Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Боши берк кўчадаги деизм ва атеизм (6-қисм)

2149

Цицероннинг ҳаёти ва асосий қарашлари (эрамиздан аввалги 106-43 йиллар)

Марк Туллий Цицерон... Римлик сиёсатчи, давлат арбоби, нотиқ ва ёзувчи. Ҳуқуқ, адабиёт ва фалсафа билан шуғулланди. Муваффақиятли ҳуқуқшунос ва истеъдодли нотиқ сифатида донг таратди. Унинг 88 нутқидан 58 таси замонамизгача етиб келган. Нутқлари, фалсафа ва ҳуқуқ мавзусидаги асарлари лотин адабиётининг шоҳ асарлари ҳисобланади.

Цицерон Аллоҳга бўлган ишонч ҳар бир инсонда фитрий эканлиги ҳақида сўз юртиб, шундай дейди:

“Худо ҳақидаги фикр инсонларда фитрий ўлароқ мавжуд. Барча ибтидоий қавмларнинг ҳам Худо ҳақида ўзларига хос фикрлари бўлган. Худо тўғрисидаги фикрнинг догма сифатида инсон руҳида мавжудлиги Худонинг борлигига етарли далил саналиши зарур. Чунки Худо ҳақидаги фикрни яратилишдаёқ инсоннинг руҳига жойлаштирган Худонинг ўзидир. Баъзилар коинотни тасадиф маҳсули деб аташади. Бундай бўлиши асло мумкин эмас. Мен коинот тугул ҳатто кичкинагина қўнғизнинг ҳам тасодиф туфайли пайдо бўлишига ишонмайман. Агар тасодиф коинотни ташкил этган зарраларга эга бўлса, нима учун бугун шаҳарлар ва уйларни вужудга келтирмаяпти?”

Цицерон ҳақидаги сўзларимизни инсонларнинг бахти учун у айтган қуйидаги уч фикр билан якунласак:

“Ҳаёт чўққиси сари кўтарилаётганингизда учраган кишиларга яхши муомала қилинг, чунки чўққидан тушаётганда ҳам уларга дуч келасиз”.

“Тушуниш, англаб етиш ва ақл донишманд инсонларда мужассам бўлади. Донишмандлар бўлмаса, давлат ҳам бўлмайди”.

“Инсон қанчалик юксакларга чиқса, кўнгли шунчалик пастга тушмоғи керак”.  

Аврелий Августиннинг ҳаёти ва асосий қарашлари (354-430 йиллар)

Файласуф, ёзувчи ва мутафаккир. 354 йилда ҳозирги Жазоирнинг Суқ-Ахрас шаҳри ўрнида бўлган Тагастда мажусий ота ва насроний онанинг фарзанди ўлароқ дунёга келди. Афлотун, Арасту ва ҳаворий Павелнинг қарашларидан таъсирланди.

Аврелий Августин илоҳиётшунос бўлиш баробарида Ғарб дунёсида донғи чиққан ва кучли таъсирга эга файласуф ҳамдир. Инсоннинг ўзини таниши ва бу борада изланишлар олиб боришига катта аҳамият қаратган. У ҳақиқат инсоннинг ичида бўлиши ҳақидаги фикрни илгари сурган. Августиннинг назарида ҳақиқат – бу Худо. Бошқача айтганда, инсоннинг ўзи Худода, буни тушунишга уриниш эса фалсафадир. Демак, фалсафа инсоннинг ўзи ҳақидаги изланишларидир.

“Тангри давлати”, “Эътирофлар” ва “Мактублар” Августиннинг асосий асарлари ҳисобланади.

Насроний дунёсининг машҳур файласуфи шубҳадан келиб чиққан ҳолда Худони топиш мумкинлигини айтади: “Инсоннинг шубҳаланиши ва ўзининг мавжудлигини тушуниши Худонинг борлигини кўрсатади. Зеро, шубҳаланиш учун бизда ҳақиқат бўйича баъзи ўлчовлар бўлиши зарур. Ҳақиқат ўлчови шубҳа майдонимиз бўлмиш ташқи дунёдан келмаслигига кўра, бошқа манбадан келади, бу манба – Худодир. Худони танисанг, барча ашёларнинг ҳақиқатидан воқиф бўласан. Бироқ дунё ҳаётида Худони тўлиқ билишнинг имкони йўқ. Ибодатлар ва диний ҳаёт бу йўлдаги басиратимизни орттиради”.

Рене Декартнинг ҳаёти ва асосий қарашлари (1596-1650 йиллар)

Фрацуз математиги ва файласуфи, Ғарбнинг энг муҳим мутафаккирларидан бири. Модерн фалсафани Декарт бошлаб берган деб ҳисобланади. У 1596 йилда Франциянинг Лаэ шаҳрида туғилган.

“Фикрлаяпман, демак, мавжудман”, деган Декарт инсоннинг фикрловчи мавжудот эканлигидан келиб чиқиб, қусурсиз бир зот (Худо) мавжуд деган хулосага келган эди. “Метод ҳақида мулоҳазалар” (1637), “Метафизик тушунчалар” (1644) ва “Фалсафанинг асослари” (1644) унинг асосий асарлари ҳисобланади.

“Ҳеч кимга фойдаси тегмаслик буткул қадрсиз бўлиш демакдир” дея фикр билдирган Декартнинг модерн фалсафа ва илм-фанга ҳиссаси катта бўлди. Келинг, энди унинг мавзумизга алоқадор онтологик, психологик ва классик далилларини кўриб чиқайлик.

Онтологик далил

Декартнинг “Мулоҳазалар” (Meditions) асари (Бешинчи мулоҳаза)даги далилни қуйидагича ифодалаш мумкин:

(1) Зеҳнимда Тангри, яъни энг олий камолотга эга зот ҳақида фикр мавжуд.   

(2) Мукаммаллик васфларининг биридан маҳрумлик энг олий камолотга эга эмаслик демакдир.

Ундан бўлса,

(3) Тангрининг, яъни энг олий камолотга эга зотнинг мукаммаллик васфларидан биридан маҳрумлигини ўйлаш зиддиятни келтириб чиқаради.

(4) Мавжудлик – мукаммаллик васфларидан бири.

Ундай бўлса, (5) мавжудликдан маҳрумлик мукаммалликдан маҳрумлик демакдир.

Ундай бўлса, (6) энг мукаммал зот бўлмиш Тангрининг мавжудликдан маҳрумлигини ўйлаш зиддиятни келтириб чиқаради.

Ундай бўлса, (7) Тангрининг бор бўлиши Тангри тушунчасининг ажралмас қисмидир.

Ундай бўлса, (8) Тангри чин маънода мавжуд.

Онтологик далилга танқидлар ва жавоблар

Худонинг энг мукаммал зот эканлиги ҳақидаги ишончнинг манбаси бўлмиш онтологик далилнинг тарихий илдизларини ислом фалсафасига қадар тақаш мумкин бўлса-да, бу далилни фалсафага олиб кирган Ансельм (1033-1109) ҳисобланади.

Декарт бу далилга нисатан танқидларга жавоб берар экан, қуйидаги фикрларни келтирган эди:

“Тангрининг йўқлигини ўйлаш мантиққа зид, чунки унинг борлиги зарурийдир”.

“Тангрининг борлиги менинг У ҳақда ўйлашимга боғлиқ эмас. У бор бўлгани учун мен У ҳақда ўйлаяпман. Бошқача айтганда, мен унинг борлигини топаман”.

“Тангрининг борлигини топаман. Тангрининг борлиги ҳақида ўйлаяпман, демак, Тангри бор дея олмаймиз. Тангри бор, шу сабабли У тўғрисида ўйлаяпман, дейишимиз керак. Биз Тангри ҳақида ўйламасак-да, У мавжуд”.

“Агар Худонинг борлиги шунчалар очиқ-ойдин экан, нега бу ҳар доим баҳс-мунозаралар мавзуси бўлиб келган?” деган саволга Декарт шундай жавоб қайтарган: “Баъзи ҳақиқатлар ҳамма ҳам фаҳмлай оладиган даражада очиқ ва равшан эмас. Баъзилари устида жиддий бош қотиришга тўғри келади. Агар ақлимизнинг кучи чегарасиз бўлганида, ҳамма нарса, жумладан, Тангри ҳам очиқ-ойдин билинар эди. Лекин ақлимизнинг кучи чекланган, шу сабабли чексизни тушуниш учун чуқурроқ ўйлаб кўриш даркор. Пифагор теоремаси ҳам очиқ-равшан, лекин уни тушуниш учун диққат билан фикр юритиш зарур”.

Амин Ариқ

(давоми бор)  (1-қисм) (2-қисм) (3-қисм) (4-қисм) (5-қисм) (6-қисм)

Таржимон: Аброр Адҳам ўғли

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Тожикистон – Қирғизистон можароси: жабрланганлар сони ортяпти

455 23:00 27.01.2022

Мубашшир Аҳмад: “Жумҳур уламо тан олмаган жиҳодга бораман дейиш – ғирт абсурд иш”

353 22:24 27.01.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: Боғловчи сўз қўшиб, талоқни такрорлаш

159 22:10 27.01.2022

Тожикистон ва Қирғизистон чегарасида яна отишмалар юз берди

437 21:28 27.01.2022

Эрон ва Ўзбекистон: маданий ва зиёрат туризми тараққий топиши лозим

218 21:05 27.01.2022

Динимни ўрганаман: Рамазон рўзасини нафл нияти билан тутиш мумкинми?

245 20:10 27.01.2022
« Орқага