Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (12-қисм)

1615

Профессор Сесил Хамар

“Шубҳасиз, Худонинг борлиги мен кундалик ҳаётимда ҳеч шубҳа қилмайдиган илмий ҳақиқатлардан каттароқ ҳақиқатдир. Биз қанчалик юлдузларнинг траекториясини аниқласак, шаклларини тушуна олсак ёки амёбани микроскопда текширсак-да, Аллоҳнинг борлиги билан боғлиқ қўл билан ушласа бўладиган ва моддий ниманидир кўрсата олмаймиз. Бироқ одамзод У томон йўналмас экан, Уни тушуниши ва билиши мумкин эмас. Бир киши микроскопда текширмагунча амёбанинг яшашни билолмайди ва бундай организмнинг йўқлиги ҳақида баҳс-мунозарага киришади. Бироқ микроскоп орқали амёбани кўриши билан у таянган барча далиллар ўз-ўзидан йўққа чиқади. Худонинг борлиги ҳақидаги ҳолат ҳам шундай. Инсон Худо тўғрисида узундан-узоқ баҳслар олиб бориши мумкин. Бироқ Уни билишга урингани пайт барча инкор далиллари чиппакка чиқади ва Унинг борлигини қабул қилишдан бошқа чораси қолмайди. Одамзод ўзини Худога таслим этишни рад қилар экан, маънисиз баҳс-мунозараларнинг охири бўлмайди.

Тангрининг нури фақатгина Уни излаганларнинг қалбини ёритади. Ҳа, мен коинотнинг ва менинг раббим бўлмиш Парвардигорга қатъий ишонаман, Унинг ягоналигини тасдиқлайман. Ҳам ўз оламимда, ҳам атрофимни ўраб олган олам-коинотда Уни кўраман”.

 Профессор Пол Клейранс Бросолд

“Илмий изланишларимни бошлаган дастлабки йилларимда инсон заковати ва тафаккур қобилиятидан ҳайратга тушгандим. Бу коинотда кучли илмий услублар билан ҳал қилиб бўлмайдиган бирор масала бўлиши мумкинлигини қабул қилмасдим.

Ҳаётнинг пайдо бўлиши, ақл ва мавҳум ҳар нарсани илмий услублар билан ўрганиш мумкинлигига ишонардим. Бироқ атомдан тортиб коинот жисмлари, митти микробдан тортиб инсон ҳақидаги маълумотларим ортгани сайин тушундимки, коинотда ҳали илм-фан тушунтириб бера олмайдиган жуда кўп нарса бор экан.

Илм-фан миллион йиллаб давомида улкан одимлар билан муваффақият сари илгарилаши мумкин... Лекин атомнинг тафсилотлари, коинотнинг инжаликлари ва тафаккурнинг теранликлари борасида одамзод ҳал қила олмайдиган ва тушунтириб беролмайдиган жуда кўп масала қолади.

Шуниси аниқки, илм ва инсон ақли атомлар, небулалар (коинотдаги газли булутлар), сайёралар, параллел дунёларнинг пайдо бўлиши, микрокоинот ва макрокоинот билан боғлиқ гипотезалар ва назариялар ҳақида сўз юритишига қарамай, коинотнинг асосий тузилишини ташкил этувчи модда ва қувват қандай қилиб бугунги ҳолатга келганини изоҳлаб беролмайди.

Тўғрисини айтганда, салим ақл ва мантиқ қоидалари бизни Худонинг борлигига ишонишга мажбурламоқда”.

 Профессор Клод М. Хатаваи

“Ҳар бир лойиҳа ўша лойиҳани яратган муҳандисни тақозо қилади. Ана шу умумий ҳукм туфайли мен ишлаган муҳандислик бўлими Аллоҳга имонимни кучайтирган энг катта сабаблардан бири бўлди. Электрон жиҳозлар ва машиналарнинг лойиҳасини чизиш билан ўтказган ўша узоқ йилларим... Ҳар лойиҳа қаршисида илоҳий низомга нисбатан ҳайратим янада ортди. Кўзим тушган ҳар бир санъат асарини ҳайронлик ичра томоша қилдим. Тушундимки, атрофимни ўраган бу ажойиб асарлар ва санъат намуналарининг пайдо бўлиши учун албатта бунга туртки берган лойиҳани яратган бир қудрат бўлиши керак. Бунинг тескарини ўйлаш эса ақл ва мантиқ қоидаларига зиддир”.

Профессор Ирвинг Уильям

“Худонинг борлигига чин дилдан ишонаман. Унинг буюклигини бутун борлиғим билан қабул қиламан. Зеро, биргина тасодиф ва моддият қонунлари бизга протонлар, электронлар, атомлар, аминокислоталар, протоплазмани ёки заковатни изоҳлаб бера олишига мутлақо ишонмайман. Шунинг учун Худонинг борлигини қабул қиламан. Мен мушоҳада юритган коинот тушунчасини тўлиқ тушунтириб бера оладиган ягона мантиқ қоидаси Унинг борлигига таянишини қабул қиламан”.

Профессор Рассел Мекстер

“Шубҳасиз ишонаман ва қатъиян қабул қиламанки, одамзод фикр юритган ва коинотни тадқиқ этган ҳолда топган Худо осмондан туширилган муқаддас китобларда айтилган Тангридан бошқаси эмас. Муқаддас китобларда тилга олинган Тангрининг борлиги ҳақидаги далиллар тоғларда, самода, денгизларда кўриниб турибди. Унинг қудрати ям-яшил ўсимликларда, осмонда учаётган қушларда ва бошқа жонзотларда тажалли этади”.

  Профессор Андро Чиновайви

“Албатта, ҳар қайси лойиҳанинг ортида ўша лойиҳани яратган кимдир бўлиши керак. Табиати нуқтаи назаридан коинотнинг лойиҳасини чизган муҳандис битмас-туганмас хусусиятларга эга бўлиши зарур. Ўша муҳандис, тенги йўқ яратувчи – Худодир”.

Стивен Хокиннг (1942-2018)

Стивен Хокинг “Вақтнинг қисқача тарихи” (1988 йил) номли машҳур китобида оламнинг нима учун борлиги ҳақида шундай фикр юритган эди:

“Камчиликлардан холи қандайдир назарияни кашф қиладиган бўлсак, у вақти келиб фақатгина олимлар учун эмас, ҳамма учун тушунарли бўлиши керак. Шундан кейин файласуфлар, олимлар, оддий одамлар, яъни ҳаммамиз биз нима учун мавжудмиз ва коинот нима учун мавжуд деган баҳсга қўшилишимиз зарур.

Агар бу саволнинг жавобини топа олсак, бу инсон ақли ва мантиғининг энг улкан муваффақияти бўлади, шу билан биргаликда Тангрининг ақлини ҳам тушуна оламиз.

Энг катта далил – коинотдаги тартибот. Олам ҳақида кўпроқ нарса кашф қилиш билан оламнинг мантиқли қонунлар билан бошқарилиши тўғрисида кўпроқ нарсани кашф қилган бўламиз. Ва хаёлингизда ҳамон ўша савол бўлади: оламнинг мавжудлигининг сабаби нима? Хоҳласангиз, Тангрини мазкур тенгламанинг жавоби сифатида таърифлашингиз мумкин”.

Олим 1998 ёзган “Вақтнинг ва фазонинг табиати” номли китобида шундай деганди:

“Қора туйнуклар ҳақида: Эйнштейн “Тангри шашқол ташламайди” деганида нотўғри гапирган эди. Қора туйнукларнинг мавжудлиги Тангрининг нафақат шашқол ташлагинини, балки бу шашқолларни биз кўра олмайдиган жойларга улоқтириб, бизни ҳайрон қолдирганини ҳам кўрсатади”.

Амин Ариқ

(давоми бор)  

Таржимон: Аброр Адҳам ўғли

 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (26-қисм)

1286 21:55 05.06.2021

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (14-қисм)

1677 22:00 07.03.2021

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (13-қисм)

1838 22:23 06.03.2021

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (11-қисм)

1547 21:00 20.02.2021

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (10-қисм)

1454 21:30 17.02.2021
« Орқага