Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Бу муборак кунлар қулай фурсатдир, ўтказиб юборманглар

436

Сизлар тез орада Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳузурида улуғ ва муаззам бўлган кунларга кириб келасизлар. Бу кунларнинг улуғлигини эслатиб ўтиш учун ҳамда Аллоҳнинг наздида бу кунларнинг ўрни нақадар буюклиги ва шу кунлардаги инсонни Аллоҳ азза ва жаллага яқинлаштирадиган тоатларнинг ажр-савоби катта эканига ишора қилиш учун Аллоҳ таоло унинг кечаларига қасам ичган.

Бу Зулҳижжа ойининг дастлабки ўн кунларидир. Бу Аллоҳ азза ва жалла ўзининг муқаддас китобида айтиб ўтган кечалардир.

"Фажр билан қасам.

Ва ўн кеча билан қасам.

Жуфту тоқ билан қасам.

Ва юрилган тун билан қасам.

Мана шуларда ақл эгаси учун (қаноатлантирувчи) қасам бордир". (Фажр,1-5)

Аллоҳ азза ва жалла ичган қасам мажозий бўлиб, инсон ичадиган қасам туридан эмас. Лекин Қуръоний қасам, ўша қасам ичилган нарсанинг Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло наздида улуғлигини эслатиш ва мақомининг олий эканига ишора қилиш учундир. Шу билан бирга бандани қасам ичилган нарсага аҳамият бериши ва ҳурмат кўрсатишга ундаш учундир. Гуёки Аллоҳ таоло инсонга яқинлашиб келаётган муборак ойнинг кечалари бутун йил давомидаги кечалардан алоҳида аҳамиятга эга эканини бандаларига билдираётгандек.

Инсон бу кечаларни эътиборсизлик билан паришон ҳолида Роббисидан қувилиб ўтказмаслиги лозим.

Пайғамбаримиз мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолонинг китоби ишора қилган бу ҳақиқатни ўзларининг ҳадисларида таъкидлаб изоҳ берганлар:

"Ҳеч бир кундаги солиҳ амал Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло учун ушбу ўн кунчалик маҳбуб эмас". Яъни Зулхижжа ойининг дастлабки ўн кунларидаги амаллар Аллоҳга энг маҳбубдир.

"Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳнинг йўлидаги жиҳод ҳам-а?!" – дейишди.

"Аллоҳнинг йўлидаги жиҳод ҳам. Бироқ бир одам жони ва моли билан чиқса-ю, ундан бирор нарса қайтмаса, бундан мустасно", – дедилар.

Азиз биродарлар, мен ўзимнинг эътиборимни ва сизларнинг эътиборингизни кириб келаётган муборак кунларга қаратдим. Маълумки, кунлар ва кечаларнинг жавҳари (асосий маъноси) бир нарса саналади. Замон ўз ҳақиқатида ягонадир. Лекин Аллоҳ таоло жойларнинг асосий моҳияти ва фазилати бир хил бўлишига қарамай, уларнинг мартабасини тафовутли қилгани каби Ўзи хоҳлаганидек ва Ўзи истаган ҳикматда замонлар орасини ҳам фарқли қилди. Булар ҳар қандай ҳолатда ҳам Аллоҳ таолонинг раҳмат кўринишидир. Аллоҳ азза ва жалла вақти-вақти билан Аллоҳнинг йўлидан адашган гуноҳкор бандаларига уларни Аллоҳга юзланиб, У билан яхши муносабатда бўлишлари лозимлигини билдириб туради. Чунки Аллоҳ билан бўлган муносабатда яхшиланиш инсонга саломат ва пок қалбдан бошқа нарсани таклиф этмайди. Шунингдек, нафсни ҳақиқатда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога бўйсиниб ва Унинг йўлига қайтиш шартномасини таклиф этади.

Кўпинча турли йиғинларда менга айтадилар: нима учун бу кечалар ҳақида келган ҳадисни кўп такрорлайсизлар? Нима учун бу ҳақида келган оят ва ҳадисларни кўп гапирасизлар? Ҳатто Зулҳижжа ойининг дастлабки ўн кечаси ҳақида келган ҳадис ананавий сўзга айланиб қолган. Нима учун бунчалик кўп такрор айтилади, ваҳоланки, одамлар буни тушиниб билиб бўлган-ку?

Биз қачон вақти келса, қайта эслатаётган ва у дўстларимизни ташвишлантираётган саволга беришимиз лозим бўлган жавоб нима? Жавоб шуки, Аллоҳ таоло бандаларини ислоҳга келишга ва бу кунларда Аллоҳга бўлган бандаликларига озуқа бўлиши учун тоат-ибодатларни кўпайтиришга чорлаган.

Биз барча ҳолатимизда: фақирликда ҳам, бойликда ҳам Аллоҳ азза ва жалла учун бандамиз. Кечагина эмизикли ёш бола бўлсак, бугунга келиб навқирон кучга тўлган йигитга айландик. Бизнинг бундай ўзгаришимиз вужудимиздаги Аллоҳга бўлган доимий бандалик сояси остида ҳаракатланади. Шундай экан, бу эслатма ҳам доимий бўлиши лозим. Аллоҳга бўлган бандалигимиз давомий экан, бу бандаликни озуқаси ҳам давомий бўлиши лозим.

Нима учун ёмғир мавсумида бу ҳақида айтиладиган ва кўп такрорланиб анъанага айланган ҳадис ҳақида ташвиш қилмайсиз?

Нимага бу ҳадис қайта-қайта айтилишига қайғурмайсиз?

Нима учун инсон осмондан тушадиган ёмғир ва ерда ўсимликларнинг ўсишига ҳожати йўқлигини билдирмайди?

Чунки оғзи бор инсон таомга муҳтож бўлади-да. Ҳаёти давомида ичишга эҳтиёжи тушади-да. Худди шунга ўхшаш сизларнинг Аллоҳга бўлган бандалигингиз ҳам озуқага муҳтождир. Инсон улуғликда қанчалик юқори даражага кўтарилса ҳам ёки қанчалик хорлик ҳолатига тушса ҳам, у Аллоҳнинг бандасидир. Бандалигини қилиши лозим. Аллоҳ таоло каломида айтади:

“Осмонлару ердаги барча кимсалар Раҳмонга банда бўлган ҳолларида келурлар. Батаҳқиқ, У зот уларни иҳота қилган ва санаб қўйгандир”. (Марям сураси, 93-94-оятлар).

Иш шундай бўлгач, инсон модомики ҳаёт экан, унинг қуёш нурига эҳтиёжи бўлгани каби Аллоҳга бўлган бандалигини тоат ибодат ва илтижо билан озуқалантиришга ҳам муҳтож бўлади.

Бу кунлар Аллоҳнинг бизга берган қулай фурсатидир. Бу кунларда Аллоҳ таоло гуноҳкор бандаларига қараб туриб ҳол тили билан: "Келинглар, мен сизлар билан ўртамдаги тўсиқ ва пардаларни кўтардим. Сизлар бироз эътиборли бўлиб, қалбингизда аниқ бир мақсад бўлса кифоядир", – деб айтади. Бизнинг эгамиз ва моликимиз бўлган Роббимиз чорлаб турган мана шундай фурсатни ўтказиб юборамизми?

Кириб келган мана шу кунларни Аллоҳ билан ҳақиқий ислоҳга келиш фурсати бўлишини ҳамда чин тавба килиш учун қулай вақт қилишини Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан сўрайман.

Ушбу сўзимни айтиб Аллоҳдан мағфират сўрайман.

Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутий хутбаси

1989 йилнинг 30 июни

Абдуллоҳ Ғуломов таржимаси

Манба

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Президент Шавкат Мирзиёев умра ибодатини бошлади

100 01:25 19.08.2022

 "Тарихнинг номаълум саҳифалари"

224 21:05 18.08.2022

Эшикоға беги

273 20:35 18.08.2022

Илм излаб сафар қилишдаги фазилатлари

212 20:05 18.08.2022

Фашистлар Германияси ва советлар ҳамкорлиги

333 19:35 18.08.2022

Ташқи ишлар вазирлиги Кобулдаги портлаш бўйича баёнот берди

298 18:58 18.08.2022
« Орқага