Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Наср

Бўёқчи ва қайиқдаги тешик

4419

Бир одам бўёқчидан қайиғини бўяб беришини илтимос қилди. Ишчи бўёқ ва чўткаларини олиб келди ва эгаси сўраганидек қайиқни оч қизил рангда бўяй бошлади. Соҳилда майин шабада эсар. Бўёқчи эса ҳафсала билан, шошмасдан ўз ишини бажарар эди. Иш пайтида у қайиқнинг бир жойидаги кичик тешикни кўриб қолди. Бўёқларини четга қўйиб, аввал ўша тешикни ямаб, ўз ҳолига келтириб қўйди. Ниҳоят ишини тугатиб, ваъда қилинган иш ҳақини олди-ю, уйига кетди.

Эртаси куни қайиқ эгаси бўёқчининг олдига келиб, аввал берганидан бир неча баробар кўп пул узатди. Бўёқчи: «Сиз менга ишим учун аллақачон пул тўлаган эдингиз, яна нимага пул бермоқчисиз?» – деди таажжуб билан.  Қайиқ эгаси бунга жавобан: «Лекин бу бўяганингиз учун эмас, қайиқдаги тешикни тузатиб қўйганингиз учун ҳақ», – деди

«Э, қўявермайсизми, ахир бу майда иш эдику. Бунақа иш учун бунчалик кўп пул бериш тўғри эмас», – хижолат бўлди бўёқчи.

«Йўқ, ҳеч ҳам майда иш эмас. Нима бўлганини айтиб берай: Мен сиздан қайиқни бўяшингизни сўраганимда, бу тешик ҳақида айтишни унутган эканман. Қайиқнинг бўёғи қуриши биланоқ болаларим қайиққа миниб балиқ овига кетиб қолишибди. Улар кемада тешик борлигини билишмаган. Ўша пайтда мен ҳам уйда бўлмаганман.

Мен уйга қайтиб, болаларимнинг қайиқни олиб кетишганини билганимда мени қўрқув ва хавотир чулғаб олди. Ахир мен қайиқда тешик борлигини билар эдим-да! Мен уларнинг соғ-саломат балиқ овидан қайтганларини кўриб, қандай енгиллик ва қувончни ҳис қилганимни билсангиз эди...

Кейин мен қайиқни текшириб чиқдим ва сиз тешикни тузатиб қўйганингизни кўрдим! Қандай эзгу иш қилганингизни биляпсизми? Сиз менинг болаларимнинг ҳаётини сақлаб қолдингиз! Сизнинг ўша “кичкина, майда” ишингиз учун ҳақ тўлашга менинг пулларим етмайди».

...Ким, қачон ва қандай бўлишидан қатъи назар, барчага ёрдам беришни, қўллаб-қувватлашни, диққат билан тинглашни ва яхшилик қилишни давом эттиринг. Сизнинг назарингизда арзимас бўлган иш кимнингдир ҳаётини ўзгартириб юборадиган даражада муҳим бўлиши мумкин.

Йўл-йўлакай, сиз қанча одамларнинг ҳаётини сақлаб қолганингизни билмаёқ неча-неча инсонларнинг «тешилган қайиқларни» таъмирлаган бўлишингиз мумкин...

Интернет маълумотлари бўйича Ёқуб Умар тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:
« Орқага