Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Бир сих кабоб

4512

Маҳалламизда Раҳмон  тоға деган одам яшарди. У ҳақида алоҳида ҳикоя ҳам ёзганман. 

Бечорани ҳамма калака қиларди. Чунки Чарли Чаплинга ўхшаб юришлари-ю, алмисоқдан қолган шляпасигача кулгили эди.   

Бола чақаси йўқ ғариб эди у.  Бироқ кимдир бу ҳақда оғиз очса: 

"Бекорларни айтибсан! Ман бойман.  Бойлигим  уйимда" деб жавоб берарди...

Дадамдан  сўрасам, елка  қисарди:

-Бой бўлса бордир. Кимсан, қизилларни тирқиратган қўрбошининг ўғли-ку. Бечорани айнан отаси сабаб, бошига уришган. Кейин шу аҳволга тушиб  қолган. Баъзан отаси ҳақида оғиз очади. Ёдгор қўрбоши Исфайрам  бўйида кундузи ўрислар билан балиқ тутиб, ўзини анқовроқ қилиб кўрсатар, писмайиб сирларини билиб  олгач, кечаси  қақшатиб ўч олар  экан...

-Дада, нимага у бизникига  келиб туради? "Шляпамни ит ғажибкетди деганда, янгишляпангизни совға қилиб юборгансиз. Жиннига шляпа нимага керак?!

Дадамнинг қовоғи уюлиб, урушиб берди:

- Унинг биттагина хислатини айтайми. 

- Жинни одамнинг қанақа хислати бўлсин? - деб энса қотирдим. Дадам чуқур хўрсиндию давом этди:  

-Маҳаллани бошида новвой, сомсапаз, шашликчи бор-а?  Баъзан Раҳмон акага майда-чуйда иш буюриб,   эвазига  битта нон, сомса ёки шашлик билан меҳмон қилишади. У ўзига тутқазилган егуликнисовутмай  шляпасига   солиб, худди биров  олиб  қўядигандай  уйига чопади?  Негалигини  биласанми?

- Йўўўқ, - дея бурнимни жийирдим. 

- Шляпа овқат солиш  учунгина керакми? Шунинг  учун доим яғир  эканда... 

Дадам  жавобимдан хафа  бўлиб , энди  нимадир  демоқчи  бўлдию, ўртоқларим  чақириб қолиб кўчага  чопдим.        

Буни дарров бошқаларга суюнчиладим.

Қанча пайтдан бери бизни қийнаётган  топишмоқ  ечимини топгандай  бўлди.  

-Ўшанчун ариқдан ётволиб   сув  ичаётганда шляпасини  ечиб, каттакон тош устига қўйиб  қўяр  эканда.

-Эндиям   яхшилаб югуртириб   адовини  берайлик. шашлик-пашликларини эса итларга  берамиз.

Ўзи  бечорани кўп мазах қилар эдик. 

-Раҳмон  тоға қалайсиз?

Қаймоқ  берсак  ялайсиз.

Идорага  борганда

Қўл қўйишни билмайсиз.  

Бу  қўшиқни қачон ва   ким тўқиганини  билмаймиз. 

Раҳмон  тоғанининг қаймоқхўрлигини ҳам ,  қўл қўя олмаслигини ҳам  кўрмаганмиз. Қофиялар  тўғри келгани учун   куйлайверардик, токи  бир умрлик  сабоқ  олгунимизча.

Бир   куни     яна    уни  ариқчадан ётволиб  сув  ичаётганини кўриб  қолдик.   Машҳур яғир  шляпа   тош устида  турарди.

Бир нарса қилиб, уни  чалғитиб  шляпани ичидаги нарсаси  билан   олиб   қочдик.  У  сув ичишдан  тўхтаб, шляпа йўқлигини кўриб орқамиздан  чопди. 

Лўкиллаб  қувди. Анча  жойга  бориб, катта дарахт орқасига  беркиниб   шоша-пиша  унинг  ичидаги ёғлама    қогоз  халтани   очдик. 

Яримта  нон орасида биттагина   қийма шашлик турарди.  

Маҳалламиз бошида  зўр кабоб  қилишади. Ҳиди димоғни қитиқлаб, иштаҳани  ёрворарди.  Фақат хозир бўйимиз баробар тилла берса ҳам ҳеч ким  бу кабобни емасди.   

-  Нимага  у сассиқ  шляпасида овқат  олиб  юради? - ўсмоқчилаб савол  берди  дўстларимиздан  бири.

-Калласини ҳиди билан  ширин бўлса  керак. 

-Фуууу...Вляқ.

Пича кулишиб  олгач,  уйимизга келганда  айтган  бир гапи эсимга тушди.  

-Уни ити бор. Ўз қулоғим  билан  эшитганман.  Шашликни унга оборса керак... 

Қолганини  эса қўшиб-чатиб тўқиб ташлардим:

- Ишонмаяпсизми? Нақд   эшакдек, йўқ  иккита эшакдек келади.  Фақат  ҳайронман, у  битта шашлик яримта нонга тўярмикан?   

-Йўғеей...

-  Рост! Бошидаги шляпа  асли дадамники.   Ўзиникини   шашликка тўймаган    ити  ғажиб  ташлаган.  Уйимизга  келганда  ўз қулоқларим  билан    эшитиб  қолганман...  

 Қиқир-қиқир кулишиб шундоқ  қарасак  у рўпарамизда  турарди.    

Яна қочдик. Шунчаки қочмадик, шашликни олиб, кўз-кўз қилиб,   еб қўямиз деб қўрқиттик.   Ана ўшандаги  томошани кўринг... 

 Хуллас, хозир эсласам, уяламан. Роса    ярамас бўлган   эканмиз.

Раҳмон  тоға  бадтарроқ   ялинди:

- Шляпам сизга!  Шашлик ва нонни  қайтариб  беринглар. Ўйинга тушиб  берайми?  

Беўхшов  рақсига  кулавериб думалаб  қолдик.
Кейин  яна  лўкиллаб  қувлади.   Бир айлантириб, яна кўчасига  келиб  қолган  эдик аллақаерда  мунг  тўла    бир  овоз  эшитилди.   

-Раҳмонали... Ҳой  Раҳмонали .. кўзлари ёшланди ва  индамай   уйига кириб  кетди. 

Шляпаси ва ичидагиларни қайтариб берамиз деб, орқасидан  эргашдигу, мен  таърифини келтириб   қўйган  эшакдек итдан  қўрқиб ҳовлига киришга журъатимиз  етмади.

Ур-сур билан  ярми йиқилиб ётган пахса девордан мўралай  бошладик.  

-  Раҳмон  тоғани  шляпасини   бермаганимиз   ёмон  бўлдида, энди  ит ўзини еб қўйса-я.

-  Ростданми?  Ит одам емайдику!  Балки  ер..   Йўқ, емайди!  Жуда  бўлмаса  шляпадаги  яримта нон ва  шашликни  эшигидан  ташлаб  қочамиз. 

 Ит сезиб  қолишидан қўрқиб,  нафасимизни ютиб, ховлини кузата бошладик. 

Кимдир ваҳимали пичирлади:

-   Ишқилиб ит шляпа ўрнига уни   калласини еб қўймаса бўлди.  

-  Қўнжига ҳам беркитадиган одати борку. Балки шляпасини олиб қочишимиздан  безиб ,   ичидаям нимадир  яшириб  олиб  келгандир.  Кўрайлик-чи. 

Аммо мен таърифлаган, болалар кутган иккита  эшакдек ит кўринмади.  

Раҳмон тоға  тахталари чириб ётган айвонга  бориб  кимгадир гапиргандай  бўлди. Қулоғимиз динг, кўзимиз  дурбин   эди. 

Қарасак...

Айвонда  жуссаси кичкинагина, нуроний кампир  ўтирарди.  Раҳмон тоға  у билан  саломлашиб,  сўнг  махсисини ечди,тогорага  сув  қуйиб  оёқларини  ювди.  

Узоқ  тимирскиланиб чой  қўйди.  

Сўнг  кампирнинг пойига   тиззалаб    узр сўради:

-Кечиринг  буви (бизда онанини  буви дейди),  афсус бугун  ҳеч нарса олиб  кела олмадим.  Ўзи  шашлик   олгандим... Шляпам билан  бирга йўқотиб қўйдим-да... 

Бошимиз  хам  бўлди. Менку , уятдан   ерга кириб  кетай  дедим.  

-  Очмидингиз  буви?  Шакароб қилиб  берарман  ҳозир. Пулим  бўлгандаку...

Бу  ҳовлида Рои хола  деган кампир яшашини  билардим. Демак   у  Раҳмон  тоғанинг  онаси  эканда. 

Биз уни  лўкиллатиб югуртираётганимизда    кампир  оч  ўтиради.

Виждонимиз  қийналди.  Остонадан  бош эгиб хатлаб,  шляпани эгасига топширдик   ва  она -боладан  кечириб  сўрадик. 

Қайтиб  Раҳмон тоғани  қийнамадик. Бошқа болаларни  ҳам тартибга чақирдик... 

Орадан  йиллар  ўтди. 

Маҳалланинг  не-не мана-ман деган  одамлари дунёдан ўтиб кетди...

 Ўша  ҳовли олдидан  ўтаётганимда  юзим  қизариб, дилим   вайрон  бўлади.

Агар  хозир рўпарамда Раҳмон  тоға  пайдо бўлиб  қолса  шляпасини  энг  лаззатли  таомларга   тўлдириб берган бўлардим. 

Муаззам Иброҳимова

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Нега Қрим Украинага қайтарилиши керак?

305 10:05 26.03.2023

«Толибон» делегацияси Тожикистонга илк бор ташриф буюрди  

878 20:40 25.03.2023

Тунисликлар Рамазонни оғир шароитда ўтказмоқда

860 20:05 25.03.2023

АҚШ Эрон билан зиддиятга интилмаяпти – Байден   

547 19:45 25.03.2023

АҚШ Конгрессида Хитойнинг уйғурларга босими муҳокама қилинди. Унда ўзбек аёл ҳам сўзга чиқди

1328 19:15 25.03.2023

CCВ: Юртимизда саратонни 99 фоизгача даволовчи препарат яратилгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга зид

525 18:40 25.03.2023
« Орқага