинида байроқдор бўлгани ва Сайрам учун бўлган жангда шаҳид бўлгани айтилади. Сайрамдаги Абдулазиз боб мақбараси ХV-ХIХ асрлар давомида шаклланган, бўлиб "Балогардон бобо" номи билан машҳур. Ушбу муаллиф Носириддин Али ал-Байзовийнинг (XIII аср) "Тарихи Байзовий" асаридаги маълумотларга таяниб, Хўжа Аламбардорнинг бундай ном олиши сабабига тўхталади. Унга кўра, кунларнинг бирида чилтонлар ўз шерикларидан бири вафот этгач ўрнига Хўжа Аламбардорни муносиб топадилар. Шундан сўнг Хизр алайҳиссалом Хўжа Аламбардорга чилтонлар байроғини топширган эканлар ва шу сабаб "аламбардор" лақабини олган эканлар. 

Хўжа Аламбардор мозорида масжид ўрта асрлардан буён маҳалла аҳли ва зиёратчиларга хизмат қилиб қилган. 

Маълумотларга қараганда, Хўжа Аламбардор мозоридаги масжид биноси 1790 йилда қурилгани қайд қилинган. XIX асрдаги эски масжид эса тошкентлик Саидазимбой маблағига бунёд этилган. 1918 ва 1924 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан сўнг ёпиб қўйилган масжид Шўро ҳукуматининг 1944 йил 6 декабридаги №452 қарори билан қайта очилган. Масжид 1945 йил 10 майда қайта рўйхатдан ўтказилган вақтдан бошлаб бугунги кунгача фаолият юритиб келмоқда. 

Масжиднинг ҳозирги биносини қуриш 1993 йилда бошланган бўлиб, 2005 йилда ниҳоясига етказилган. Масжиднинг эски ҳонақоҳи 2009 йилда таъмирлаш ишлари бошланган эди, таъмирлаш ишларида юртимизнинг барча воҳаларидан тажрибали усталар ва дурадгорлар масжидда меҳнат қилишди. Бугунги кунда "Хўжа Аламбардор" жоме масжиди умумий майдони 5000 намозхонга мўлжалланган. Масжид асосан Янгиобод, Камолон, Каттабоғ, Чарх Камолон, Самарқанд дарвоза ва Бешёғоч маҳаллаларига хизмат кўрсатади.

Айни кунларда масжид имом-хатиби Раҳимберди домла Раҳмоновдир.

Манзил: Шайхонтоҳур тумани, Янгиобод маҳалласи, Камолон кўчаси 71-уй. Тел.: +998 71 227 09 83 Масжид веб сайти: www.kamolon.uz

Нурбек Ғофуров тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Президент Шавкат Мирзиёев умра ибодатини бошлади

81 01:25 19.08.2022

 "Тарихнинг номаълум саҳифалари"

218 21:05 18.08.2022

Эшикоға беги

266 20:35 18.08.2022

Илм излаб сафар қилишдаги фазилатлари

209 20:05 18.08.2022

Фашистлар Германияси ва советлар ҳамкорлиги

326 19:35 18.08.2022

Ташқи ишлар вазирлиги Кобулдаги портлаш бўйича баёнот берди

291 18:58 18.08.2022
« Орқага