Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Бир оят тафсири: Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинг, бўлиниб кетманг!

522

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.

Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Ўзининг каломида шундай марҳамат қилади:

وَاعْتَصِمُواْ بِحَبْلِ اللّهِ جَمِيعًا وَلاَ تَفَرَّقُواْ وَاذْكُرُواْ نِعْمَةَ اللّهِ عَلَيْكُمْ إِذْ كُنتُمْ أَعْدَاء فَأَلَّفَ بَيْنَ قُلُوبِكُمْ فَأَصْبَحْتُم بِنِعْمَتِهِ إِخْوَانًا وَكُنتُمْ عَلَىَ شَفَا حُفْرَةٍ مِّنَ النَّارِ فَأَنقَذَكُم مِّنْهَا كَذَلِكَ يُبَيِّنُ اللّهُ لَكُمْ آيَاتِهِ لَعَلَّكُمْ تَهْتَدُونَ

Барчангиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг. Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг: бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз. Ўтли жар ёқасида эдингиз, сизни ундан қутқарди. Аллоҳ сизга Ўз оятларини ана шундай баён қилади. Шоядки, ҳидоят топсангиз. (Оли Имрон сураси, 103-оят)

Ояти каримадаги «Аллоҳнинг арқони» деган иборадан Қуръони Карим тушунилади. Жарга қулаш хавфидаги инсон арқонни маҳкам ушласа, қутулиб қолганидек, дўзах тубига қуламасликнинг ҳам бирдан-бир чораси Қуръони Каримни маҳкам ушлашдир. Шундагина инсон нажот топади. Мусулмон уммати нажот топиши учун барча бир бўлиб Аллоҳнинг каломи – Қуръони Каримни маҳкам тутиши лозимдир.

«Барчангиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинг…»

Бу оятнинг ушбу жумлалари мусулмон оламини бирлаштириш шиоридир. Қуръони Карим Аллоҳнинг арқони экани ҳақида жуда ҳам кўп ҳадислар келган.

Имом Тобароний Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом:

«Аллоҳнинг Китоби Аллоҳнинг осмондан ергача тортилган арқонидир», – деганлар.

«...ва бўлиниб кетманг».

Аввал бирлашишга чақириб туриб, ортидан бўлинмасликка амр келяпти. Шундан ҳам бу ишнинг нақадар муҳим эканини билиб олса бўлади.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссолату вассалом:

«Албатта, Аллоҳ сизларга уч нарсадан рози бўлади ва уч нарсани ёмон кўради: Унинг Ўзига ибодат қилиб, ширк келтирмасликларингиз, барчангиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутиб, бўлиниб кетмаслигингиз ва сизга ишбоши бўлган шахсга насиҳатда бўлишингиздан рози бўлади. «Деди-деди» дейиш, кўп савол бериш ва молни зое қилишингизни ёмон кўради», – дедилар.

Тафсирчи олимларимиз: «Мусулмонлар иттифоқ бўлсалар, хато қилмасликларининг кафолати берилган», – дейдилар.

Минг афсуслар бўлсинким, мусулмонлар ушбу ояти каримага амал қилмаганликлари, Аллоҳнинг арқони бўлмиш Қуръонни барчалари бирлашиб, маҳкам тутмаганликлари, кўплаб бўлинишлар, ихтилофлар қилганликлари учун бошларига битмас-туганмас бало-офатлар ёғилмоқда. Аллоҳнинг бир оятига амал қилмаганлари учун шунчалар мусибатлар бўлса, кўп оятларига амал қилмаганда нима бўлишини ўзимиз билиб олаверайлик.

«Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг: бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз. Ўтли жар ёқасида эдингиз, сизни ундан қутқарди».

Тафсирчи олимларимиз ушбу ояти кариманинг нозил бўлиши сабаби ҳақида қуйидаги ривоятни келтирадилар:

«Яҳудийлардан Шос ибн Қайс исмли одам Авс ва Ҳазраж қабиласига мансуб араблар мажлис қуриб, гаплашиб ўтирган жойдан ўтади. Жоҳилият вақтида бир-бирига адовати кучли бўлган бу кишиларнинг бундай улфат бўлиб ўтиришлари унинг ғашига тегади ва «Булар бирлашсалар, биз улар билан ёнма-ён яшай олмай қоламиз», деб, бир яҳудий болани чақиради:

– Арабларнинг ичига бориб ўтиргин-да, уларга «Буос» номли кунни эслат ва у ҳақидаги шеърлардан ўқиб бер, – деб буюради. («Буос» куни Авс ва Ҳазраж қабилалари қаттиқ урушиб, Авс ғолиб чиққан эди). Ҳалиги яҳудий бола Шоснинг айтганини қилади. Ўтирганлар тортишиб, аччиқлашиб, уришиб кетишади.

– Қурол!!! Қурол!!! – деб бақиришади. Бу можаро Пайғамбар алайҳиссолату вассаломга бориб етганда, ҳузурларидаги муҳожирлару ансорийларни олиб, уларнинг олдига борадилар. Уларга:

– Мен ичингизда туриб, Аллоҳ сизларни Ислом билан икром қилганидан кейин, жоҳилият ишини кесганидан кейин, орангизга улфатликни солганидан кейин ҳам жоҳилият даъвосини қиласизларми? – дейдилар. Одамлар душманнинг гапига учиб, шайтон йўлига юрганларини англаб етадилар. Қуролни ташлаб, йиғлаб, қучоқлашиб кетадилар. Расулуллоҳ билан бирга итоаткор ҳолда қайтадилар. Шунда ушбу оят нозил бўлади».

Демак, оятдаги хитоб аслида барча Ислом умматига бўлса ҳам, тушаётган пайтда мадиналик Авс ва Ҳазраж қабилаларига қаратилган эди. Шаҳарда бир-бирига душманликда Авс ва Ҳазражга етадигани йўқ эди. Бунинг устига, улар билан бирга яшайдиган яҳудийлар доимо фитна қўзғаб, уруш оловини пуфлаб туришарди. Аллоҳ таоло иноятига олиб, бу икки қабилани ҳидоятга бошлаб, қалбларини Ислом нури билан мунаввар қилганидан кейин улар улфат бўлдилар:

«Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг: бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди».

Ислом Аллоҳнинг берган улуғ неъматидир, шу неъмат туфайли душманлар улфат бўлдилар. Бир-бирига қарши нафратга тўлган қалбларни фақат Исломгина улфат қила олади. Фақат Аллоҳнинг арқони бўлган Исломни маҳкам тутибгина ҳамма биродар бўла олади:

«Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз».

Аллоҳ Ислом неъматини бермаганида, бундай холис биродар бўлиш қийин эди. Фақат Ислом туфайли, Аллоҳ учун биродар бўлгандагина ҳақиқий биродарлик қарор топади. Бошқа ҳолда эса биродарлик асоси ё молу дунё, ё ирқ-миллат бирлиги, ё мансаб нуқтаи назаридан, ё қабила тарафкашлиги билан ва ҳоказо, шунга ўхшаш ниятлар билан қурилган бўлади.

«Ўтли жар ёқасида эдингиз, сизни ундан қутқарди».

Исломга киришингиздан олдин уруш-жанжал ичида, жоҳилият ҳукмлари остида, умуман, барча соҳада нотўғри йўлда, яъни оловли жар ёқасида эдингиз. Агар шундай кетаверганингизда, ҳалокатга учрашингиз турган гап эди. Аллоҳ таоло сизни Ўзининг улуғ неъмати бўлмиш Исломга бошлаб, мазкур оловли жарга қулашдан сақлаб қолди.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

манба

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Президент Шавкат Мирзиёев умра ибодатини бошлади

114 01:25 19.08.2022

 "Тарихнинг номаълум саҳифалари"

228 21:05 18.08.2022

Эшикоға беги

283 20:35 18.08.2022

Илм излаб сафар қилишдаги фазилатлари

217 20:05 18.08.2022

Фашистлар Германияси ва советлар ҳамкорлиги

335 19:35 18.08.2022

Ташқи ишлар вазирлиги Кобулдаги портлаш бўйича баёнот берди

301 18:58 18.08.2022
« Орқага