БМТ Афғонистондаги ходимларини ҳимоя қилиш учун “Толибон”га қарийб 6 миллион доллар тўламоқчи, дея хабар беради Reuters.
Ушбу маблағ келгуси йил БМТ объектларини қўриқлаётган толибларга маош ва ойлик озиқ-овқат пули сифатида тўланади.
“Бирлашган Миллатлар Ташкилоти иш берувчи сифатида ўз ходимлари хавфли ҳудудларда ишлаганда мезбон давлатларнинг имкониятларини кучайтириш ва керак бўлганда тўлдиришга масъулдир”, – деди БМТ матбуот котиби ўринбосари Фарҳон Ҳақ.
Қайд этиш жоизки, “Толибон”нинг бир қатор етакчилари ҳали ҳам БМТнинг “қора рўйхати”да турибди ва улар халқаро қидирувга берилган. “Толибон” ҳукуматидаги Ички ишлар вазири бўлиб ишлаётган Сирожиддин Ҳаққоний улардан биридир, БМТ айнан у бошчилик қилаётган вазирликка маблағ ажратади.
БМТ маълумотига кўра, айни пайтда Афғонистонда аҳолини озиқ-овқат ва тиббий ёрдам билан таъминлаш, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, таълим, сув таъминоти ва канализация тизимини йўлга қўйишга кўмаклашувчи 160 га яқин маҳаллий ва халқаро гуманитар ташкилотлар фаолият кўрсатмоқда.