Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Депутат ким ва қандай қилиб депутат бўлиш мумкин? – Олий Мажлис депутатининг фикрлари

641

Сўнгги вақтларда жамиятимизда “депутат ким?” деган савол кўп берилмоқда. У давлат мирзоси, эркин сиёсатчи ёки халқнинг давлат органларидаги вакилими? Норматив ҳужжатларга кўра депутат бу мирзо, яъни давлат ходими ҳисобланади. Ва у халқ томонидан давлат органига сайланиб, халққа энг яқин бўлган шахсдир. Агарда депутат ўз ишини яхши бажарса давлат арбоби бўлади.

Депутат бўлиш учун таниш-билишнинг яъни “танка”нинг кераги йўқ. Масалан, менинг депутатлик фаолиятимга ҳуқуқшунос бўлганим эмас, тарихга қизиққаним сабаб бўлган. Ўшанда тарихчилар иштирокидаги бир анжуманда Ватанимиз тарихи ҳақида сўзлаганимда, фикрим сиёсий бўлган шекилли Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан қизиқиш билдиришган. Депутат бўлиш учун қандай касб эгаси бўлишидан қатъи назар, соҳасини яхши билиши керак. Шунингдек, соҳасини ривожлантиришни ўйлайдиган, норматив ҳужжатлар билан таниш ва ўзининг ҳақ-ҳуқуқини билиши лозим. Билимдан ташқари халқдан ажралиб қолмаган, сергак ва фаросатли шахслардан яхши депутатлар чиқади. Депутатнинг олий маълумот бўлиши керак деган талаб йўқ. Бироқ, унинг фаолиятида ақлий меҳнатга талаб юқори бўлгани учун олий маълумот бўлиши муҳим. Сабаби, совет давридан қолган бир ҳолатга кўра, ўрта маълумотлилар таълимида олий маълумотлилар учун бериладиган фанлар йўқ. Масалан, фалсафа, мантиқ, этика. Шу билан бирга жамиятга илмий қараш масаласи жуда муҳим. Лекин, бундай талабни мен  оқламайман. Ўрта маълумотли бўлсада, депутатлик салоҳиятига эга шахс нега  депутат бўлмаслиги керак?

Депутатга бўладиган босимлар аввало унинг ўзига боғлиқ. Сабаби, ўша босимга шароит яратиб берсагина унга босим бўлади. Депутатнинг жуда катта ҳуқуқи бор. Бу – дахлсизлик. Унинг бу ҳуқуқидан бошқа органлар ва ташкилотлар эҳтиёт бўлиши керак.  

Бу йўналишда кетаётган инсон қонунни яхши билиши шарт. Қонун тили роман тили эмас. Зерикарли ва қуруқ тил. Шунинг учун уни ўқиш, ўрганиш қийин. Лекин унинг ортида инсонларнинг тақдири ётади. Ҳатто мен ҳам ҳуқуқшунос бўлиб юридик атамалар билан ишласам ҳам 2-3 йил деганда қонуннинг тилини тушундим. Депутат ўрганишга тайёр бўлиши керак. 

Депутат бўлган шахс қонунга кўра ишлаб турган лавозимидан олиниб депутат бўлса фаолияти тугагандан кейин яна ўша лавозимига тикланиш ҳуқуқига эга. Мен вилоят судьясининг ўринбосари бўлиб ишлаганман. Депутат бўлиб сайланганимдан кейин судьялик фаолиятимда оладиган маошимнинг 30 фоизини олдим.  Рўзғоримни  тебратиш учун эски “Нексия” мошинамда киракашлик ҳам қилганман. Президентимиз томонидан ислоҳотлар бўлгандан кейин депутатларнинг маоши оширилди. Лекин маош ҳеч қачон кўп бўлмаган, рўзғорга етарли бўлган. Депутатга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш мумкин эмас. Лекин илмий, педагогик фаолият олиб бориши мумкин. Оиласи катта депутатларни биламан университетларда, коллежларда дарс беришади. 

Совет даврида депутатлар энг яхши маҳсулотларни арзон олиши мумкин бўлган магазинлар бўлар эди. Ҳозир ундай имтиёзлар йўқ. Фақатгина байрам олди бозор нархидан бироз арзон бўлган ярмаркалар ташкил этилади. Бу деярли ҳамма ташкилотларда бор. 

Ҳар қандай давлат органига, сиёсатчига таъсир этувчи кучлар мавжуд. Қонун қабул қилаётганимизда маълум жиҳатини киритишимиз борасида таъсир ўтказадиган шахслар бўлади. Масалан, бирон қонун ташкилот ёки вазирликнинг фаолиятига таъсир этадиган бўлса ўша ташкилотлар чиқади ва депутатларга тушунтира бошлайди. Депутатлар бир-бирига босим ўтказади. Лекин, депутатни ҳеч ким мажбурламайди. 

Ҳар бир соҳанинг иш самарадорлиги ҳодимларга яратиб берилган шароитлар билан боғлиқ. Олий мажлисда шароитимиз оғир, битта хонада 3 нафар депутат ўтирар эдик. Ривожланган мамлакатларда ҳар битта депутатга 2-3 нафар ёрдамчи берилса, бизда қўмитага 12 нафар депутатга 2 нафар ёрдамчи ажратилган. Икки йилдан бери шароитлар яхшиланмоқда. Қўшимча хона берилди, имкониятлар кенгайди. Бутун жаҳон кутубхоналари билан уланган кутубхонамиз бор. Лекин бизга бир жиҳат етишмайди. Яъни ўз устимизда ишлаш. Депутат ташаббус қилиши керак.

Ўз устида ишлаган, ташаббускор депутатга сайловчиларнинг муносабати ўзгаради. Бу бугунги кунда муҳим бўлиб қолди. Депутат газ олиб келадиган ёки электр энергиясини яхшилайдиган ходим эмас. Депутат шу соҳани ривожлантиришга пул ажратадиган шахс. Бюджет бизда қабул қилинади. Бюджетни қабул қилаётганда ўз округининг манфаатини кўзлаб қабул қилиши мумкин. Ичимлик суви ёки электр энергиясини яхшилаш масаласи бошқа соҳаларга, шу йўналишда фаолият юритаётганларга тегишли. Депутат улардан устун туради ва ишини низорат қилади. Депутатга пора эмас илтимослар бўлади.  Илтимосларга йўқ деганимда, нима учун йўқ деганимни тушунтирганман. Хўп десам нима асосида айтганимни изоҳлаганман. Депутатга пора берилмайди. Сабаби, депутатнинг пора оладиган ричаги йўқ.

Мен Самарқанд вилоятинниг Тойлоқ туманидан депутат бўлиб сайланганман. Бир куни менга телефон бўлди, терговчи ўзини таништирди “Сиз шу ҳудуддан телефон қилгансиз. Ҳудудда қотиллик содир бўлди, сиз билан суҳбатлашишимиз керак, келинг” деди. Шунда мен ўзимни Олий Мажлис депутати эканлигимни, дахлсизлик ҳуқуқим борлиги ва ишларим кўплигини айтдим. Агар жиноятни очиш учун ёрдамим керак бўлса ўзимга қулай бўлган вақтни белгилаб, келишларини сўрадим. Уларга йўқ дейишим ҳам мумкин эди. Халқ манфаатини кўзлаб ҳаракат қилаётганда бошқа тизимлар томонидан босим бўлиши мумкин, буни ҳимоя қилиш учунгина дахлсизлик берилади. Дахлсизлик шахсий манфаатлар учун берилмайди.

Депутатнинг асосий вазифаси бу бюджет. Бюджет иқтисодий, сиёсий ижтимоий асосларга эга бўлган ҳужжат.  Олий мажлис, вилоят ёки туман-шаҳар депутати бўладими депутат асосан бюджет қабул қилиш учун сайланади. Биз бюджетдан чиқиб кетаётган пулларнинг назорат механизмини такомиллаштиришимиз керак.  Ана ўшандагина бизнинг жамиятимизда ғазна ўғирлиги камаяди. Солиқлардан ва бошқа тўловлардан йиғилган пуллар тўғри сарфланади.

Депутат бўлмоқчи бўлган ёшлар аввало билимли бўлиши керак. Ва яна фаросат ҳам жуда муҳим. Агар билимингиз яхши бўлса ва сиёсатга қизиқсангиз депутат бўласиз. Ҳамма соҳада ҳам яхши ёмон бўлади аммо халқ ёмон одамни сайламайди. Шу жамиятнинг тақдирига ҳисса қўшадиган одамни сайлайди. 

Алишер Ҳамроев, Олий Мажлис депутати

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Канада 10 000 мусулмон уйғурни кўчиришни таклиф қилмоқда

671 22:10 02.02.2023

Самарканд Эрон ва Мовароуннаҳрнинг форс тилли шоирлари шеърларида

301 21:35 02.02.2023

Масхаралашми ёки сўз эркинлиги?

480 21:07 02.02.2023

Юрагини бўйсундиролмаётган аёл

900 20:05 02.02.2023

Тазйиқ ва қўрқув: Моди даврида ҳиндистонлик мусулмонлар ҳаёти

664 18:45 02.02.2023

Қуръон сура ва оятларини кириллчада ёзиб ёдласа бўладими?

1454 17:20 02.02.2023
« Орқага