Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ақида

Билолхон домла Рустамов: «Саботул-ожизин» шарҳи (17-қисм)

596

Саҳобаи киром баёни

Расулуллоҳ тариқин эртаю кеч,
Сари мўии тахаллуф қилмади ҳеч.


У зотлар бир лаҳза бўлса-да, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг тутган йўлларига қилнинг учичалик миқдорда ҳам ҳаргиз хилоф қилмадилар. У зотнинг йўлларига, кўрсатмаларига мувофиқ иш тутдилар. 

Нечук бўлсун хилоф ул чори саъда,
Паямбар қилди ўттуз йилға ваъда.


Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам адолатли ўттиз йиллик хилофот ҳақида ваъда қилганларида, қандай қилиб бундай улуғ зотлар бу ваъдани бузишлари, унга қарши чиқишлари мумкин? Aлбатта, бу башорат ўз исботини топиши керак эди. 

Аларнинг васфини ҳеч сони йўқтур,
Тамом айтай десам, имкони йўқтур. 


У зотларнинг васфлари, таърифу тавсифларининг сони йўқ. Охирига етказиб бўлмайди. Уларнинг бор таърифларини бошидан охиригача баён қилишимиз ҳам мутлақо имконсиздир. 

Саҳобанинг бари ҳам пок диндур,
Бариси раҳнамойи роҳи диндур.


Саҳобайи киромларнинг барчаларининг динлари пок бўлган, динда адашмаган зотдирлар. Улар дин йўлининг раҳнамолари, дин йўлига бошловчи саналадилар. 

Алардин сўнгра ҳеч ким жолариға,
Етушмас балки хоки полариға.


Саҳобайи киромлардан кейин ҳеч ким уларнинг жойларига, мартабаларига ета олмайди. Ҳаттоки оёқларидаги гардга ҳам ҳеч бир банда арзимайди. 

Киши бўлса Набининг суҳбатида,
Гумон йўқтур аларнинг қурбатида


Қайси бир киши Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларида бўлган бўлса, у зотнинг қўлларида иймонга келиб, улардан динни ўрганиб, у зотга саҳоба бўлишлик бахтига муяссар бўлган бўлса, ана шу инсоннинг Aллоҳ жалла ва аълога муқаррабин бўлганликларига ҳеч қандай шубҳа йўқ. 

Саҳоба баъзиси ким Муртазоға,
Тахаллуф айлади ул босафоға.


Саҳобайи киромларнинг баъзилари Муртазо ҳазрати Aли розияллоҳу анҳуга хилоф қилдилар. У киши билан ўрталарида келишмовчиликлар содир бўлди. 

Савоб эрди ул эрларни муроди,
Хато бўлди баногоҳ ижтиҳоди.


Ҳазрати Aли розияллоҳу анҳуга хилоф қилиб қўйган баъзи саҳобайи киромларнинг аслида мақсадлари тўғри эди. Улар қасддан, билиб туриб ҳазрати Aли розияллоҳу анҳуга хилоф ишларни қилмадилар. Aммо ижтиҳодда баъзи хатоларга йўл қўйган бўлишлари мумкин. Ижтиҳодда ўзлари тутган йўлни тўғри деб билиб, хатога йўл қўйиб, шунинг орқасидан ҳазрати Aли розияллоҳу анҳуга хилоф қилган бўлишлари мумкин. 

Хато қилғон билан ёзди демасмиз,
Жамоат аҳлидин озди демасмиз.


Баъзи бир саҳобайи киромларнинг қилган ишлари, ҳазрати Aли розияллоҳу анҳу билан бўлиб ўтган ҳодисалар, Муовия розияллоҳу анҳу тарафлари бўлган саҳобайи киромлар ҳамда уларнинг қилиб қўйган ижтиҳодлари сабабли уларни тўғри йўлдан адашдилар, Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига хилоф иш қилдилар, демаймиз. 

Аимма — аҳли суннат ким эдилар:
«Хатойи мужтаҳид маъфу» дедилар.


Aҳли сунна вал жамоа имомлари айтдиларки: “Мужтаҳиднинг хатоси ҳам маъфу”. Мужтаҳид ижтиҳод мақомига етиб, ижтиҳодида хатога йўл қўйган бўлса ҳам у кечирилади. Чунки унинг қасди тўғри бўлган. Мужтаҳид ижтиҳодда қасддан хато қилмайди. 

Хатоға балки тобтилар савобе,
Бу сўздур аҳли суннатнинг жавоби.


Мужтаҳидлар ижтиҳодларида хато қилиб қўйган бўлсалар ҳам, савоб топадилар. Чунки қасдилари тўғри бўлган. Бу аҳли сунна вал жамоанинг сўзи ҳамда жавоби ҳисобланади.

Битибдур «Мажмаъ ул-ашё»да, эй шамъ,
Хатодин балки қайтиб эрди ул жамъ.

“Мажмаъ ул-ашё”да шундай битилган: “Эй мўминлар, баъзи хато қилганлар хатоларидан охир-оқибат қайтганлар”. Саҳобайи киромларнинг ўрталарида бўлиб ўтган воқеотлар, ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг фитнанинг қурбони бўлганликлари, уларнинг ўзлари ҳам бу фитна эканлиги, бундан кейин умматнинг бошига кетма-кет фитналар ёғилиши ҳақида айтганликлари, шунга қарамасдан фитначилар уларни шаҳид қилганлиги баёни берилган. 

Ҳақиқатдан, кейинчалик умматнинг бўлиниб кетди. Баъзилар Муовия розияллоҳу анҳу, баъзилар ҳазрати Aли розияллоҳу анҳу тарафдори бўлишди. Умматнинг бошида саҳобаи киромлар турган пайтда шундай фитналар содир бўлди. Буларнинг ҳаммаси келгуси уммат учун катта ибрат бўладиган воқеа-ҳодисалардир. 

Фитна шундай ёмон нарсаки, Aллоҳ таолонинг ўзи илҳом бермаса, ҳар қандай инсонни эсанкиратиб қўяди. Бу ишларда қиёматгача умматга дарс бўлсин, ундан сақлансин деган маънодаги ҳикматлар бор эди. 

Биз бандалар ожиз ақлимиздан келиб чиқиб, у зотларга ҳар хил баҳо беришдан ўзимизни тийишимиз, эътиқодимизни мустаҳкам қилишимиз лозим. Чунки саҳобайи киромларнинг ҳаммалари тўғри йўлда бўлишган, хато қилганлари ҳам ижтиҳодда қилишган. Уларнинг мақомларига қиёматгача ҳеч ким ета олмайди. Ўзимизнинг мақомимиздан келиб чиқиб, уларни муҳокама қилиш биз бандаларга эмас. У зотларнинг шахсларига ҳаргиз билиб-билмасдан жоҳилона сўзлар айтишдан ўзимизни тиймоғимиз лозим. 

Биз фақат ўша воқеалардан ибрат олсак, бас.

(давоми бор) (1-қисм) (2-қисм) (3-қисм) (4-қисм) (5-қисм) (6-қисм) (7-қисм) (8-қисм) (9-қисм) (10-қисм) (11-қисм) (12-қисм) (13-қисм) (14-қисм) (15-қисм) (16-қисм) (17-қисм) (18-қисм)

Диёра Эргашева тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Катта фиқҳ энциклопедияси: Икки маънодан бирининг устун келиши ёки уларнинг баробарлиги

102 22:05 30.11.2021

Истанбул сафари таассуротлари: “Дорга осилган бош вазир, 35 йиллик қози ва пачоқланган машина...”

356 21:40 30.11.2021

“Ҳалол” сертификати бўлмаганлар ҳам маҳсулотини “ҳалол” белгиси билан сотяпти...

362 21:05 30.11.2021

Динимни ўрганаман: намоз ракатлари орасида гапирмаслик ҳақида

614 20:05 30.11.2021

Кобулдан Тошкентга авиарейслар очилмоқда

341 19:06 30.11.2021

Қорақалпоғистондаги ўрмонда содир бўлган ёнғин бартараф этилди

181 19:00 30.11.2021
« Орқага