Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Бугун дин арзон нархда сотилмоқда...

2657

Иброҳим ибн Адҳам роҳимаҳуллоҳ анжир сотадиган бир йигитнинг олдидан ўтиб қолди ва анжирнинг нархини сўради. Боланинг кўзига Иброҳим фақир кўриниб, унга нархни айтгиси келмади. Ололмайди деб ўйлади. Шунда атрофда турган кишилардан бири:
– Бу киши Шом диёрининг фақиҳи Иброҳим ибн Адҳам бўладилар. У кишига анжирингдан сот! – деди. 

Ҳалиги йигит Иброҳим ибн Адҳамнинг ортидан югурди. Етиб олиб: 
– Эй амаки! Мана, анжир. Истаган нархингизда сотиб олинг, – деди. Шунда Иброҳим унга қараб: 
– Биз анжирни пулимизга олмоқчи эдик, динимизга эмас! – дея жавоб қайтарди.

Имом Шофиъийнинг ажойиб гапи бор: «Дин билан ейишингдан кўра рақс тушиб топган пулни ейишинг яхшироқдир!»

Синовлар ва мусибатлар инсонларнинг ғалвиридир. Хусусан, уламоларнинг. Инсонлар кенгчиликда бир хил бўлишади. Қийинчилик келганида улар бир-бирларидан фарқланишади. Қанча-қанча олимлар бор. Улар битта оятни шарҳлаб, бизни йиғлатишади, ўзлари ҳам йиғлашади. Озгина замон айланиб-айланмай улар амир, ҳоким ёки подшоҳ ҳузурида ноғорачига айланишади. 

Иброҳим ибн Адҳам роҳимаҳуллоҳга ўхшаган машойихларимиз савдогарлар уларга матоларининг нархини тушириб, арзон қилиб беришини исташмаган. Бу нарсанинг динлари учун, мурувватлари учун доғ бўлишини англашган. Дарҳақиқат, бу каби савдолар агар харидорнинг “фалончи фақиҳ” ёки “фалончи олим” бўлганлиги учун бўладиган бўлса, дин ва мурувват учун доғдир.

Афсуслар бўлсинки, бугун дин арзон нархда сотилмоқда. Уммат мана шунақанги ҳолатларда уламолари билан ҳимояланмаса, қачон ҳимояланади?! Уламолар мана шунақанги ҳолатларда Раббоний бўлишмаса, қачон Раббоний бўлишади?!

Афсуски, баъзи уламоларимиз бизни ёмғирнинг остида қолдириб, ўзлари ҳокимнинг шифтининг остидан жой олишмоқда. «Қуръон махлуқми, махлуқ эмасми?» номли фитнада сабот билан туриб берган Аҳмад ибн Ҳанбалга Аллоҳ раҳм қилсин!

Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳга Аллоҳ раҳм қилсин. У кишини Ироқ амири Умар ибн Ҳубайра чақиртириб шундай деди:
– Эй Ҳасан! Мўъминлар амири Язид ибн Муовия мени Ироққа волий қилди. У гоҳида менга баъзи ҳукмларни ижро қилишимни амр қилади. Уларда адолат кўрмайман. Мен учун фиқҳда бундан чиқиб кетадиган йўл борми?

Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ деди:
– Эй ибн Ҳубайра! Язид ҳақида Аллоҳдан қўрқ. Аллоҳ ҳақида Язиддан қўрқма. Аллоҳ сени Язиддан ҳимоя қилади. Аммо Язид сени Аллоҳдан қутқара олмайди!

 

Абдулқодир Полвонов

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Америкалик мусулмонлар хайр-эҳсон ишларида пешқадам

818 11:45 03.11.2021

Тўйни исроф билан ўтказманг!

1221 21:05 27.10.2021

Дин ишлари бўйича қўмитанинг вазифалари аниқланди

1446 17:45 04.10.2021

Иккита қамоқхонаси бор герцоглик

1801 21:10 08.09.2021

Яхши гумонда бўлайлик...

1326 06:05 23.08.2021

Ўзбекистонга БМТнинг Дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси келади 

1342 15:30 04.08.2021
« Орқага