Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Давлат ва жамиятга сохта олимдан кўра хавфлироқ киши йўқ

2191

Давлат ҳақиқий олимни рағбатлантирмоқда. Ҳам моддий, ҳам маънан. Яхши натижаларга эришса ойлигига қўшимча берилади: фан докторига 60, номзодга 30%! Айтайлик, фан доктори 10 млн олса, ишлари зўр бўлса 16 млн га чиқади ойлиги. 

Натижалар эса: импакт фактори юқори журналдаги мақола, ихтиро, ишланма... Ҳақиқий олимга ҳақиқий рағбатлантириш. Илм билан шуғулланиб, қўшимча олиб юраверади.

Қийин-қийин сохта олимга қийин. Пичоққа илинадиган иши йўқ, бу ёқда эса отнинг калласидек қўшимча. Унинг ҳам олгиси келади. Йўлиниям топади: битта мақола ёзади, пул тўлаб «қароқчи» журналда чиқартиради. 200 $ ми, 300 $ ми тўлайди, лекин бир йил ўша 60 ёки 30 % қўшимчани олиб юради. Ҳисоб-китобни кўряпсизми? 200 ёки 300 доллар қаёқда, бир йил олиб юрадиган 30/60% қаёқда? Битта «сезон»да чиқиб кетишига ақлингиз етди.

Бу «олимлар» кўп, ҳамма жойни банд этган. Ҳатто илмий кенгашларда ҳам. Кўпчилик, демак, уларнинг овози ҳам кўп. Айтайлик, бу тоифа «олим» 10 та, хорижда ишлаб келган, замонавий фанни кўрганлари 5 та. Илмий кенгашда овозга қўйилса кимнинг тарозиси тош босади?.. Кам бўлманг!

Айтайлик, энди ўша «олим» ёки «олимлар» «қароқчи журнал»га ҳам илинмай қолди, энди нима қилади? Маҳаллий журналларда ҳам чиқарган мақолалари учун ҳам устама – қўшимча берилишини талаб қилади. Илмий кенгаш муҳокамасига қўйилади. Овоз берилади. 5 та олим қарши, лекин уларнинг овози кам, 10 та «олим»нинг овозига тенг келолмайди. Энди бу «олим» бунақасига қўшимча олади. Илмдаги аҳволни ҳам ана шу 10 «олим» ҳал қилади, анави 5 тасига микрофон тегмайди.

Эссиз, давлатнинг пуллари, халқнинг пешона териси!

Бу ишларни ҳар нарсада пешқадам бўлишни ёқтирадиган вазирлигимиз, бор-йўқлиги билинмайдиган академиямиз биладими-йўқми, менга қоронғу. Ёки, дардимни номи жарангдор ОАКка айтайми? Журналларни фарқига бормай юрган идорадан нима кутиш мумкин? Ёки мен жуда-жуда нотўғри фикрлаётган бўлишим, институтим мисолида ўзбек фанини кўраётган бўлишим ҳам мумкин. Лекин институтимиздаги аҳвол юқорида номлари зикр этилган идораларимизга маълум. Муҳитни, муносабатни ўзгартиришга уларда ҳеч қандай хоҳиш-истак йўқ. Ёки мен англамагандирман, ниятлари бошқадир, айтайлик, аҳволинг шу экан, энди ёпмасак бўлмас экан, дейишмоқчидир... Билмадим, оддий фуқаро бўлсак, катталаримизнинг калласида нима бор, Ўзига-ю ўзларига маълум.

Хуллас, шу тоифа «олимлар»га майдонни берган ўша идораларимизга саломимни етказиб, айтиб қўймоқчиман: “Янги Ўзбекистоннинг фани бу «олимлар» билан ривожланмайди. Сизларга гапиравериб чарчадик!..”

Юқоридаги жумлага қайтамиз. «Давлат ва жамиятга сохта олимдан кўра хавфлироқ киши йўқ». Бу тоифа фақат ўмаради, кемиради, лекин ҳеч нарса бермайди, на давлатга, на халққа!

Бахтиёр Абдуғафур

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Давлат тили ҳақида ўйлар

1687 22:19 14.04.2023

Ҳукуматга ишонч қандай пайдо бўлади?

4420 20:20 08.03.2023

Энди коррупционерлар “давлат иш”ига қайта олмайди  

1169 13:05 28.05.2022

Тил йўқолса, эл йўқолади…

4485 16:25 23.05.2022

Байроғида автомат тасвирланган давлат

2374 21:05 11.03.2022
« Орқага