Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (26-қисм)

1286

Еттинчи боб

Илмий далиллар

“Сен: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!” – деб айт. Албатта, ақл эгаларигина эсларлар”.

(“Зумар”, 9-оят)

Илм-фан ва дин

Илм-фан ва дин муносабатлари

Ақл ва сезгиларнинг соҳасига кирувчи ҳар нарсанинг билинишини таъминловчи, мавжудлик ва ҳодисалар орасидаги алоқаларни кашф этиб, тушунтириб берувчи тадқиқотлар илм-фан деб аталади. Дин эса энг аввало биз руҳимиз билан сезган ва ақли салим билан билан тушуниб қабул қилган ҳамда ақл эгалари бўлган инсонларни хайрли нарсаларга олиб борувчи илоҳий қонундир.

Замонавий илм-фан тажриба, мушоҳада, муҳокама ва муқоясага таянган ҳолда ҳақиқатни топишга уринади, унинг услуби ва тадқиқот соҳаси аниқ. Илм-фан тадқиқот соҳасига кирмайдиган масалалар бўйича хулоса бермайди. Диний мавзулар эса илмнинг тадқиқот соҳасидан ташқарида. Диний эътиқодларни машинага ортиб, лабораторияга олиб бориб бўлмайди. Бу эътиқодларнинг қийматини лаборатория эмас, фақатгина орттирилган тажрибалар намоён этади. Инсон ҳаёт йўлидан илгарилар экан, шуни тушуниб етадики, қалбдаги эътиқод ва унинг бўшлиғини на бойлик ва шуҳрат, на мавқе ва обрўю фавқулодда муваффақиятлар, қисқаси, дунёдаги қийматлардан ҳеч бири тўлдира олмайди.

Илм-фан ва дин муносабатларига келадиган бўлсак...

Буларнинг инсон ва жамият учун фойдаси, улар биргаликда бўлиши керакми ёки бир-биридан алоҳида бўлсинми сингари масалалар тадқиқотчилар ва мутафаккирларни анчагина ўйлантирган.

ХХ асрда Туркияда етишиб чиққан таниқли олимлардан бири, профессор Али Фуад Башгилга қулоқ тутайлик: “Илм-фан ва дин бир-бирини тўлдиради, бир-бирини инкор қилмайди. Илм башарий, дин эса илоҳийдир. Илм ақлнинг, дин эса қалбнинг нури ҳисобланади. Инсон ҳам ақл, ҳам қалб эгасидир; динсиз илм-фан балки қониқтирувчи бўлар, бироқ қалбни қорайтириши аниқ. Бундай ҳолатда илм-фан инсоннинг руҳиятига бахтиёрлик ва ҳузур бағишлай олмайди. Худди шундай, илм-фансиз дин руҳни ва қалбни ёритса-да, ақлни зулматда қолдиради”.

Илм-фан ва дин муносабатларига ҳар доим ҳам бўлган қизиқиш охирги асрда янада ортди. Ҳақиқат шуки, тарих давомида диний эътиқодга эга инсонлар ҳамда дин ва эътиқод мавзусига эътиборсиз бўлган, динни тан олмайдиган инсонларнинг фикрлари ҳар доим тўқнашган.

Ҳозирда ҳам динни ва Аллоҳнинг мавжудлигини тан олмайдиганлар, яъни атеизмни ҳимоя қилувчилар, Аллоҳга ишонса-да, динни қабул қилмайдиган, яъни деизмни ҳимоя қилувчилар бор...

Деизм Худонинг борлигини ва оламнинг илк сабаб эканлигини қабул қиладиган, бироқ нубувватга (пайғамбарликка) шубҳа билан қаровчи ёки уни инкор қилувчи фалсафий оқимдир. Деизм XVI ва XVII асрлардан эътиборан аввало Англия ва Францияда бузиб кўрсатилган насронийликнинг бўшлиқларидан келиб чиққан оқим ҳисобланади. Француз деистлари ичида энг таниқлиси – Ньютон физикаси ва табиат қонуни фикрига асосланиб янги дин пайдо қилишга уринган Вольтердир. Руссо[1] эса Вольтернинг рационалист деизмини романтик нуқтаи назар билан давом эттирди. Ҳозирги кунда деизм ўтмишдагидек журъаткор шаклда давом этяпти деб бўлмайди. Шу билан бирга деизмни ҳимоя қилувчилар “дин – афюндир” деган коммунистик мафкура чилпарчин бўлганига қарамай, бирорта диннинг қоидаларига риоя қилмай яшаб келишмоқда. Бу ўринда эътибор қаратилиши керак бўлган жиҳат шуки, динни инкор қилувчилар бу инкорлари илмга асослангани, илм-фан динни тан олмаслиги ва олимларнинг дин билан чиқиша олмаслиги ҳақидаги иддаоларини тарғиб қилиб келишади.

Ваҳоланки, уларнинг иддаолари ҳақиқатга тўғри келмайди. Аслида дунёнинг энг йирик олимлари дунёнинг энг чуқур фикр юритувчи диндорларидир. Ислом дунёсида ҳам ва баъзи истисноларни ҳисобга олмаганда, Ғарб дунёсида ҳам бу борада вазият бир хил. Декарт, Фарадей, Алексис Каррел, Эдмунд Уиттекер сингари машҳур олимлар диндор кишилар эди.

Илм-фан ривожланиши билан дин ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетади деб ўйлаганлар хато қилишган. Аксинча илм-фан ривожланиши билан динлар янада кучайган. Деизмга ишонган Вольтер ҳам, позитивизмга асос солган Огюст Комт ҳам, уларга эргашганлар ҳам рўёни чин деб ўйлаган болалар сингари хатога йўл қўйган эди. Илм-фаннинг калити билан ҳар қандай мажҳулнинг қулфини очишига ишонганлар кўрмайдики, илм-фан ҳал қилган муаммонинг ортидан яна мингта муаммо келиб чиқади ва бечора илм-фан ниҳояси йўқ мажҳуллар дарёсидаги битта сомонга ўхшаб қолади.

Чоғимиз илм-фани Дарвин сингари моддиюнчиларнинг илмидан бир аср, Лаплас[2] ва Ламарк[3] каби моддани маъбудлаштирганларнинг илмидан бир ярим аср олдинда. Бугун ҳеч бир ҳақиқий олим ва файласуф илм-фан номидан Аллоҳни инкор этмайди. Этолмайди, чунки бугунги илм-фан ҳаддини жуда яхши биладиган бўлиб қолган, камтарлик тўнини кийиб олган. Чунки бугунги илм-фан аввалгисидан анча ривожланган, илм-фан ривожлангани сайин олимлар қанчалик оз нарса билишларидан хабардор бўлишган.

Гарвард университети профессори бўлган Уильям Дугал (1871-1938) шундай деган эди: “Бугун биз, физиклар модданинг қаршисида XIX аср физиклари каби эмасмиз. Ҳаммасини тушундик демаяпмиз, биз ҳали тушунмаган жуда кўп нарса бор”.

XVIII асрдан XX асрнинг охирги чорагигача бўлган даврда ламаркизм, дарвинизм, позитивизм, эволюционизм, тарихий моддиюнчилик ва марксизм сингари таълимотларнинг чиппакка чиқиши инсонларнинг янги йўналишларга юз буришига, динларни тадқиқ қилишига, ахлоқий қадриятларни қайтадан кўриб чиқишига туртки берди.

Рим папаси Иоан Павел II (1920-2005) Шарқий Европада коммунизмнинг қулаши ортидан тайёрлаган ва 1991 йилнинг 2 майида эълон қилган Cetesimus Annus (“Юзинчи йил”) сарлавҳали, 114 саҳифадан иборат мактубида социализмнинг кучсизлигига ва марксист ечимнинг муваффақиятсизлигига ишора қилиб, инсонларнинг асосий эҳтиёжларини қондиришда капитализмнинг ҳам ахлоқий тамойиллар ва уларга асосланган қонунларга кўра бошқарилиши кераклигини таъкидлаган эди. Папа Ғарб етакчиларини коммунизмнинг қулашини ўз иқтисодиётларининг ғалабаси сифатида кўрмасликлари кераклиги борасида огоҳлантириб, назоратсиз ва адолатсиз капитализмнинг марксизм билан бир хил заифликларга эгалигига эътибор қаратган ҳамда Ғарб мамлакатларини иқтисодий тизимларига ахлоқий тамойиллар асосида ўзгартиришлар киритишга чақирган эди.   

 

Амин Ариқ

(давоми бор)  

Таржимон: Аброр Адҳам ўғли


[1] Жан-Жак Руссо (1712-1778) – файласуф ва ёзувчи.

[2] Пьер Симон Лаплас (1749-1827) – француз математиги, физиги ва астрономи.

[3] Жан Батист Ламарк (1744-1829) – француз табиатшуноси.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (14-қисм)

1677 22:00 07.03.2021

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (13-қисм)

1838 22:23 06.03.2021

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (12-қисм)

1616 21:00 27.02.2021

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (11-қисм)

1548 21:00 20.02.2021

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (10-қисм)

1454 21:30 17.02.2021
« Орқага