Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Босқинчи рассомнинг асари истилочилар кирдикорларини фош этади

3349

Верешчагин Шинжонга саёҳат таассуротлари даврида ноёб сурат чизган, у ерда Хитойга қарши, аслида маҳаллий мусулмонларнинг мустамлакачиликка қарши қўзғолонлари давридаги қатағон ва қотилликларнинг даҳшатли изларини кўрган. Ушбу сурат қизиқарли тарихга эга. 

Бироқ сурат дастлаб рассом томонидан «Туркистон туркуми»га киритилган ва биринчи номи «Темурлангнинг ғалабаси» деб аталган. Сурат осиёликларнинг ваҳший одатларини кўрсатиши ва руслар истилосини оқловчи ўзига хос бадиий асос бўлиши керак эди. Аммо кейинроқ рассом озгина ўзгартириш киритади.

Расм «Уруш апофеози» деган нейтрал ном олиб, унга «Ўтмиш, ҳозирги ва келажакдаги барча буюк босқинчиларга бағишланган» деган тавсиф берилади. Бошқача айтганда, суратда “осиёча” манзара бўлса-да, ҳар қандай урушларнинг пацифистик танқиди сифатида тушунилди ва кенг миқёсда танилди.

Ҳозирги кунда томошабинлар Верешчагиннинг бу расмини, балки, Украинадаги тажовузга қарши норозиликнинг энг муҳим рамзларидан бири сифатида кўришар... Мустамлака қилинган душманни қоралаш учун яратилган асар замонлар ўтиб тажовузкор томоннинг ўзига қаратилди.

Василий Василевич Верешчагин (1842 - 1904) – рус рассоми ва ёзувчиси, ижоди уруш ҳақидаги суратлар чизувчи баталист рассомлар сирасига киради.

Верешчагин 1867 йилда Туркистон генерал-губернатори генерал К.П.Кауфманнинг ўзи билан бирга рассом бўлиш таклифини қабул қилган эди. 1868 йил 2 майда рус қўшинлари томонидан босиб олингандан сўнг Самарқандга келган Верешчагин Шаҳрисабз беклари, қипчоқ уруғлари ва қўзғолончи маҳаллий аҳоли билан бўлган жангларда шахсан қатнашган. Кўрсатган “қаҳрамонликлари” учун Верешчагин 4-даражали Авлиё Георгий ордени билан тақдирланган.

“Ярим тундан кўп ўтмай, кучли ноодатий шовқин мени уйғотди – биз ўт қўйган масжид қулаб тушганди. Биз қилган ишимиздан мамнун бўлиб, томоша қилиш учун деворга чиқдик...”, деб ёзади Верешчагин 1868 йилги эсдаликларида.

Истилочилар рассоми бўлган Верешчагин Петербургда “Туркистон туркуми” деб аталган суратлари кўргазмасини ҳам ташкил этган. Бироқ унинг бир неча суратлари рус аскарларининг “шон-шуҳратли фаолияти”га мос келмагани, босқинчиларнинг аянчли кечмишини очиб қўйгани учун рус императори томонидан йўқ қилишга буйруқ берилган. 

Улардан бирида сафдошлари томонидан ташлаб кетилган рус аскарининг мурдаси тасвирланган. Саҳрода қарға-қузғунларга ем бўлиб ётган жасад тасвири Туркистон вилояти генерал-губернатори Кауфмандан император Александр II га қадар даҳшатли танқидларга учраган.

Рассомнинг император танқидига учраб йўқ қилинган асарларидан яна бири “Қуршаб олишди. Таъқиб қилишмоқда” деб номланган. Суратда қуршаб олинган ва охирги дақиқаларини яшаётган бир тўда рус аскарлари тасвирланган.

Яна бир асари “Мағлублар”да эса жанг майдонида ўлиб ётган рус аскарлари ва уларнинг бошида турган поп ва ҳарбий қўмондоннинг расми чизилган.

Рус-япон уруши бошланганда Верешчагин яна урушга кетади. Руслар учун шармандали мағлубият билан тугаган мазкур уруш рассомнинг ҳам охирги сафари бўлади. 1904 йил 31 март куни Порт-Артур яқинида портлаган мина туфайли денгизга ғарқ бўлган “Петропавловск” жанговар кемасида Туркистон истилосида иштирок этган рассом ҳам бор эди. 

Совет Иттифоқи ҳам Верешчагинни улуғлаб кўплаб жойларга унинг номини қўйган. Ҳатто Тошкентда ҳам унинг номи билан аталган кўча бўлиб, ўтган асрнинг 90-йилларида ўзгартирилган эди. 

Ёқуб Умар

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Толибон» Термиз яқинига тушган снарядлар ҳақида муносабат билдирди  

367 23:18 06.07.2022

Маккаи мукаррама: бугун зиёратчилар Тавофи Қудумни адо этишди

56 23:18 06.07.2022

Ташқи ишлар вазирлиги Нукус воқеалари бўйича махсус баёнот берди

203 22:47 06.07.2022

Ўзбекистон ва Туркия раҳбарлари бир-бирларини байрам билан табриклади

571 21:45 06.07.2022

Украина Европа Иттифоқига қўшилса нима бўлади?

291 21:30 06.07.2022

Хорижда ишга жойлаштириб қўяман деган ҳар кимга ҳам ишонманг!

179 20:45 06.07.2022
« Орқага