Россияда ҳамжиҳатлик ва интеграция ҳақидаги баёнотларга қарамай, кўплаб диний урф-одатларни умумий ижтимоий-маданий макондан сиқиб чиқариш, фуқароларнинг муайян қисмини ажратиш ва бегоналаштириш жараёни содир бўлмоқда, дейди Россия Федерацияси мусулмонлари диний Бошқармаси раисининг биринчи ўринбосари Дамир Мухетдинов.
Ўзининг фейсбукдаги саҳифасида у мамлакат пойтахтида 10 йил давомида православ диндорларга қулайлик яратиш учун 99 та черков қурилганини, аммо шу билан бирга бирорта ҳам янги масжид барпо этилмаганлигини таъкидлаган. “Москвада янги масжид қурилиши учун охирги марта ер участкаси 26 йил олдин ажратилган эди", деб эслаган диний арбоб.
"Сиз “Патриот” боғида қурилган православ объекти нима учун "Қуролли Кучларнинг асосий ибодатхонаси" деб номланганини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?.." - деб сўрайди Мухетдинов. Унинг фикрига кўра, "маъбад" сўзи "дунё ва Россияда анъанавий деб тан олинган" кўплаб дин ва конфессияларнинг диний биноларига тааллуқлидир.
“Мусулмон учун ибодатхона - бу масжид, яҳудий учун синагога, насроний учун черков. Фуқаролик ва ижтимоий-маданий ҳамжамият сифатида россияликлар учун "ибодатхона" – бу соборлар, масжидлар, ибодатхоналар ва буддистларнинг диний биноларидир. "Маъбад" тушунчасини фақат православ диний бино билан тенглаштирган ҳолда, биз бошқа динларга эътиқод қилувчилар сиғинадиган жойлар ибодатхоналар эмас деган фикрни илгари сурамиз", деб ёзган муаллиф тамойиллар ва ижтимоий-сиёсий ҳақиқатлар ўртасидаги тафовутга ишора қилиб.
«Кўпгина диний урф-одатлар умумий Россия ижтимоий-маданий маконидан сиқиб чиқарилмоқда", - дея хулоса қилади у. - Россия аҳолисининг маълум бир қисмига жамиятдан ва унинг маънавий- маданий қадриятлари доирасидан ташқарида эканликлари кўрсатилмоқда. Бир сўз билан айтганда, биз бирдамлик ва бирлашишни эълон қилсак-да, амалда бегоналашиш ва ажратиш йўлидан боряпмиз».
Унинг сўзларига кўра, «жамиятнинг фақат бир қисми эҳтиёжларига эътибор бериб, ҳамжиҳатликка эришаиш мумкин эмас».
Аввалроқ, “Христианлар бирдамлиги” жамғармаси директори Дмитрий Пахомов Россия президенти Владимир Путинга ёзган очиқ хатида Москвада ва Россиянинг бир қатор минтақаларида янги масжидлар қурилишини ёқлаган эди. Унинг фикрига кўра, бу турли динлар вакиллари ўртасидаги муносабатларни яхшилашга ёрдам беради.
Москвада мусулмонларнинг ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият қабул қилиниши мумкин эмас, дея хулоса қилган жамоат арбоби.