Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Бутун дунёнинг нигоҳи Львовга қаратилган: энг муҳим уч шахс шу ерда учрашмоқда

743

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған бугун Украинанинг Львов шаҳрида БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш ва Украина Президенти Владимир Зеленский билан учрашади.

22 июль кунги дон коридор келишуви ва Ражаб Тоййиб Эрдоғаннинг 5 август куни Сочида Россия етакчиси Владимир Путин билан бўлган учрашувидан кейин Лвовдаги уч томонлама саммит катта эътиборни тортмоқда. Польша чегарасига яқин Львов шаҳрида бўлиб ўтадиган йиғилишда "дон келишуви"нинг Россия билан Украина ўртасида давом этган урушни тугатиш учун намуна сифатида кўриб чиқилиши кутилмоқда. 

Аввалроқ Украина президенти Владимир Зеленскийнинг Туркия раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдоғанни Львовдаги тарихий Потокки саройида қабул қилиши хабар қилинган эди.    

Эрдоғаннинг Украинага қилган бир кунлик зиёратининг сиёсий аҳамиятга эга эканлиги ва урушни тугатиш мақсадини кўзлаганлиги Президентлик алоқа бошқармасининг баёнотида ҳам билдирилди. 

Ташриф олдидан берилган баёнотда “Президент Эрдоғаннинг Зеленский билан учрашувларида Туркия-Украина муносабатлари стратегик шериклик даражасида ҳар томонлама баҳоланади. Ташриф доирасида, шунингдек, Украина Президенти Владимир Зеленский ва БМТ Бош котиби жаноб Антониу Гутерриш иштирокида уч томонлама учрашув ўтказилиши ҳам кўзда тутилган. Ушбу учрашувда Украина-Россия урушини дипломатик йўллар билан тугатиш, Украина ғалласининг жаҳон бозорларига экспорти муҳокама қилинади” дейилади. 

Ражаб Тоййиб Эрдоған 24 февраль куни Россия-Украина уруши бошланганидан бери Туркия икки қўшни давлат ўртасида воситачи бўлишга тайёрлигини бир неча бор таъкидлаган. Львовдаги саммит 5 август куни Сочи шаҳрида Эрдоған ва Путиннинг юзма-юз учрашиши ортидан ўтказилаётгани ҳам диққатга сазовор.

БМТ Бош котиби матбуот котиби Стефан Дюжаррик ҳам баёнот бериб, саммитдаги асосий мавзулар Украинадаги урушни тугатиш, Запорожье атом электр станциясининг хавфсизлик ҳолати ва дон келишувининг амал қилиши эканлигини билдирди. 

Россия ва Украина ўртасида март ойида Истанбулдаги делегациялар ўртасидаги музокаралар тўхтагач, фақат қурол-яроғлар бўйича музокаралар давом этди. Тўрт ой давомида томонлар ўртасида ҳеч қандай алоқасиз рус кучлари Донбасдаги айирмачи Луганск вилоятини қўлга киритди. Херсон ва Запорожье вилоятларида Россияга уланиш учун референдумга тайёргарлик бошланди. 

Россияга босим кучайди

Айни пайтда Россияни хавотирга солган воқеалар ҳам бўлди. Россия томонидан босиб олинган Қрим ярим ороли Украина армиясининг нишонига айланди. Запорожьедаги атом электр станцияси ҳам олов остида қолди ва жиддий глобал фалокат сигналларини бера бошлади. Уруш қанчалик узоқ давом этса, Россия учун иқтисодий зарар шунчалик оғирроқ бўлади.

Путин Зеленский билан учрашишга рози бўладими? 

Уруш тугаши учун Украина етакчиси Россия президентига тўрт марта учрашишни таклиф қилган. Киевдан келган бу таклифни Москва ҳар доим рад этиб, “Раҳбарлар ҳал қилиши керак бўлган аниқ масала йўқ” деб жавоб қайтарарди. 

Бироқ Львовдаги саммит олдидан Россия кескин позициясини юмшата бошлагани кузатилмоқда. Рус манбаларидан олинган хабарга кўра, Путин 5 август куни Сочи саммитида Зеленский билан учрашиши мумкинлигига ишора қилган. 

Россиянинг Украина билан музокаралардаги биринчи муносабати: “Биринчидан, делегациялар йўл харитасини белгилаб олишсин. Лидерлар кейинроқ учрашади” деган мазмунда эди. 

Энди бўлса, Россия томони “Биринчидан, етакчилар муҳокама қилиб, йўл харитасини белгилаши мумкин. Шундан сўнг делегациялар ушбу йўл харитасини ҳаётга татбиқ этиш ишларини бошлашлари мумкин” дейишга ўтди. 

Украинада якуний тинчликка эришилмаса ҳам, ҳеч бўлмаганда доимий сулҳга эришиш Зеленскийнинг Львов саммитида БМТ Бош котиби Гутерриш иштирокида Ражаб Тоййиб Эрдоғанга берадиган хабарларига боғлиқ бўлади.

P.S.: Олинган сўнгги ахбарларга кўра, Туркия президенти Польша орқали Львов шаҳрига етиб борган. Тарихий учрашув бўлиши кутилаётган мазкур саммит ҳақида яна сўз юритамиз.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Бобурийлар ҳақида қисқача маълумот

245 20:05 02.10.2022

Қонунчилигида ўқитувчиларга бўлган имтиёзлар

133 19:50 02.10.2022

Шавкат Мирзиёев Индонезия ва АҚШ президентларига ҳамдардлик билдирди

163 19:30 02.10.2022

Қатар: Жаҳон чемпионати мухлислари учун қоидалар эълон қилинди

373 19:08 02.10.2022

Қирғизистон таълим вазири олган порани қайтариб берди

234 18:50 02.10.2022

«Бойларга солиқ солинг, камбағалларга ҳужум қилманг»

206 18:25 02.10.2022
« Орқага