Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Бола эмизишликнинг нозик жиҳатлари бор

3087

Маълумки она халқимиз ўта болажон бўлиб, бу албатта  миллатимизнинг эътироф этилган фазилатларидан биридир. Фарзанд учун борини берадиган, уларга бир совуқ шабодани-да раво кўрмайдиган, уларга юзланган ҳар қандай кўнгилсизликни ўзига олишга-да тайёр бўлган танти оналаримиз, оталаримиз бор, алҳамдулиллаҳ.

Эътибор беринг!

Ояти карима ва ҳадиси шарифларда фарзандларни ўз ота-оналарга ғамхўрлик қилиши, хизмат қилиши ҳақида кўпгина ҳукмлар ворид бўлган. Бу вазифа фарзанд зиммасидаги мажбурий фарз этиб белгиланди.

Аммо унинг аксини тополмайсиз. Яъни фарзандларга ғамхўрлик қилиш ота-оналарнинг зиммасидаги фарз мажбурияти этиб белгиланмаган. Уламоларимиз бу ҳақда "Ота-оналар бу ишни асло эсдан чиқармайдилар, шунинг учун ҳам уни ояти карима ва ҳадиси шарифларда баён қилишни зарурати йўқ, лекин фарзандларга мазкур ҳукмларни баён қилинмаса, бу иш уларнинг эсидан чиқиб қолади", - дейдилар. 

Халқаро маданият ва анъаналар қоришиб кетган бугунги кунда фарзанд ва унинг тарбиясига қаратилган омиллар ҳам глобал муаммолардан бирига айланиб улгурди. Айни масала борасида айрим ғарб жамиятлари фуқороларининг енгил-елпи ёндашувлари, у жамиятларни қатор муаммолар гирдобида қолдирмоқда. 

Келинг, биз айни масалада узоққа бормайлик-да, ўзимиздаги вазият ҳақида гаплашайлик. Муқаддас динимиздаги фарзанд эмизиш масаласини олиб қарайлик. Аввало, бу иш мўминалар учун ибодат ҳисобланади. Яъни бу ҳақда Аллоҳ таоло ояти карима нозил қилди. Бақара сурасининг 233-оятида шундай марҳамат қилинади:

“Ким эмизишни батамом қилишни ирода қилса, оналар фарзандларини тўлиқ икки йил эмизурлар”.

Ушбу ояти кариманинг далолатича, фарзандни икки йил тўлиқ эмизиш яхши иш ва ихтиёрий муддат экан. Тўғри, гоҳида оналар учун бу муддатни тўлиқ қилиш имконсиз бўлиб қолади. Соғлик кўтармаслиги, ҳомиладор бўлиб қолиш ва яна қатор сабаблар вужудга келиши мумкин. Шунинг учун ҳам ояти каримада ушбу эмизиш муддати оналар учун ихтиёрий қилиб белгиланди. Аммо бу ерда масалани бошқа нозик томони бор бўлиб у ҳадиси шариф билан собит бўлди. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

“Насаб орқали ҳаром бўлган нарсалар эмизиш орқали ҳам ҳаром бўлади” 

Бухорий, Муслим, Насаий, Можалар ривояти.

Демак, туғишган ака-сингиллар, жиян ва амма-холалар ўртасида никоҳ мумкин бўлмагани каби эмишганлар ўртасида ҳам маҳрамлик собит бўлади. Масалан, Шаҳлохон ўзининг фарзанди Дилшодга қўшиб Бобур деган болани эмизди. Замон ўтиб болалар улғайгач, Бобур Шаҳлохоннинг авлодларидан бирига (қизига, неварасига, эварасига) уйланмоқчи бўлса, бу шаръан мумкин эмас. Чунки Бобур Шаҳлохонни эмгани учун унга фарзанд мақомида бўлади. Шунинг учун Шаҳлонинг фарзандлари, ҳар қанча пастласалар ҳам, Бобурнинг синглиси, жияни, эмикдош қариндоши бўлиб қолаверади. 

Энди худди шу Бобурнинг Жамшид деган укаси ҳам бор бўлиб, у Шаҳлохонни эммаган. Яъни ўз онасини эмган эди. Бу вазиятда Жамшид Шаҳлохоннинг зурриётларига уйланса, жоиздир. Чунки Жамшид Шаҳлохонни эммагани учун улар орасида маҳрамлик собит бўлмаган. Шаҳлохон Жамшиднинг акаси Бобурга она бўлса-да, аммо Жамшиднинг ўзига она ҳисобланмайди. Қаранки, ака уйлана олмайдиган қизга ука уйланса бўлади. Яъни аканинг эмикдош синглиси бўлган қиз уканинг синглиси эмас!  

“Шариат қилни ҳам қирққа ёради” деган гап бежиз эмас. Шунинг учун ҳам Шариати Исломияда бегона болаларни эмизишликда эрнинг рухсати талаб қилинади. Чунки келажакда эмикдош йигит-қизлар ўртасида мазкур ҳолатлар юз бермаслиги учун бу ишларни аниқлаб қўйиш керак. Эмдирган она ўз фарзандларига у болани танитиб билдириб қўйиши зарурдир. Кўпинча болали аёллар бир жойга йиғилиб қолсалар, бир-бирларининг болаларини эмизиб қўйиш ҳолатлари учраб туради. Бу масалада ўртада маҳрамлик собит бўлиши учун гўдак у онани тўйиб эмиши ҳам шарт эмас. Бола у онани озгина эмган, қорни сутга тўймаган бўлса ҳам, унинг ўзи туққан боласидек бўлиб қолаверади. Аммо бегона онани эмган ушбу бола икки ёшдан ўтган бўлса, улар ўртасида она-болалик, яъни маҳрамлик собит бўлмайди. Фуқаҳоларимиз мазкур вақт ҳақида болани икки ёшгача бўлган вақти эканини кўрсатганлар. Масалан, икки ёшу икки ойлик бола бошқа онани эмса ҳам, улар ўртасида маҳрамлик собит бўлмайди. Чунки бу бола эмиш муддатидан ўтиб кетгандир. Турган гапки бу шаръий ҳукм бўлиб, унинг ҳикматлари жуда ҳам кўпдир. Бу борада уламолар томонидан том-том китоблар битилган ва битилмоқда.

Мазкур сабаб ва омиллардан келиб чиқиб шуни айтамизки, қадрли опа-сингилларимиз эмизиш масаласига енгил  муносабатда бўлиши асло мумкин эмас. 

Ҳа! Миллат бешигини тебратган муҳтарама оналаримиз!!!

Тоҳир Воҳид,

“Умар ибни Ҳаттоб” жомъе масжиди имоми ноиби

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Катта фиқҳ энциклопедияси: Икки маънодан бирининг устун келиши ёки уларнинг баробарлиги

107 22:05 30.11.2021

Истанбул сафари таассуротлари: “Дорга осилган бош вазир, 35 йиллик қози ва пачоқланган машина...”

366 21:40 30.11.2021

“Ҳалол” сертификати бўлмаганлар ҳам маҳсулотини “ҳалол” белгиси билан сотяпти...

366 21:05 30.11.2021

Динимни ўрганаман: намоз ракатлари орасида гапирмаслик ҳақида

620 20:05 30.11.2021

Кобулдан Тошкентга авиарейслар очилмоқда

343 19:06 30.11.2021

Қорақалпоғистондаги ўрмонда содир бўлган ёнғин бартараф этилди

183 19:00 30.11.2021
« Орқага