Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Саволим бор...

Биласизми?

32014

Савол:

Нега азон ўқиётганда муаззин қўлларини қулоқларигача кўтаради?

 


Жавоб:

Муаззиннинг қўлларини қулоқларигача кўтариши ва кўрсаткич бармоқларининг учлари билан қулоқларини ёпиши мустаҳаб бўлиб, азон ўқиётганда муаззин овозининг баландлигини ошириш учун қилинган. Хабар қилинишича, буни Билол розияллоҳу анҳуга Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ўргатганлар. (Насбур Роя, 1/278). 

Аммо муаззин азонни қулоқларини кўрсаткич бармоғи учлари билан ёпмасдан айтиши ҳам мумкин, бунда ҳеч хилоф йўқ. Муаззиннинг вазифаси - хайрли ишларнинг энг шарафлисидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп ҳадисларда муаззиннинг вазифаси ва азон айтишнинг фазилати муҳимлигини таъкидлаганлар.

Хусусан, ҳадисларнинг бирида шундай дейилган: "Овозини эшитган ҳар бир дарахт, тош ва қуриган ва ҳўл бўлган ҳамма нарсалар унинг учун мағфират сўрайди. Муаззин масжидда намоз ўқиган ҳар бир кишининг оладиган савобини олади. Агар азон ва иқомат ўртасида муаззин Аллоҳдан бирон нарса талаб қилса, унга хоҳлаган нарсаси берилади. Аллоҳ Таоло унга сўраган нарсасини дарҳол беради ёки ундан ёмонликни узоқлаштиради ёки қиёмат куни беради”.

Азон айтаётган муаззин мумаййиз (айтилган нутқни тушунадиган ва мазмунли жавоб берадиган) ёшига етган бўлиши лозим. Муаззин намоз вақтлари ҳақида ҳам тўлиқ маълумотга эга бўлиши шарт.

Аксар уламоларнинг фикрига кўра, имом ва муаззин вазифаларини бир киши томонидан бажарилиши мумкиндир. Ушбу икки вазифанинг қайси бири шарафлироқ эканлиги тўғрисида ихтилофлар бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадинада бир нечта муаззинлари бўлганлигидан келиб чиқиб, олимлар битта масжидда бир неча муаззинлар бўлиши мумкин деган хулосага келишган (Байҳақий, Сунанул-Кубро, I / 429).

Муаззин кучли ва чиройли овозга эга бўлиши, баланд жойда туриб азон айтиши керак. Ҳозирги замонда овоз кучайтириш мосламалари борлиги сабабли пастдан туриб айтиш ҳам жоиз. Азон тингловчилар азон сўзларини ундан кейин такрорлашлари мумкин бўладиган даражада аста-секин ўқиши керак. Овозни кучайтириш учун муаззин қулоқларни кўрсаткич бармоқларининг учлари билан ёпиши ёки қулоқларни кафти билан ёпиши мумкин. Азонни ўқиётганда қиблага бурилиш керак, "ҳайя алас-солаҳ" сўзини айтганда юзни ўнгга, "ҳайя алал-фалаҳ" сўзини айтганда юзни чапга буриш керак.

УЛАШИНГ:

Teglar
« Орқага