Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Битиклар – инсон ўзлигининг ҳамда инсоният цивилизациясининг улуғвор тимсолларидир

2046

Турли ўлкаларга сафарлар ва саёҳатлар чоғида табиат манзаралари ва тарихий ёдгорликларни томоша қилганда баъзан ғорлар, қоялар ва алоҳида тошлар юзасида, тарихий обидалар, масжидлар, мақбаралар ва бошқа қадимий ёдгорликлар пештоқлари ва деворларида турли тасвирлар ва ёзувларга кўзингиз тушади. Кўпчиликда «бу тасвирлар ва ёзувлар нима, улар нимадан далолат беради?», деган савол туғилади.

Бу саволга жавобан шуни айтиш керакки, инсон доимо ўз ўй-хаёллари, фикрлари ва орзу-умидларини у ёки бу шаклда бошқаларга тушунтиришга ҳаракат қилган бўлиб, бу мақсадга етишнинг энг қадимги ва энг оддий усули тош юзасига тасвирлар солиш ва ёзувлар битишдан иборат бўлган. Қадимги инсон бунда ўз ўй-хаёллари ва фикрларини тоғлардаги ғорлар ва тошлар, лойдан ясалган сопол ва ғиштлар юзасига солинган тасвирлар ва битиклар кўринишида ифодалаган.

Эрон, Миср ва Месопотамиядан топилган, қоятошлар, сопол ва тош тахталар юзасига ҳамда ёдгорликлар деворларига битилган ёзувлар тарихи милоддан олдинги тўртинчи ва бешиничи минг йилликларга бориб тақалади. Барча йирик цивилизациялар тарихи шундан далолат берадики, қадим замонларда ҳукмрон доиралар, сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий тузилмалар ўзларига тегишли қимматли ахборотларни тош ва ғишт юзасига ўйиб ёзиб қўйганлар. Ушбу ахборотлар турли маълумотлар, жумладан подшоҳлар ва ҳокимларнинг исмлари ва фармонлари, тарихий воқеалар ва урушлар тавсифи, қаҳромонлик достонлари, урф-одатлар, байрамлар ва диний маросимлар баёнини ўз ичига олган бўлиб, буларнинг барчасини одамларга маълум қилишни кўзда тутган.

Инсоният цивилизацияси тарихида тоштасвир, тошбитик ва деворбитикларнинг мавжудлиги – Тахти Жамшиддаги сопол тахтачалардан тортиб турли даврлардаги тошбитиклар ва деворбитиклар, жумладан Салжуқийлар (1037-1194 йиллар) давридаги лойдан ва оҳактошдан ясалган тахталарга ёзилган битиклар, Темурийлар (1370-1507 йиллар) ва Сафавийлар (1501-1736 йиллар) даврларидаги ложувард деворбитикларгача – барча-барчаси ўтмишдагиларнинг буюк ва улуғвор цивилизациясииннг кўҳна меъморий ёдгорликлари ҳисобланади. Уларнинг ҳар бири ўз жуғрофий ёйилиш ҳудуди, ўз даври ва ўз бадиий қийматига эга.

Тоштасвирлар, тошбитиклар ва деворбитикларни турли жиҳатлардан турли гуруҳларга бўлиш мумкин. Шулардан бири – уларни яратилган даврига кўра исломдан олдинги ва исломдан кейинги тоштасвирлар, тошбитиклар ва деворбитикларга бўлишдир.

Исломдан олдинги тоштасвирлар, тошбитиклар ва деворбитикларнинг аксарият қисми Эрон, Ҳиндистон, Хитой ва дунёнинг бошқа цивилизация марказларига тегишлидир. Эронда жойлашган исломдан олдинги даврга оид энг муҳим қадимги битиклар қуйидагилардан иборат: 

Ашшурбанипал битиклари. Оссурия (милоддан аввалги 2400-605 йиллар) ҳукмдори Ашшурбанипал (милоддан аввалги 669-627 йиллар) томонидан милоддан аввалги 647 йили Шуш шаҳрининг эгалланиши ва Оссуриянинг Элам (милоддан аввалги 2700-539 йиллар) устидан ғалабасига бағишлаб битилган.

Бистун битиклари. Аҳамонийлар (милоддан аввалги 550-329 йиллар) даврига оид ушбу ёдгорлик Кермон шаҳридан ўттиз километр узоқликдаги Ҳарис тумани ҳудудидаги Бистун тоғи этакларида жойлашган. Бу тошбитик Эрон тарихига оид энг муҳим ҳужжатлардан бири ҳисобланиб, уч тилда – қадимги форс тили, янги элам тили ва аккад тилида битилган. 1119 қаторда битилган ушбу битик Аҳамонийлар сулоласидан бўлган Эрон шоҳи Доро I нинг (милоддан аввалги 522-486 йиллар ҳукмронлик қилган) ғалабаларига бағишланган.

Тахти Жамшид битиклари. Милоддан аввалги VI-V асрларда Аҳамонийлар давлати шоҳлари томонидан ҳозирги Шероз шаҳри яқинида қурилган ва ушбу давлатнинг пойтахтларидан бири бўлган Порсэ (юнонлар томонидан Персеполис, кейинги даврлардаги эронликлар томонидан эса Тахти Жамшид деб аталган) шаҳридаги сарой биноси деворларига ўйиб солинган тасвирлар ва ёзувлар.

Суза битиклари. Милоддан аввалги 4000 йили асос солинган, тарихнинг турли даврларида Элам (милоддан аввалги 2700-539 йиллар), Аҳамонийлар (милоддан аввалги 550-329 йиллар), Парфия (милоддан аввалги 250 – милодий 227 йиллар) ва Сосонийлар (224-651 йиллар) давлатларининг пойтахтларидан бири бўлган, милодий 1218 йили батамом вайрон этилган қадимий Суза шаҳридаги бинолар деворларига ўйиб солинган ёзувлар.

Нақши Рустам битиклари. Тахти Жамшид (Персеполис) шаҳридан 6 км. шимолда, Аҳамонийлар сулоласи ҳукмдорлари мақбаралари жойлашган қоятошларда Элам (милоддан аввалги 2700-539 йиллар), Аҳамонийлар (милоддан аввалги 550-329 йиллар) ва Сосонийлар (224-651 йиллар) даврларида тошга ўйиб солинган тасвирлар ва ёзувлар.

Ҳамадон битиклари. Ҳамадон шаҳридан 5 км. жануби-ғарбда Алванд тоғларидаги қоялардан бирига Аҳамонийлар сулоласи ҳукмдорлари Доро I (милоддан аввалги 522-486 йиллар ҳукмронлик қилган) ва Ксеркс (милоддан аввалги 486-464 йиллар ҳукмронлик қилган) томонидан ўз ҳукмронликлари ва ғалабаларига бағишлаб, ўйиб ёзилган битиклар. Ушбу ёдгорлик Ганжнома битиклари деб ҳам аталади.

Ислом даври бошларида тошга ёки деворга битиладиган ҳар қандай битикдан диний, тарихий, ижтимоий ва маданий ўзликни англатиш кўзда тутилган. Ислом меъморчилигида деворий битикларнинг мавжудлиги геометрик шакллар хаттотлик санъати унсурлари билан, маънавий поклик фонидаги бўёқла эса ҳашамат ва улуғворлик билан уйғунлашган ҳар бир бинонинг кўзга яққол ташланиб турувчи хусусиятларидан бирини ташкил этади.

Ислом даври биноларидаги битиклар одатда ғишт, мозаик кошинлар, рангбаранг кошинлар, тош, ганч, ёғоч ва бошқа қурилиш ашёлари юзасига битилган. Битиклар матни кўпчилик ҳолларда Аллоҳнинг исмлари, Қуръон суралари ва оятлари, дуолар, муножотлар, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг муборак исмлари, улуғлар, олимлар ва ҳукмдорларнинг номлари, араб ва форс тилларидаги шеърлардан намуналар, улуғ шахсларнинг панд-насиҳатларидан иборат бўлади.

Ислом даври обидаларидаги битиклар XIII асрга қадар асосан араб ёзувининг кўфий хатида битилган. Кўфий хатининг энг қадимий тури ҳам ғишт юзасига битилган бўлиб, «хатти банноий» (бинокорликда ишлатиладиган ёзув) номи билан машҳур бўлган. Ушбу хатдан Салжуқийлар даврида (1037-1194 йиллар) бинолар деворлари ва гумбазларини безашда фойдаланилган. Қазвин шаҳри яқинидаги Харақон минораларидаги битиклар ушбу давр битикларидан намуна ҳисобланади.

XIII асрдан бошлаб бинолар деворларидаги битикларни ёзишда араб ёзувининг сулс хатидан фойдаланиш кенг ёйилди. Бу хатда метал юзасига ҳамда гумбазларнинг олтин суви югуртирилган юзаларига ёзилган битикларда кўзга ташлана бошлайди. Кейинги даврларда битикларда араб ёзувчининг гўзал ва нафис настаълиқ хатидан ҳам фойдаланиш ҳам одат тусига киради. Настаълиқ хатида битилган энг гўзал битик намуналаридан бири сифатида Теҳрондаги Сипаҳсолор масжиди кириш эшигининг пештоқида Мирзо Ғуломризо Исфаҳоний томонидан ёзилган битикни эслатиш мумкин.

Турли бинолар, айниқса масжидлар деворларида турли хатлар билан битиклар битиш Салжуқийлар (1037-1194 йиллар), Темурийлар (1370-1507 йиллар) ва Сафавийлар (1501-1736 йиллар) даврларидан Исфаҳон, Хуросон ва бошқа шаҳарлар ва диёрларда равнақ топган. Бугунги кунда ҳам кошинкорлар ва хаттотлар орасида ушбу хатларда турли битиклар битиш кенг тарқалган.

Салжуқийлар (1037-1194 йиллар) даврига оид Гулпойагон масжиди минораси, Ҳулокуийлар (1256-1335 йиллар) даврига оид Табриз жоме масжиди, Темурийлар (1370-1507 йиллар) даврига оид Нишопур жоме масжиди, Исфаҳондаги Атиқ ва Шайх Лутфуллоҳ масжидлари, Шероз ва Кошон жоме масжидлари, Машҳаддаги Али ибн Мусо ар-Ризо (799-818 йиллар) мақбараси, Мароғадаги Гунбади кабуд (Кўк гумбаз) мажмуаси ҳамда бошқа кўплаб обидалардаги битикларни Эронда ислом даврида яратилган бошқа машҳур битиклар жумласидан санаб ўтиш мумкин. Шунингдек, Афғонистоннинг Ғур вилоятидаги Жом минораси, Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳридаги Қутб минор обидаси, Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Қарши, Термиз, Тошкент, Қўқон, Наманган ва бошқа тарихий шаҳарларидаги кўплаб тарихий обидалар, Қозоғистоннинг Туркистон шаҳридаги Хожа Аҳмад Яссавий мақбараси ҳамда Озарбойжоннинг Боку шаҳридаги Ширвоншоҳлар қасри мажмуасидаги битикларни ислом даврига оид энг машҳур битиклар жумласига киризиш мумкин.

Битиклар маълумотлар, қарашлар, маданиятларни сақлаб қолиш ҳамда эстетик бир тарзда ўтмиш аждодлардан келажак авлодларга етказиб беришда энг муҳим ва энг боқий усул ҳисобланади. Маълумки, ҳар бир битик санъаткор вужудининг ўзидан ташқаридаги оламда мужассам бўлишидир. Шунга кўра санъаткор руҳият гўзаллиги ва мусаффолигига қанчалик эришган бўлса, унинг асари ҳам шунчалик гўзал ва мангу бўлади.

Келинглар, бутун жаҳон бўйлаб ўтмиш аждодлардан бизга ёдгор бўлиб қолган ушбу гўзал асарларни керакли тарзда авайлаб-асрайлик ва келажак авлодларга етказиб берайлик.

Ҳамид НАЙЙИРОБОДИЙ

Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги

Фавқулодда ва Мухтор элчиси

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Лавров Тожикистонга нега келяпти?

502 20:14 05.06.2023

Фотиҳ Эрбақон: «Одамларнинг машаққатларини енгиллатиш ибодатдир!»

595 18:18 05.06.2023

Душанбеда Марказий Осиёдаги энг катта масжид очилади

815 16:28 05.06.2023

Иброҳим алайҳиссалом чақириғига биринчи бўлиб «лаббайка» деганлар

634 14:40 05.06.2023

Таниқли ислом олими Жазоир ва  Марокашни мулоқотга чақирмоқда

1140 11:18 05.06.2023

Азон овози яхши эшитилмаса...

951 09:15 05.06.2023
« Орқага