Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Болаларимизни ўлдирмайлик!

1063

Биз яшаётган айни пайт ахборот асри деб ном олди. Ҳатто супер ахборот асри дейиш ҳам мумкин. Қўлимиздаги имкониятдан фойдаланиб, “дунёни айланиб” келишимиз мумкин. Бири рост, бири ёлғон, бири чин, бири бўҳтон хабарлар оқими айланиб ётибди. Бирини “ҳазм қилиб” улгурмай иккинчисига ёқа ушлаймиз. Яқинда хабарларга “+” ишораси билан ёш белгиси қўйилишини ўқиб хурсанд бўлдим. Бунда кутилган самарага эришиш нечоғлик бўлади, билмадиму лекин ҳар ҳолда ҳар бир хайрли ишда барака бор. 

Айниқса, ижтимоий тармоқларда кейинги пайтларда “она ўз боласини бўғиб ўлдирди”, “она боласини ахлатхонага ташлаб кетди” деган хабарлар учраб турибди. Ҳаммамиз ўша оналарнинг номига лаънат айтишни бошлаймиз. Кейинги хабар ундан ҳам даҳшатлироқ бўлиб чиқади. Она боласини сотмоқчи бўлганда қўлга олинди. Ёки хорижда юрган ўзбек аёли боласини туғруқхонага ташлаб кетди. Сен ҳам аёлсанми, сен ҳам онасанми, дегинг келади. Лекин бу билан муаммо барҳам топмайди. 

Куни кеча Бухорода бир аёл деҳқонларнинг чайласига 9 ойлик боласини ташлаб кетгани ҳақида хабар тарқалди. Бола касалхона жонлантириш бўлимида экан. Аллоҳ шифо берсин. Бу ёқда муҳокама қизғин. Шарҳлардан бирида биров “Диндан узоқлашишнинг оқибати”, деб ёзса, бошқаси “Бундай ҳоллар аввал ҳам бўлган. Хабар ўша ҳудудда тарқаган холос. Ҳозир ижтимоий тармоқларда тарқалаётгани учун кўпдек туюляпти”, деб ёзибди. Балким. Яна бири ҳамма жойга камера ўрнатиш таклифи билан чиқибди. Нима бўлганда ҳам бу ҳол бир йилда бир бор учраса ҳам менимча кўп. Бу залолат. Биз фарзандларимизга қандай тарбия беряпмиз? Уволни, заволни ўргатмаяпмизми? 

Зўравонликка учраб ҳомиладор бўлган, алданган, исталмаган боланинг туғилиши мана шунақа оқибатларга сабаб бўлмоқда. Ҳали бу туғруққача етиб келганлари. Абортлар қанчадир, қўлбола усулда туширилганлар қанчадир... (бунақа ҳолатлар ҳақида ҳам фактлар бор). Нима бўлганда ҳам бу ҳол барча вужудида оналик ҳисси бор аёлларни ларзага солмоқда. Боласини ўлдираётган, сотмоқчи бўлаётган, ташлаб кетаётганнинг ҳар бири бизнинг фарзандларимиз, сингилларимиз. Бунга бефарқ қарай олмаймиз.

Қиз қурғурни ижтимоий сайтларда қарғаб қўйиш билан кифояланмайлик. Ҳар бир қотил, ботил онанинг ортида уни алдаган, хўрлаган, шу жойгача олиб келган битта номард (мард сўзи форсийда эркак дегани экан) бор. Хўш, униям қўшиб қарғадик, нима ўзгаради? Бунинг ўрнига муаммоларимизни бартараф қилишни ўйлаб кўрайлик. Аслида болани увол қилаётган ҳар бир она билан унинг ортида турган эркакни ҳам топиш керак. Чунки ҳақ-ҳуқуқини билмаган аёллар чорасизликка қабоҳатни чора деб билади. Аслида илдиз гуноҳдан бошланиб, гуноҳга етаклаб борадиган йўллар кўп. Яқинда ижтимоий тармоқларда 16 ёшли қиз икки нафар эркак томонидан обқочиб кетилиб зўрлангани ҳақида хабар тарқалди. Бу қиз жиноятни ошкор қилган. Яхши бўлди. Бошқа вазиятларда ота-оналар қизининг шаънини ўйлаб, ишни ёпа қолишади. Энг ёмон вазият ўша. 

Ҳеч бир қиз, аёл адашмасин, кўйлаги ёмонга йиртилмасин. Кейинги тақдири чигаллашиб кетаверади. “Эркак”лар эса бирор  қиз ёки аёлга тажовуз қилаётганда ўз яқинлари ҳақида ҳам ўйлаб кўрса яхши бўларди. Қайтар дунё бу. Қайтмагандаям қиёмат бор олдинда.

Бир неча йил олдин юқори синфда ўқийдиган қизларни оммавий тиббий кўрикдан ўтказишганда оналарга ёқмади. Ўқитувчи дарс берсин, қизларимизни ҳар хил аппаратларга солишмасин, дейишди. Аслида бу усул муаммога ечим бўлмасада, оналар ўзларидан ортмаётган бир пайтда яхши иш эди. Гап келганда, мактабларда ташкил этилган “Ораста қизлар” ўзини оқладими, маҳалла қаерга қаради, инспектор қаерга қаради, деган саволлар кўпаяди. Биз оналар қаерга қараяпмиз?

Фарзандларимизга нима иш қилиб қўйган бўлса ҳам ўзимиз билан сирлашишни ўргатайлик. Агар гуноҳ қилган бўлса, хаспўшламай тавбага ўргатайлик. Ҳамма жиноятлар бандасидан қўрқиб, Яратгандан қўрқмасликдан келиб чиқади. Фарзандларимизга Аллоҳни танитайлик. Ҳеч биримиз бу ишни менинг фарзандим қилмаган, деб ўзимизни лоқайд тутишга ҳаққимиз йўқ. Тирикчилик ташвишларидан ортиб, улар билан шуғулланишга вақт ажратайлик. Бўлмаса, ўзлари топишади шуғулланадиган масканлару воситаларни. Эртамиз фаровонлигини ўйлаб, моддиятга берилиб кетмаяпмизми? Шу моддият болаларимизни бошқа кўйга солмаяптими? Бу ўринда мен атай оналарга мурожаат қилдим. Чунки, эркакларни моддий эҳтиёжларимизга шу қадар кўмиб ташладикки, уларни тарбия билан шуғулланишга вақт бермаяпмиз. Энди бу алоҳида мавзу ҳамда умумий гап.

Келинг, оналар, опа-сингиллар, фарзандларимизни ўғил бўлсин, қиз бўлсин, чиройли тарбия бериб, ажру мукофотларга лойиқ бўлайлик. Экранларнинг катта-кичикларидан, сериалу кинолардан ортиб, уларнинг кўнглига қулоқ тутайлик. Сарпо учун битта матоҳ олганимизда ёнида битта китоб олиб ўқишини назорат қилайлик. Аввало, она бўлиб кўнглига қўл солайлик. Истакларини тинглайлик. Ўртоқлари кимлигини билайлик. Телефонида кимлар бор, ижтимоий сайтларда кимлар билан ёзишади, қандай манбалар кўпроқ қизиқтиради, билайлик. Бўлмаса, Худо кўрсатмасин, эртага ҳожатхонадан топилган гўдакнинг онаси ёки отаси бизнинг фарзандимиз бўлиб чиқиши мумкин. Кейин ўн жойимизни ўйсак, ўрнига тушмайди. Бугун улар фарзандини ўлдираётган бўлса, демак кеча биз уни маънавий ўлдирганмиз. Азиз оналар, дугоналар, фарзандларимизни ўлдирмайлик! 

Манзура Шамс

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Каховка ГЭСи: қурбонлар ҳақида расмий маълумот берилди

965 18:12 08.06.2023

Тожик мигрантлари муаммолари, Лавровнинг ташрифи ва ЕОИИ масаласи

1048 15:35 08.06.2023

Ўзбекистон – Истанбулдаги анжуман диққат марказида

691 13:07 08.06.2023

Канада: мусулмонлар мактабдаги  ЛГБТ дарсларига қарши чиқишди

1370 10:32 08.06.2023

Мадина шаҳри 2023 йилги Ҳаж мавсумига тайёр

722 09:49 08.06.2023

Эрон гипертовушли ракета ишлаб чиқарувчи дунёдаги тўртинчи давлат бўлди

1473 15:30 07.06.2023
« Орқага