Дўстим кўзларини пирпиратиб шундай деди:
– Дин – афъюндир, у камбағал ва мазлумларни қуллик ҳамда қашшоқликка таслим бўлишлари, кўпроқ жаннат ва унинг лаззатлари тўғрисида хаёл суришлари учун улар онгини заҳарлайди, дейишларига нима деб жавоб қиласан? Ваҳоланки бойлар қонуний йўлга ва кишилар орасидаги фарқни Аллоҳ яратган деган ақидаларга таяниб янада бойишаверади.
Баъзи кишиларнинг дин Аллоҳ томонидан юборилмаган, балки одамлар томонидан ўйлаб топилган, у жамият бир қатламининг бошқа қатламга қарши курашида қурол қилиб ишлатиш мақсадида ижтимоий эҳтиёжнинг кўринишидир, деб таҳкидлашларига нима дея оласан?
Бу моддиюнчиларнинг нуқтаи назаридир, унга биз шундай жавоб берамиз:
– Дин – афъюндир, дейдиган кишиларнинг қаттиқ адашаётганлари аниқ. Аслида эса дин – масъулиятни енгиллаштириш, ундан халос бўлиш ҳам эмас, масъулиятдан қочиш ҳам, афъюн ҳам эмас, балки мажбуриятларнинг энг оғир юкидир. Динимиз – бу меҳнатдир, шунчаки жонбозлик эмас. Қуръонда шундай дейилган: «Айтинг: (хоҳлаган) амални қилинглар. Бас, Аллоҳ, Унинг Пайғамбари ва мўминлар қилган амалларингизни кўриб турар» (Тавба сураси, 105-оят).
Биз тушкунлик ҳақида эмас, ишонч ҳақида фикр юритамиз. Ишонч биздан қатҳиятни, барча куч ва имкониятларни ишга солишни, бутун куч-қувватни сарфлашни талаб этади. Ана шундан кейингина Аллоҳнинг тақдирига умид боғлаймиз. Қуръони мажидда айтилган-ку: «… ва ишларингизда уларга маслаҳат солинг! Энди (маслаҳат қилгач, (бирон ишни) қасд қилсангиз, Аллоҳга суянинг – таваккал қилинг!» (Оли-Имрон сураси, 159-оят). Аввал кенгашилади, сўнгра қарор қабул қилинади. Пайғамбар алайҳиссалом ҳам туясини қўйвориб, Аллоҳ асрайди деган кишига «Аввал туянгни боғла, кейин Аллоҳнинг асрашидан умид қил» деб бежиз айтмаганлар. Дарҳақиқат туяни аввал тушовлаб қўй, кейин асралишини Аллоҳга топшир. Дин – нашавандлик ҳолати эмас, бу ҳушёрлик, сергаклик, ҳар бир хатти-ҳаракатинг, ҳар бир сўзинг ва фикринг учун виждон қийноғидир. Афъюн билан мияси айниган, маст-карахт бўлганлар – моддиюнчиларнинг ўзидир, чунки улар динни рад этиб, тан олмайдилар, бу билан динга бўйсуниш ва унинг олдидаги масҳлиятдан бўйин товладилар, ўзларини бу дунёнинг ўзидагина яшашларини тасаввур қиладилар, ўлгандан кейин тирилишлар, ҳисоб-китоблар, назорат йўқ, деган баҳонада кўнгилларига ёққан ишни қилаверадилар.
Бундай моддиюнчиларнинг покиза ниятли мусулмонга, агар бирор кишини ҳўкиз сузиб юборса ислом динининг кўрсатмаларини бажара олмадим, деб изтибор чеккан ҳамда етти маҳалла наридаги қўшниси олдида ҳам масъулият ҳис этган мусулмонга тенглашишга йўл бўлсин!
Бизнинг динимиз ер юзида ижтимоий зарурат туфайли, кишини киши томонидан эксплуатация қилиниши ҳамда бойларни бой, қашшоқларни қашшоқ ҳолида тутиб турилишида қурол бўлиши учун пайдо бўлган, дейиш Қирт бўҳтон! Ислом мустабид хукмдорлар, зулм ўтказувчилар ва бойлар учун чинакам инқилоб бўлди, у бойлик фақат бойлар қўлига тўпланиб, улар сармоясини кўпайтиравермасин, балки ҳар бир кишининг мулки бўлсин, дея буюрди: «Олтин-кумушни босиб, уни Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилмайдиган кимсаларга аламли азоб «хушхабарини» етказинг!» (Тавба сураси, 34-оят).
Закот (садақа) Аллоҳ таоло буюрганидай, эҳтиёжингдан ташқари бўлган барча мол-мулкнинг қирқдан бир қисмини ихтиёрий тарзда камбағал ва муҳтож биродарларинг орасида тақсимлаб беришингдир. Бунга ҳожати аслия кирмайди. Қуръони каримда шундай дейилади: «Ва сиздан (эй Муҳаммад), нималарни эҳсон қилишни сўрайдилар. (Ўзингиздан) ортганини, деб жавоб қилинг!» (Бақара сураси, 219-220-оятлари).
Ўз эҳтиёжингиздан ортиқча, яҳни нисобга етган молингнинг бир қисмини муҳтож биродарингга ўз хоҳишинг билан беришни буюрган ислом бу билан мажбурий садақа ва виждон амрига асосланган ихтиёрий садақани бир-бирига боғлади. Бу инсон учун унинг молини зўрлик билан тортиб олгандан кўра эҳтиборлироқдир. Ислом садақанинг юздан тўқсон фоизини ихтиёрийга айлантирди.
Ислом мустабидларнинг адолатсизлигини томири билан тугатиш учун пайдо бўлди, золим хукмдорлар учун инқилобга айланди, қулдорларга қарши қилич билан уруш очди. Моддиюнчиларнинг Қуръони каримнинг «Аллоҳ айримларингиздан айримларингизни ризқда устун қилиб қўйди» (Наҳл сураси, 71-оят), «… айримларини айримларидан баланд даража – мартабаларга кўтариб қўйганмиз» (Зуҳруф сураси, 32-оят) оятларига суяниб, ислом – жоҳил дин, деган айбловларини қатҳий рад этамиз. Бунда биз бу оятларнинг манҳоси Қоғира ва Дамашқда худди Лондон ва Парижда, Берлин ва Москвада бўлганидай бир хил намоён бўлишига суянамиз. Агар Москва кўчаларидан юрадиган бўлсак, одамларни ҳам пиёда, ҳам турли машиналарда юрганини кўрамиз. Бу ҳаёт кўринишлари табақа ва ижтимоий фарқ бўйича одамлар бир хил эмаслигини бўлмай – нима?
Кишилар ўртасидаги фарқ ҳамиша бўлган ва уни йўқотишга ҳеч ким қодир эмас. Ҳатто энг ашаддий моддиюнчилар ва анархистлар ҳам тенглик ҳақида гапирмайдилар. Тенглик мумкин эмас! Тенг бўлмаган кишиларни қандай тенглаш мумкин, ахир! Одамлар туғилишидан бошлаб фарорсати, куч-қуввати, эпчиллиги, ақлий имкониятлари ва бошқа бир қанча фазилатлари билан бир-биридан ажралиб туради-ку!
Иқтисодий назариялар таклиф қила оладиган чегара, бу – инсонлар ўртасидаги тенглик эмас, балки вақт тенглигидир. Шунга кўра инсон билим олишга, даволанишга бир хил вақт сарфлайди, ҳатто умр ўлчови ҳам деярли бир хил, дин ҳам буни кўрсатади. Чунки бу соҳадаги ўлчовларни рад этиш ноҳақлик ва табиатнинг «табиати»га хилоф ишдир. Бутун табиат қарама-қаршиликка, ўсимликлару ҳайвонотлар каби одамлар ҳам ранг-баранг бўлишига асосланган.
Пахта, хурмо, узумнинг қанчалаб хиллари бор, ҳайвонлар ва одамларда эса хилма-хиллик бундан ҳам кўпроқ. Бу қарама-қаршилик - ҳаёт қонунидир, унинг нақадар доно қонунлигидандир.
Агар барча одамлар бир хил қиёфада, кўринишда туғилганида инсоний гўзаллик деган тушунча ҳам бўлмасди, ҳатто туғишга ҳам ҳеч қандай рағбат, қизиқиш қолмасди. Бу ҳолат бошқа жисм ва мавжудотларга ҳам кўчиб, иш охири табиатнинг инқирози билан якун топарди.
Табиатнинг бойлиги ва мўл-кўллиги – унинг неъматлари хилма-хиллигидадир. Шу билан бирга дин бойлар ва камбағаллар ўртасидаги фарқни аниқлаш билан хотиржам бўлиб қолмади, балки аҳволни ўнглашга буюрди, бойларнинг мулкдан камбағаллар фойдасига ажратиш учун солиқ белгилади. Бу нарсанинг айни пайтда синов ҳам эканлиги Қуръони каримда айтилган: «Биз сизларнинг баъзиларингизни баъзиларингиз учун фитна-синов қилиб қўйдик. Сизлар (Бизнинг бу синовимизга) сабр қила олурмисизлар?» (Фурқон сураси, 20-оят).
Кучли одам ўз кучини нимага сарфлашини ҳам кейин кўрамиз. У ожизларга ёрдам берадими ёки ер юзида мустабид ҳукмдор сифатида зўравонликка ўтадими? Бой ўз бойлигини қандай тасарруф этишини ҳам кўрамиз. У мол-мулкини айш-ишратга ва беҳуда харжлаб юборадими ёки Қамхўрлик йўлини танлаб фақир ва мискинларга эҳсонлар қиладими? Биз қашшоқ кишининг ҳасад қилиши, нафрати кучайиши, ўғирлик ва талончилик қилиш ёки аксинча ўзининг турмуш даражасини яхшилаш ва таъминотини ўнглаш учун ҳалол меҳнат қилиш каби йўл устида бўлишини ҳам кўрамиз.
Дин адолатни, аҳволни ўнглашни ташвиқ қилади, охиратда бўлажак жазони эслашни ўргатади ҳамда ер юзида қилишга улгурилмаган нарсаларни тузатиш учун у дунёда ҳам фарқлар даражаси бўлишини белгилаб беради. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай дейилган: «Шак-шубҳа йўқни, охират даражалари неча баробар улуғ ва афзалроқдир».(Ал-Исро сураси, 21-оят).
Ислом – жаҳолатпараст дин, дейдиганларга биз шундай жавоб берамиз, исломнинг пайдо бўлиши инсоният тарихидаги энг буюк воқеадир. У жамиятда содир бўлаётган кўпгина чуқур ўзгаришларнинг мафкуравий ифодасига айланди. Ислом бошқа динларга қараганда халқларга кўпроқ фойда келтирди ва бошқарув системасига энг илғор қонунларни берди ҳамда улар исломдагина ўзларининг энг юқори тараққиётларига эришдилар. Исломда шахс эса бутун инсониятга тенглаштирилди ва буни Қуръони карим тасдиқлади: «Кимки бирон жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак гўё барча одамларни ўлдирибди ва кимки унга ҳаёт ато этса, демак гўё барча одамларга ҳаёт берибди» (Моида сураси, 32-оят).
Агар ҳукмдор ўзининг моддий манфаати йўлида ёки қасрлар, саройлар, корхоналар барпо этиш ёҳуд ўзгаларнинг ерини босиб олиш мақсадида ақалли бир кишини ўлдирса, унинг бутун хизматлари ва эришган ютуқлари ҳам уни жазодан кутқариб қололмайди, чунки у бутун инсониятни ўлдирган билан тенглаштирилади.
Инсон шахсини бу қадар ҳурматлашга ҳам эски, ҳам янги сиёсатчиларнинг бирорта назарияси эриша олмаган. Исломда шахс мутлоқ ўлчовларга эга, шу билан бирга у барча сиёсий назарияарда ўзининг нисбий ўлчамига эга. Исломдадир шахс ўзининг шахсий мулки ва шахсий эркинлиги учун ҳамиша хотиржамдир.