Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Термиз аэропортига Афғонистон учун 100 тоннадан ортиқ гуманитар юкларни етказиб берган.
Фавқулодда гуманитар ёрдам олиб кетаётган самолётлар Термизга 15, 16 ва 17 октябрь кунлари етиб келган. Улар Афғонистон халқи учун энг зарур нарсалар ва қишки буюмларни етказиб беришди. Белгиланган манзилга жўнатилмагунча юк «Термез Карго Центр» терминалида сақланади.
“Биз Ўзбекистон ҳукуматига Афғонистонга гуманитар ёрдам кўрсатишда ҳамкорлик қилгани учун миннатдорчилик билдирамиз. Биз бу янги ёрдам йўли Афғонистондаги гуманитар инқирозни енгиш ва миллионлаб одамларга ёрдам бериш борасидаги глобал саъй-ҳаракатларга ҳисса қўшишига ишонамиз", - дейди Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочоқлар бўйича Олий Комиссарлиги бошқармаси Марказий Осиё бўйича вакили ўринбосари Думитру Липкану.
«Термез Карго Центр» терминали Ўзбекистон ва Афғонистон чегарасидан икки километрга яқин масофада жойлашган. Жойлашуви, ҳажми ва имкониятлари ҳамда кўрсатаётган хизматлари туфайли у 3,5 миллиондан ортиқ афғон халқига ёрдам берадиган муҳим марказ сифатида қаралади. Шу йил бошидан бери ярим миллиондан ортиқ кишига кўмак берилди.