"У уйида бўлган аёл ундан нафсини (яъни, зинони) хоҳлади. Эшикларни беркитиб: «Бу ёққа кел!» деди. У: «Аллоҳ сақласин! Ахир, у жойимни яхшилаб берган хўжам-ку! Албатта, золимлар нажот топмаслар», деди" ("Юсуф" сураси, 23-оят)
Бу Юсуф алайҳиссалом қиссасидан. Аёл – Миср подшоҳининг хотини. "Аллоҳ сақласин!" деган – Юсуф алайҳиссалом.
Бу сураи карима жуда ажойиб. Иборалари ва ҳатто ишлатилган сўзлари ҳам қоида ва қонуният ҳисобланади. Бу оятда ана шундай икки жиҳатга эътиборингизни қаратаман.
1. "У уйида бўлган аёл" - Аллоҳ аёлнинг исмини зикр қилмади, дунёга ёймади. Уни сатр этди, фақат ишора қилди, холос. Бу Қуръони каримнинг бизга таълим берган энг буюк одобларидан. Гуноҳ иш қилганни шарманда этмаслик, эл аро айбини ёймаслик, жуда зарурат бўлганда ўзи ё ишини пардалаб гапириш – Ислом одобларидан. Яна Аллоҳ зинони хоҳлаганни ёмон сўзлар билан таърифламаяпти, балки "нафсини хоҳлади", деяпти. Роббимиз қанчалар карамли ва ҳикматли!
2. Юсуф алайҳиссалом аёлнинг хунук интилишига жавобан: "Аллоҳ сақласин! У жойимни яхшилаб берган хўжам-ку!" дедилар. Одатда бойлар, тўкин яшаётганлар шаҳват ва гуноҳга мойил бўлишади. Чунки тўқлик ва фароғат шаҳватни кучайтиради, гуноҳга вақт ва имконли қилади. Юсуф алайҳиссалом ҳам инилари томонидан кўрсатилган ёмон ишлардан кейин, подшоҳ хонадонида фаровон яшаш билан икром қилиндилар. У зот Роббиларининг бу марҳаматини унутмадилар, "менинг замоним келди" дея фисқ баҳрида ғарқ бўлмадилар. Балки, "Аллоҳ сақласин!" дея дарҳол Роббиларини эсладилар ва куфрони неъмат қиладиганларга дарс бўладиган қуйидаги сўзларини айтдилар: "У жойимни яхшилаб берган хўжам-ку!".
Қуръони карим оятлари шундай ажойиб. Улкан дарслар, таъсирли ибратлар ва кучли қонуниятлардан иборат дурлар кони. Фақат биз бу Китобни кўп ўқишимиз, кўп фикр қилишимиз ва ундан билганларимизга амал қилишимиз лозим.
Мубашшир Аҳмад