Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Бувижон, мен барибир келаман

2695

(1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм)

Мутолаа

Аёлларни аёллар ҳам эзади


Фазилат кечқурун ота уйининг эшик қўнғироғини босганча, маъюс-маъюс атрофга қаради. Али ёшлигида ҳар куни шу уй олдидан ўтаётиб, ўзини Фазилатга кўрсатишга уринарди. Бугун эса хотинини кўришни истамайди... 

Эшик очилди. Фазилат ҳорғин қадамлар билан зинадан кўтарилиб борар, Нур эса баланд овозда: “Ким?” деган бувисига жавоб берарди:

– Бизмиз, буви, биз. Онам билан келдик. 

Қизча зинадан чопганча чиқарди. Иккинчи қаватга етибоқ, бувисининг қучоғига отилди.

– Бувижон! Биз ҳайвонот боғига бордик... Қушларга дон сочдик... Уларга донни мен бердим! 

– Баракалла, қизим!

Ичкарига киришди, Нур ҳамон гапирарди. 

– Бувижон! Биз бир ҳайвонни кўрдик, бўйни жудаям узун экан. Шунақанги узунки, кўрсангиз, ҳайрон қолардингиз. Дарахтларнинг баргларини узиб ейиши учун шундай яратилган экан.

Диванда индамай ўтирган Фазилат хоним қизининг беғубор ва ёқимли ҳаракатларини индамай кузатар, қалби аламдан ўртанарди. Нур ўзининг ички ҳиссиётларини ичига сиғдиролмасдан, кучли ҳаракатлар билан ифодалар, она эса буни ҳис қилгани сари маҳзун бўларди. 

Кейинроқ онаси Туркон хоним Фазилатдан сўради: 

– Тинчликми? Ўйчансан?.. Бирор нарса бўлдими?

Фазилат хоним қизига қаради. Нурнинг диққатли нигоҳи онасига қадалган эди. Фазилат оғиз очиб улгурмасидан қизалоқ жавоб берди: 

– Бувижон, бугун кечаси уйимизга кетамиз. Бизни бутунлай келди деб ўйламанг. Тўғрими, она? 

Фазилат хоним иродаси кучли аёл бўлса-да, бугун жасорат тополмас, ўзини таниёлмайдиган ҳолатга тушган эди. Энди онаси билан қизига қандай тушунтирсин?.. Қайси сўзлар бошидан ўтган воқеаларни тўлалигича ифодалай оларди?

Ғамгин нигоҳини олдин қизига, кейин онасига қаратди, аранг гапирди: 

– Она, биз… Шу ерда бироз қоламиз. Али шуни хоҳлаяпти. 

Туркон хоним ҳайратини яширолмади: 

– Нима-а-а? Нега энди?.. – Шундай бўлиб қолди, онажон... 

– Али билан яна жанжаллашдингизми? 

Нур онаси тез-тез ишлатадиган сўзни бувисига айта бошлади: 

– Оналар билан оталар баъзан урушиб туришади. Биз яна уйимизга қайтамиз, шундайми, она? 

– Бу аниқ эмас, қизим, лекин сен қачон хоҳласанг, доим уйимизга боришинг мумкин. 

Фазилат оғзидан чиққан сўзларнинг маъносини бирдан англади: 

– Мен нималар деяпман? У ер энди менга бегона, уни қандай қилиб бизнинг уйимиз дейишим мумкин?.. 

Фазилат гапини тўғирлайман деганида, Нур йиғлаб эътироз билдира бошлади: 

– Йўқ, онажон... Сизсиз уйимизга бормайман, сиз бўлмасангиз, у бизнинг уйимиз бўлмайди-ку. Бирга кетамиз, тўғрими, онажон? 

Фазилат ўтирган жойидан қимирламай йиғлаётган қизига қараб турар, юраги эзиларди. Онаси Туркон хоним эса ҳайрат билан бир қизига, бир неварасига боқарди. Қизалоқнинг кўзёшлари ҳеч тўхтамайдигандек тинмай оқарди. Жавоб ололмаган Нур яна сўради: 

– Онажон, энди ҳеч қачон бизнинг уйимизга бормайсизми? 

Фазилат хоним ҳам беихтиёр йиғларди: 

– Йўқ, жоним, сен энди ҳақиқатни билишинг керак. Отанг мени у уйда яшашимни истамайди, хоҳласа ҳам, бундан кейин боролмайман, лекин у сенинг отанг! Сен бораверасан. Биласан, отанг сени жуда яхши кўради. 

Бу гаплар Туркон хонимга ёқмади. Салгина олдин неварасига бағрини очган аёл ғойиб бўлиб, гўё ўрнига бошқа одам келиб қолгандек эди: 

– Йў-ў-ўқ! Хато қилибсан, қизим. Сен бу уйдан кетаётганингда бир ўзинг эдинг. Агар қайтмоқчи бўлсанг, бу ортиқча юкни эрингда қолдириб, бир ўзинг келишинг керак. 

Нур кўзларини катта очганча бувисига, кейин онасига қаради. Донг қотиб қолган Фазилат хижолат бўлиб кўзини олиб қочди. Онасидан сўради: 

– Бу нима деганингиз? У – менинг болам. Қандай тилингиз борди? Бола ҳам эшитиб турган бўлса... 

Туркон хоним жаҳл билан бояги гапларини такрорлади. 

Нур онасининг қўлидан тутиб, турғазмоқчи бўлди: “Бу уйдан кетайлик. Кўряпсизми, бувим мени хоҳламайди. Сиз ҳам менсиз яшолмайсиз...” 

Кейин шубҳа билан онасининг кўзларига тикилди: 

– Менсиз яшай олмайсиз, шундайми, онажон? 

Фазилат қизини маҳкам қучоқлаганча жавоб берди: 

– Албатта, албатта, болам. Ҳозироқ кетамиз, хафа бўлма. Бориб хизматкор бўлсам-бўламанки, лекин сени хоҳлашмаган жойда қололмайман. 

Фазилат пойабзалини кийиб, қизининг оёқ кийими боғичларини боғларкан, Туркон хоним минғирлади:

– Буни вақтида ўйлашинг керак эди. Алидан эр чиқмайди, дегандим, лекин гапимга қулоқ солмадинг. 

Фазилат ёшли кўзлари билан онасига бир лаҳза тикилиб қолди. Нигоҳи ўқдек эди. Паст овозда деди: 

– Она! Сиз ёқтирмайдиган диним менга нима деб буюрган, биласизми? «Қандай вазиятда бўлманг, ота-онангизга “уф” ҳам деманг», дейди. 

– Шунинг учун сен “уф” ҳам демайсан, шундайми? Албатта, демайсан. Чунки ноҳақсан. Чунки менинг айтганим тўғри чиқди! 

– Шундай бўлсин, она. Айтишга сўз тополмаяпман. 

– Нима, шундай эмасми? 

– Ҳозир сизни тушуна оладиган аҳволда эмасман. Кўришгунча. 

– Албатта кўришамиз. Қаерга ҳам сиғардинг? Қизингни ташлаб, барибир шу ерга келасан!

Онасининг бу гапини зинапояга етганида эшитди. Ғазаб билан ортига ўгирилди. Гуноҳ бўлгани учун тили тийилган сўзларни кўзлари айтарди. Аранг жавоб берди: 

– Асло! Боламнинг қалбини ҳеч қачон синдирмайман, она. Кўрасиз буни. 

Онасининг қўлини маҳкам ушлаб олган Нур бирдан бу қўлларни ўпа бошлади: 

– Онажоним, сизга ўхшагани йўқ! 

Бир неча зинапоядан тушган ҳам эдики, Нур бувисига нимадир демоқчи бўлиб яна юқорига кўтарилди. Ҳали эшикни ёпмаган бувисини чақирди: 

– Сиз мени хоҳламадингиз, майли. Агар касал бўлиб қолсангиз, барибир менга қўнғироқ қилинг. Сиз менинг бувимсиз, ўзим сизга қарайман, хўпми, бувижон? 

Жавоб кутмасдан зина томон чопиб кетди. Фазилат хоним пастда қизини кутаркан, қаерга боришни ўйларди. Эсига болаликдаги дугонаси Заҳро тушди. У Мажидиякўйда яшарди. Қатъий қадамлар билан машинага ўтирди. Нур онасига тасалли бериш учун сўради: 

– Онажон, бувилар ҳам баъзан жаҳл қилишади, шундайми? 

Фазилат қизига маҳзун термуларкан, зўраки жавоб берди. 

– Ҳа, шундай... 

– Энди қаёққа кетамиз? 

– Заҳро холангникига. 

Нур ҳиссиётларини синиқ жумлалар билан ифодаларди: 

– У бизни уйига киритади, тўғрими, она? 

– Албатта. Ташвишланма, болам. 

Бир неча дақиқадан сўнг Фазилат Заҳронинг остонасида турарди. Дугонасининг қизи Ниҳол эшикни очиб, ичкарига овоз берди: 

– Она, Нурлар келишди.

 Заҳро хоним севинганча эшикка югурди: 

– Жоним дугонам, хуш келибсан! Марҳамат, марҳамат. 

Фазилат бир оз тортинди: 

– Сизни безовта қилмаймизми? 

– Бу нима деганинг, қани, киринглар. 

– Аммо биз ётиб қолишга келдик... 

– Майли, азизим, хоҳласанг, йиллаб қол. Бу билан мени қўрқитолмайсан. 

Орадан анча вақт ўтди, Фазилат хонимнинг эса айтадиганлари тугай демасди. Икки боланинг ўз хонасида ўйнаб ўтиргани Фазилат учун қулай фурсат бўлди. Заҳро дугонасининг гапини афсус билан тингларди. Орада сўради: 

– Тағин ўртада бирор аёл бўлмасин? 

Фазилат Алига қаттиқ ишонарди: 

– Бўлиши мумкин эмас! У шунчалик шафқатсиз бўлиб қолдики, агар бирор аёл бўлганида, ҳеч иккиланмай, завқ билан айтарди. Чунки мени хафа қилиш учун луғатида қандай ҳақоратли сўзлар бўлса, имкон қадар барини ишлатди. 

Заҳро ҳайрон бўлди: 

– Хўш, унда бу одамга нима бўлди? Нега кеч кела бошлади? 

– Иши... Пулга, муваффақиятга очкўзлиги... Мендан нафратланиши. Буларнинг ҳаммаси бор, лекин ҳеч қандай аёл йўқ... Эртага уюшмада навбатчиман. Бундай кайфиятда халқни қандай эшитишниям, улар билан нимани гаплашишниям билмайман. Ҳаммага маслаҳат берганим учун одамлар мени ниҳоятда бахтли деб ўйлашади. Бироқ менинг вазиятим уларникидан ёмонроқ. Чунки улар ўз муаммолари манбасини билишади. Нимадир қилишимиз керак, Заҳро. Оилани бахтсизликка етаклайдиган омиллар топилиши керак... Ёш қизлар ҳам, йигитлар ҳам бу ҳақида олдиндан билиб, шунга қараб ҳаракат қилишсин. Бу ишни қаердан бошлашни билмайман, лекин бирор жойдан бошлаш керак. Йигит-қизларимиз фақат севиб қолгани учунгина турмуш қурмасин. Бунинг учун уларни ҳаётни танийдиган қилиб тарбиялаш керакки, норасида болаларнинг боши эгик қолмасин. 

Заҳро хоним бу масалада жуда ҳассос эди: 

– Тўғри айтдинг, Фазилат, бузилган оилаларда болаларни ҳеч ким ўйламайди. Бирор чора топиш керак. 

– Бузилган тизимда у иш қандай бажарилади, билмайман... Лекин қўл қовуштириб ўтириш ҳам ярамайди. 

Заҳро хонимга бу сўз умуман ёқмади: 

– Тўхта, яна шу мавзуни бошламайлик. Агар одамлар бузилган бўлса, тизимнинг нима айби бор? Энди сиёсатни тинч қўй, Фазилат. Диндорсан, аммо шунга қарамай сиёсатга аралашяпсан.

Фазилатнинг тортишишга ҳоли йўқ эди, лекин сўрамасдан туролмади: 

– Сиёсат фақат динсизларга хосми, Заҳро? Диндорлар сиёсат билан шуғулланмайди-ю, лекин ҳар доим динсизларнинг сиёсий тушунчасига кўра яшаши керакми? 

– Мен ўз фикримда қоламан. Агар одамлар бузилиб кетган бўлса, тизим нима қилсин? 

– Тизим кўп иш қилсин, Заҳро. Бу одамларни шу тизим етиштирди. Демак, нотўғри тарбиялаган. Агар шундай бўлмаганида, қотиллик, телбалик, бузуқлик, болаларни зўрлаш ва бошқа жиноятлар бу қадар кўпаярмиди? Майли, хоҳламасанг, бу ҳақда гаплашмаймиз. 

– Яхши бўларди.

– Шоир тўғри айтган, Заҳро: 

Ўйлама баланд ё панадамиз биз, 

Мозорга ўхшаган бошпанадамиз биз. 

Бир пайтлар шохларда қўшиқлар айтган 

қушлар ҳам унутган хонадамиз биз. 

Болам билан мен шундай улкан дунёда осонгина унутилдик. Сенингча, бу қайғуни ифодалаш осонми?

Амина Шенликўғли 

(давоми бор)

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Нега Қрим Украинага қайтарилиши керак?

460 10:05 26.03.2023

«Толибон» делегацияси Тожикистонга илк бор ташриф буюрди  

900 20:40 25.03.2023

Тунисликлар Рамазонни оғир шароитда ўтказмоқда

891 20:05 25.03.2023

АҚШ Эрон билан зиддиятга интилмаяпти – Байден   

561 19:45 25.03.2023

АҚШ Конгрессида Хитойнинг уйғурларга босими муҳокама қилинди. Унда ўзбек аёл ҳам сўзга чиқди

1351 19:15 25.03.2023

CCВ: Юртимизда саратонни 99 фоизгача даволовчи препарат яратилгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга зид

540 18:40 25.03.2023
« Орқага