Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Бугунги яхшилигинг – охиратда жаннатинг

1489

“Аллоҳ имон келтириб, яхши ишларни қилганларга мағфират ва улуғ мукофотларни ваъда қилади”  (Моида, 9).

Инсонни комилликка чорловчи ва руҳини покловчи динимизда Аллоҳ ҳузурида энг муқобил ишлардан  биринчиси иймон келтириш бўлса, кейингиларидан бири имкони борича атрофдагиларга яхшилик қилишдир, деб белгиланган.

Яхшилик қилиш. Ҳар ким ҳар хил тушунади, талқин этади ва бажаради. Хўш, сизнингча қандай ишлар яхшилик қилиш саналади? Менимча:

Етимнинг бошини силаш

Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий санади билан Абу Варқодан, у киши Абдуллоҳ ибн Абу Авфодан, у киши эса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким етимнинг бошини раҳм қилиб силаса, Аллоҳ таоло унга қўли теккан ҳар бир соч миқдорича яхшилик ёзади, ҳар бир соч миқдорича ёмонликларини ўчиради ва ҳар бир соч миқдорича унинг даражасини кўтаради”.  Бир тасаввур қилиб кўринг, етимнинг бошини меҳр билан фақат Аллоҳ учун силаган кимсага шунча мукофот берган Аллоҳ етимга ризқ улашганимизда бизга қанча савоб атаган экан.

Кимнингдир юкини кўтариш

Йўлда кетар эканмиз барчамиз ўз юмушларимиз, ҳаёт ташвишлари билан шошамиз. Жуда бўлмаса “ХХI аср технологиялари”  билан банд  бўламиз. Баъзан шундай вазиятда ёнимизда оғир юкдан қийналиб кетаётган кимсани пайқамаймиз. Энг ачинарлиси, баъзан пайқамаганликка оламиз. Аслида эса биз яхшилик қилиш имкониятини қўлдан бой берганимизни ўйламаймиз ҳам.

Кўчат ўтқазиш

Эсимда ёшлигимда бобом кўп ниҳол ўтқазардилар, фарзандларига меҳр бераётгандек сув бериб парваришлардилар. Бундай пайтда бобомга кўмакчи бўлишни ёқтирардим. Шунда бобом насиҳат қилардилар:  «Бугун биз ерга қадаган ниҳоллар вақти келиб бўй чўзади, бақувват шох-шаббалари билан соя улашади, ҳосилга кириб, минглаб одамларни, ҳатто қушларни ҳам мевасидан баҳраманд қилади. Шунда бизга фаришталар савоб ёзади» —  дердилар.

Чанқаган кишига сув бериш

Сув ичириш икромларнинг энг савоблиси экан. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: «Чанқаган бир кишига сув икром этганнинг амал дафтарига етмиш йиллик ибодат савоби ёзилади». Бу яхшиликни сув танқис жойда қилганга ҳазрати Исмоил алайҳиссалом (бунга Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли байти ҳам дохил) авлодларидан бир кишини кофир қўлидан қутқарганнинг савоби берилади”.

Ночорларга садақа қилиш

Ночорларга  ёрдам берган, таомлантирган ёки садақа қилган кишини Аллоҳ жаннат неъматлари билан сийларкан. Минг гуноҳини ўчириб, минг савоб ёзаркан. Демак кимгадир садақа қилиш орқали ҳам биз нафақат савобга эга бўларканмиз, балки гуноҳларимиз ҳам афв этиларкан.

Кимгадир илмингизни ўргатиш

Менинг фикримча, кимгадир ширин гапириб, чиройли муомала қилганимиз ҳам яхшиликдир. Шундай эмасми? Чунки бизнинг муомаламиздан кимнингдир қалби шодланиши мумкин. Қалб эса Роббимизнинг уйидир. Ижтимоий сайтда бир табассумнинг таъсири ҳақида ҳикоя ўқиб қолгандим. Ҳикоя тахминан шундай эди: Бир қизалоқ йўлда кетаётган одамга табассум қилади. Гўдакнинг беғубор кулгусидан кўнгли ёришган одам анчадан буён қарзи борлиги эсига тушиб қарзини қайтаради. Қарзни олган киши хурсанд бўлиб ўша пулга ноз-неъматлардан олиб ота-онасини кўришга боради. Бу занжир шу тариқа давом этганди. Ёш қизалоқ оддий табассуми шунча яхшиликларга сабабчи бўлганини ўзи ҳам билмасди. Балким бугун бизнинг ширин муомаламиз ҳам қизалоқ табассумидек бизга кўплаб яхшиликлар олиб келар. Балки айнан шу яхшилигимиз бизни Жаннат боғларида сайр қилишимизга, кавсар сувининг роҳатини ҳис қилишимизга, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан қўшни бўлишимизга сабаб бўлар. Зеро, қай амалимиз бизни ушбу мукофотга сазовор бўлишимизга сабабчи бўлиши бизга қоронғидир.

Менинг тасаввуримда яхшилик фақат ўзгаларга ёки яқинларига қилинмайди. Шундай яхшиликлар ҳам борки, инсон ўзига яхшилик қилади. Жумладан қиз вояга етказиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деган эканлар: “Кимнинг учта қизи ёки синглиси бўлса, уларга яхши одоб берса, улар вафот қилгунларича инфоқ этиб турса ёки уларни муносиб жойга узатса, агар у Аллоҳ кечирмайдиган амални қилмаган бўлса, албатта, Аллоҳ унга жаннатни вожиб қилади”.  Шунда аъробийлардан биттаси нидо қилиб: “Эй Аллоҳнинг элчиси, иккита (қизи) бўлса-чи?” деб сўради. Айтдилар: “Иккита бўлсаям”.

“Яна қизми? Қачон ўғил туғасан? Қачон мен ҳам ўртоқларим ёнида ғурурланиб юраман” дейдиган “баъзи эркаклар” наҳотки шу ҳадисдан бехабар бўлсалар?! Ўғил фарзанд балки уларга дунёни олиб берар, лекин жаннатни қизлари ҳадя этаётганини наҳотки ҳис қилишмаса? Қиз болани тўғри тарбиялаб, покиза вояга етказиш ҳам ахир яхшилик-ку. Яхшилик бўлганда ҳам инсоннинг ўзи учун қиладиган яхшилиги. Зеро, солиҳа қиз бу ҳаётда ота-онасига барчадан меҳрибон, ғамхўр бўлса, охиратда жаннатга элтувчи йўлдир.

Шуни ҳам айтиш керакки, кимгадир яхшилик қилиб унинг қайтишини кутишимиз ёки мукофот сўрашимиз ноўриндир. Баъзан ҳаётда шундай инсонларни учратамиз кимгадир яхшилик қилиб, сарҳисоб қиладиган ёки ундан жавоб талаб қиладиган. Ҳақиқий яхшилик Ҳақ йўлида қилинган яхшиликдир. Зеро алломаларимиз шундай дейишган: “яхшилик қил, денгизга от — балиқ билар, балиқ билмаса — Холиқ билар».

 

Рамазонова Шаҳзода Шойим қизи,
Тошкент фармацевтика институти талабаси

Ушбу мақола “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан ўтказилаётган “Яхшилик қил-2021” танловига юборилган.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ким яхшилик қилса, унга…

2043 16:15 04.06.2021

«YAXSHILIK QIL – 2021» танлови ғолиблари аниқланди

1400 12:35 25.05.2021

Имконингиз етганича яхшилик қилаверинг

1933 08:00 19.05.2021

«Мен қандай қилиб бой бўлдим...»

2507 13:25 16.05.2021

Қаддингни ростла!

2256 22:00 15.05.2021

Яхшилик қалбларни титратар

1554 04:00 08.05.2021
« Орқага