Британия Ички ишлар вазири Прити Пател мамлакат ҳукумати Фаластиннинг ХАМАС ҳаракатини террорчи ташкилот деб эълон қилмоқчилигини билдирди.
Пател келаси ҳафтада бу масала бўйича парламентнинг қўлловига умид қилмоқда, шундан сўнг терроризмга қарши кураш тўғрисидаги қонунга тегишли ўзгартиришлар киритилади.
Вазирнинг фикрича, ХАМАС муҳим террорчилик хусусиятидаги имкониятларга, жумладан, қурол-яроғ ва машғулот лагерларига эга.
Шу пайтгача Буюк Британия ХАМАСнинг ҳарбий қаноти ҳисобланувчи “Иззаддин ал-Қассам” бригадасини террорчи сифатида тан олган эди. Энди эса Европа Иттифоқи, АҚШ, Япония ва Канада сингари ҳаракатни бутунлай қора рўйхатга киритмоқчи.
Британияда ХАМАС террорчи ташкилотлар рўйхатига киритилганидан уни қўллаб-қувватловчилар 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Исроил Лондоннинг бу режасини олқишлади, ХАМАС эса қоралади. “Британия Фаластин халқи олдидаги тарихий гуноҳлари учун кечирим сўраш ўрнига қурбонлар эвазига босқинчиликни қўллаб-қувватламоқда”, – дейилади ҳаракат баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, ХАМАС ҳаракатига 1987 йилда асос солинган. У 2007 йилдан бери Ғазо секторини бошқариб келмоқда. Россия, Хитой, Туркия ва қатор араб давлатлари ХАМАСни террорчи ташкилот деб ҳисобламайди. Исроил билан тинчлик шартномасини имзолаган Миср ва Иорданияда эса тақиқланган.